Уч қутбдан бири


  • 27 Февраль, 2012
  • 1856

Аввал хожа сўзи ҳақида. Хожа — тариқат машойихларига бериладиган унвон. Хожа унвони илк бор Юсуф Ҳамадоний ҳазратга берилган. Бу унвонга эга бўлганлар: Хожа Абдулхолиқ Ҳиждувоний, Хожа Аҳмад Яссавий, Хожа Муҳаммад Саммосий, Хожа Баҳоуддин Нақшбанд, Хўжа Аҳрор Вали ҳазрат ва бошқалар.

Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг асл исмлари Хожа Убайдуллоҳ ибн Хожа Маҳмуд ибн Хожа Шаҳобиддин Шоший. 1404 йил Тошкентнинг ҳозирги Бўстонлиқ туманида, Боғистон қишлоғида таваллуд топганлар. Шажаралари она тарафдан машҳур Шайх Хованд Таҳурга бориб тақалади. Тошкент ва Самарқанд мадрасаларида таҳсил олганлар. Ҳиротда тасаввуф илмини эгаллайдилар. Хожа Баҳоуддин Нақшбанднинг шогирди Яъқуб Чархийдан тариқат асосларини ўрганадилар. У зотдан иршод олиб муршиди комиллик мақомига етгач, Тошкент ва Туркистон атрофларида машҳур бўлдилар. Нақшбандия тариқати давомчиси сифатида машҳур бўладилар ва валий, яъни авлиё деб таниладилар. Тақволарининг зўрлигидан «Аҳрор», яъни «ҳур, озод» номига эга бўлдилар. Бу номга уч хил асирликдан халос бўлган зотларгагина берилган: ҳайвоний ҳис-туйғуларни енгиб олган, ўзининг барча хоҳиш иродасидан воз кечиб, фақат Аллоҳу таолонинг иродасигагина бўйсунган, турмуш кечиришнинг барча расм-русумларидан воз кечиб, илоҳий нурга чўлғанган зотларга.

Мусулмон оламида 356 авлиё ўтган деб ҳисобланади. Шулардан фақат учтасигагина «қутб ул ақтоб» унвони берилиб, «Улуғ даражага етган авлиё» деб ҳисобланган. Хўжа Аҳрор Вали ҳазрат ана шу уч «қутб ул ақтоб» дан биридурлар.

Хўжа Аҳрор Вали ҳазрат беқиёс иқтисодий ва сиёсий қудратга ҳам эга бўлганлар. Сабаби, у зот жуда кўп ерларга эгалик қилганлар, бойликлари ҳам жуда катта бўлган. Фақат Мавороуннаҳр эмас, нариёғи Ҳиндистонгача бўлган барча ўлкаларда савдо-сотиқ ишларини йўлга қўйганлар. Топган даромадларидан эл-улуснинг солиқларини тўлаб юборар эканлар, ёрдамга муҳтож кишилар, оилалардан доимо хабардор бўлар эканлар.

Гарчи соликларнинг одати давлат ва сиёсат ишларига аралашмаслик бўлса-да, бу анъанани бузган Хўжа Аҳрор Вали ҳазрат Амир Темур ҳазратнинг давлати парокандаликка юз тутган даврда яшаб ўтганлари боис, қолаверса, амирлар, шаҳзодалар ўртасида жуда катта нуфузга эга бўлганлари боис ҳар хил можароларни, катта-катта урушларни, шаҳзодалар орасидаги низоларни бартараф этиш масалаларида бу ишларга аралашар эдилар ва ўз нуфузлари билан кўплаб қон тўкилишларининг олдини олар эдилар.

Хўжа Аҳрор Вали ҳазратни кўп подшолар, шаҳзодалар, шунингдек, Алишер Навоий ҳазрат, Жомий ҳазрат ва Мирзо Бобур ҳазратлар ўзларининг маънавий пирлари, устозлари деб ҳисоблашганлар.

Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг адабий мерослари ҳақида. Ул зотнинг уч рисоласи бизгача етиб келган. Биринчиси «Фақарот ул орифин» («Орифлар сўзларидан парчалар»)да тасаввуф намояндаларининг фикрлари берилган. Иккинчиси оталарининг тавсиялари билан ёзилган «Рисолайи волидийя» («Оталар китоби»)да тариқатга кирган кишининг одоблари баён қилинган. Бу китоб жуда машҳур бўлиб Жомий ҳазрат, Навоий ҳазратлар бу китобга юқори баҳо берган бўлсалар, Бобур ҳазрат бу асарни шеърий йўлда туркий тилга таржима қилганлар. Учинчиси «ҳавроийя» китоби бўлиб, машҳур шоир Абу Саъид Абулхайрнинг «ҳавро...» — «ҳурлар...» деб бошланувчи гўзал бир рубоийси шарҳига бағишланган. Бундан ташқари Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг подшолар, уламолар, шоирлар билан алмашган мактублари ҳам сақланган. Бу хатлар 2002 йилда Голландияда нашр қилинган.

Энди Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг зиёратгоҳлари ҳақида. «Хўжа Аҳрор мажмуаси» деб ном олган, Самарқанднинг жанубидаги Улуғбек қишлоғидаги бу зиёратгоҳда 1490 йилда вафот этган Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг қабрлари ва бу қабр атрофидаги у кишининг яқинлари ва шогирдларининг қабрлари жойлашган. XV асрдан то XX асргача ўтган даврда бу ерда Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг мухлислари томонидан Регистондаги Шердор мадрасасидан нусха олинган маҳобатли «Нодир Девонбеги» мадрасаси, иккита серҳашам айвон, жомеъ масжиди ва олти қиррали минора барпо қилинган. Мажмуа марказида катта, саккиз ёқли ҳовуз бор.

Қабр тошлари орасида Хўжа Аҳрор Вали ҳазратга қўйилган каттакон оқ мармар тош ажралиб туради. Унга араб тилида ҳазратга бағишланган марсия ёзилган.

Хўжа Аҳрор Вали ҳазратнинг зиёратгоҳлари бутун Ислом оламида табаррук зиёратгоҳлардан саналади ва бу ерда ҳар доим турли давлатлардан ташриф буюрган зиёратчиларни учратишингиз мумкин.

К.Тўрамуродов


Бошқа мақолалар