Яқин-яқинларгача маданий ҳаётда, Шарқ халқлари азалдан қолоқ бўлган, уларнинг Европага таъсир этгудек ҳеч нарсалари йўқ, деб келинар эди. Шарқ маданиятига паст назар билан қараш, айниқса, «европоцентризм» тарафдорлари орасида кучли бўлган; унинг акс-садоси ҳалигача давом этиб келмоқда. Аммо жаҳон тараққийпарвар олимлари бу ҳолни инкор этиб, илдизи асрларга кетган қадимги ва Ўрта аср Шарқ маданияти ютуқларини кундан-кунга, тобора теранроқ далилламоқдалар.
Илғор Шарқ тараққийпарварлиги, айрим тадқиқотчилар айтганларидек, «Осиё дарёлари каби қумликларга сингиб кетиб, ўз қобиғидан чиқолмай, ном-нишонсиз йўқолган» (Б.Чалоян. «Восток-Запад», М., «Наука» нашриёти, 150-151-бет) эмас. Аксинча, бу улкан маданият умумбашарий цивилизацияга қўшилиб, унинг узлуксиз ривожига омил бўлди, турли алоқа воситалари орқали Fарбга ўтиб, янги Европа тафаккур тараққиётига таъсир кўрсатди.
Етти аср давомида Араб халифалиги қўл остида турган Испаниянинг Қуртуба, Шивилия, Ғирнота вилоятларида Шарқ илм-маърифати кенг қанот ёйди. Испан қироллари араб тилини мукаммал билар, ўз саройларида араб шоирлари ва олимларини сақлар, барча испан зиёлилари арабий таълим олиб, шарқона урф-одат руҳида тарбияланар эди. Европалик толиби илмлар Дамашқ, Қоҳира, Искандария сингари марказий Шарқ шаҳарларига бориб таҳсил кўрганлар. Ўз навбатида, шарқлик мударрислар ҳам Испания, Италия, Франция шаҳарларини кезиб, дарс берганлар (И.Крачковский. «Избранные сочинения». 2-том, 476-бет). Зеро, у замонларда тараққиёт эътибори билан, Fарбий Европа Шарққа нисбатан бирмунча орқада бўлган. Туркистон, Хуросон, Эрон ва Араб олами шаҳарларида минглаб талабали мадрасалар, ҳар бири юз минг ва ундан ҳам ортиқ китобларга эга «хазинат ул-ҳикма» (кутубхона), «дор ул-илм»лар, қанчадан-қанча фан-маърифат даргоҳлари ишлаб тургани ҳолда, Европа соборларида бармоқ билан санарли диний китоблар сақланган, холос. Жумладан, йирик мутахассислардан Адам Мец шундай қиёсни келтиради: IX-X асрларда мусулмон мамлакатларида, давлат кутубхоналаридан ташқари, умумнинг фойдаланишига топширилган шахсий «хазинат ул-ҳикма»лар жуда кўп эди, китобсеварлар ҳисобига-ку етиб бўлмасди. Биргина Қуртуба ҳокими Ал-Ҳаким кутубхонасидаги китоблар рўйхатининг ўзи 44 жилдни ташкил этган; халифа Ал-Азиз хазинасида эса 120 минг жилд китоб сақланган. Ҳолбуки, IX асрда Франциянинг Констанц шаҳри кутубхонасида 356 дона, 1032 йили Бенедиктбеуренд шаҳрида 100 дона, 1130 йили Бамбергдаги жоме(собор)да атиги 96 дона китоб бўлиб, уларнинг ҳам асосий қисми диний адабиётлар эди (Адам Мец. «Мусульманский Ренессанс», М., «Наука» нашриёти, 146-бет).
«Европалик бирорта халқ ёзувни ўзи кашф этган эмас»
Гётенинг устози, жаҳон тамаддун (маданий тараққиёт) тарихини яхлит ўрганиб, ҳар бир халқнинг башарият тафаккур тараққиётига қўшган ҳиссасини холисона баҳолаган Г.Гердер қуйидагиларни ёзади: «Ўша пайтда жаҳолат чангалидаги Европанинг кўпгина қисмида араблар илм чироғини ёқдилар... Европалик бирорта халқ ёзувни ўзи кашф этган эмас: испанлар ёзуви ҳам, шимолий орамий ёзуви ҳам Осиёдан олинган...» (Г.Гердер. «Идеи к философии истории человечества». М., «Наука» нашриёти, 473-477-бет). Европа Шарқдан саводхонликни, аниқ фанлар ва уларни эгаллаш усулларини, деҳқончилик, чорвачилик илмларини, денгизда сузиш ҳунарини, ҳарбий техникани ўрганиб олди. Шарқ халқлари ғарблик биродарларига қадим замонлардаёқ тасвирий санъат ва архитектура, шеърий санъатни ҳам инъом этганлар. Шарқлик савдогарлар илк бора Осиё билан Европа ўртасидаги тижорат йўлларини очганлар. «Шарқликлар алгебрани дунёга келтирдилар, - деб давом этади Г.Гердер, - инсон қўлига табиат сирларини очмоққа калит тутқаздилар... физиканинг барча бўлимларини шу калит ёрдамида очдилар ва бу калит асрлар давомида амалда қўлланиб келинмоқда». Олим яна таъкидлаб айтадики, «Шарқда қаламга олинган китоблар (яъни, илмлар)нинг саноғига етиб бўлмасди. Биргина Самарқандда битилган «Зиж» (Улуғбекнинг астрономик жадвали назарда тутилади - Н.К.) то ҳануз инсониятга садоқат билан хизмат қилиб келмоқда. Рақамлар, барча ҳисоб усуллари, наботот илми, доришунослик, жавоҳирот, механика соҳасидаги кашфиётлар, хуллас, башариятга зарур барча фанларда тўпланган бениҳоя улкан тажрибани европаликлар Шарқдан олдилар...» (юқоридаги асар, 572-575-бет).
Христиан олимларни ларзага келтирган таржималар
Шарқ маданиятининг Европага кўчишида таржиманинг роли шубҳасиз катта бўлган. Араб тилида битилган илмий адабиётларни лотин тилига ағдариш XII асрдан бошлаб авж олган. Кейинчалик бу адабиётларни испан, француз, кастил тилларига таржима қилиш ҳам кучайган. Толедо ва Болоня шаҳарлари ўша давр таржимачилигининг йирик марказларига айланган. Бу шаҳарларда ўзаро рақобатга киришувчи алоҳида-алоҳида таржима мактаблари шаклланиб, гуруҳ-гуруҳ таржимонлар бир неча йиллар давомида арабча китобларни Европа тилларига ўгириш билан шуғулланганлар. Ҳатто, Толедо соборида махсус таржимонлар тайёрлайдиган ўқув юрти ҳам очилган. Толедода амалга оширилган таржималар «христиан схоласт олимларини ларзага келтирди», дейди испан шарқшуноси Менендес Пидал (Роман Менендес Пидаль. «Избранные произведение». М., «Иностранная литература» нашриёти, 483-бет).
«Ғарбда ҳам... қўл ювадиган бўлдилар»
Салиб юришлари (XII аср) қатнашчилари мусулмон ўлкаларини, айниқса, Яқин Шарқни босиб олиб, Байт ул-муқаддасни «озод қилиш» баҳонасида талончилик билан шуғулланганлар. Баъзи тадқиқотчилар салибчилар юриши Европа учун ижобий ҳодиса деб баҳоласа (Шарқ маданияти намуналари Европага олиб кетилди), баъзилари буни салбий ҳодиса деб баҳолаганлар. Чунончи, атоқли файласуф Ф.Ницше бундай ёзади: «Христианлар антик маданият ҳосилини нобуд қилдилар; кейинчалик улар ислом маданияти меваларини ҳам яксон этдилар. Испаниядаги ажойиб араб маданий дунёси, аслини олганда, Юнонистон ва Римга қараганда бизга яқинроқ ҳамда ҳисларимиз, дидимизга хуш ёқадиган эди... Ана шу маданият оёқости қилиб, йўқотилди... Нега? Чунки бу маданият руҳан мардона ва олижаноб ҳислар билан тўлиқ эди... Кейинчалик салибчилар бу маданиятни йўқотишга киришдилар, ҳолбуки, улар бу маданият қошида мук тушиб, таъзим қилишлари керак эди. Зеро, бу маданият ҳатто бизнинг ҳозирги XIХ аср маданиятимизга қараганда ҳам ёрқинроқ ва жозибалироқ эди» (Ф.Ницше. «Собрание сочинений в двух томах». М., «Рипол-классик» нашриёти, 693-694-бет).