Уятсизликдан уялмайсизми?


  • 5 Апрель, 2012
  • 2077

«Уят ўлимдан қаттиқ» деган мақол бор эди. Кейинги пайтда бу ҳақда гўё ҳамма унутгандек. Сезяпсизми, борган сари УЯТ деган туйғудан ҳам йироқлашяпмиз ҳеч уялмай… Ҳаё иймоннинг баркамоллигидан келиб чиқадиган хулқ эканини назарда тутсак, киши иймонининг бақувват ёки заиф эканини унинг ҳаёси, ундаги уят ҳисси белгилаб беришига амин бўламиз.

Экканимизни ўряпмиз…

Инсонда уят ҳисси икки хил бўлади: туғма ҳаё ва ҳаёт давомида орттирилган ҳаё. Туғма ҳаёнинг энг гўзал намунаси кичик ёшли гўдакларда жуда соф тарзда намоён бўлади. Атрофдагиларнинг ортиқча эътиборидан, меъёридан ошган эркалашларидан гўдакнинг митти юзчалари қизаради, ҳали онги тўлиқ шаклланмаган бўлса-да, яхши-ёмонни фарқлай олмаса-да, у ёқ бу ёғини ёпиш, яшириш ҳаракатига тушади, уялганда юзчаларини яширади. Шу ўринда бир ёқимсиз ҳақиқатни айтишга мажбурмиз. Гўдаклардаги маъсумликни, ҳаёни биз катталар ўзимиз сезмаган ҳолда аста-секин йўққа чиқарамиз. Оддий мисол, жажжи қизчаларга дўмбоққина оёқчаларини, момиқ елкаларини кўз-кўз қилиб турадиган калта ва енгсиз кўйлакчалар кийдиришни яхши кўрамиз. Бунақа либосларга ўрганган қизалоқни улғайганда сипо либосларни кийишга кўндириб бўпсиз! Чунки жуда кичиклигидаёқ ундаги уят ҳиссини ўзингиз ўлдириб бўлгансиз. Унда гўдаклигиданоқ очиқ-сочиқ юришга кўникма пайдо қилгансиз, у энди баданини очиб юришдан уялмайди. Агар бунинг аксини қилганингизда эди, туғма ҳаё ҳисси унда бир умрга сақланиб қолган ва сиз кун келиб бўй етган қизингизнинг бу қадар уятсизлигидан уялиб ўтирмаган бўлардингиз.

Яна бир мулоҳаза. (Бу фикрларимиз ўзини «современний» санайдиган кишиларга ёқмаслиги тайин. Аммо биз ўзбекмиз, дунёга ҳаёдан сабоқ берган, маънавиятга бешик бўлган Шарқнинг одамимиз. Шунинг учун шарқона тарбияга тўғри келмайдиган жиҳатлар ҳақида очиқ фикр юритишга ўзимизни ҳақли деб билдик. Фикрларимизни ёқтирмаганлар бизни маъзур тутсинлар…)

Боғча ёки мактабларда уятчан болага кун йўқ, деса ҳам бўлади. Уятчанлиги туфайли ўзидаги бор иқтидор ёки билимини ҳадеганда намоён қилолмайдиган болаларни айрим тарбиячи-ю ўқитувчилар ва тенгқур дўстлари уялмасликка даъват этишдан чарчамайдилар, уятни енгишнинг «сир-асрорлари»ни иштиёқ билан ўргатадилар. Уятчанликни енголмаган, «одам бўлмаган» бола бечораларни шаддод тенгдошлари камситиб, уларнинг устидан кулиб юрадилар. Буни кўрган болаларнинг аксарияти хулқдаги уятчанлик ва ювошликни камчилик деб ҳисоблай бошлашади. Аслида биз катталарнинг вазифаси боладаги туғма уят ва ҳаёни ҳаётнинг паст-баландларида, турмушнинг аччиқ-чучукларида йўқотмасликка, уятсизликдан ҳазар қилишга ўргатиш эмасмиди?

Маълумки, барча болалар боғчаларида турли анъанавий тадбирлар ўтказилади. Бу тадбирларнинг тарбиявий, маърифий аҳамиятини инкор этиш фикридан йироқмиз. Аммо кейинги пайтларда болалар боғчаларида ҳам анчайин мантиқсиз тадбирлар ўтказиш урфга кириб қолганга ўхшайди. Мисол учун, «Боғча гўзали» тадбири… Бу тадбирда қизчаларнинг сочларини ёйиб, «замонавий либос» деб номланувчи алламбало (аксарияти бола терисига зиён етказадиган синтетик матолардан тикилган, ноқулай) либосларни кийдириб, турли шартларни бажартириб, «Боғча гўзали» танланар экан. Бир боғчада шундай тадбирга гувоҳ бўлиб қолдик. Боғча опалар қизчаларни катталарга тақлидан пардоз қилдириб, косметик воситалар ёрдамида бўянтириб (бу бўёқларнинг бола юзига зиёни борасида ўйлаб ўтирадиган одамнинг ўзи йўқ, шекилли), табиий гўзал сочларини электр токида қиздириладиган қисқичларда сунъий жингалак қилиб, европача либосларни кийдириб саҳнага олиб чиқдилар. Ҳали уят туйғуси сўниб улгурмаган бир қизалоқ саҳнада ўзини йўқотиб қўйди. Кўпчиликнинг олдида ҳаяжонланганидан эмас, боғча опаси яратган янги «имидж»идан хижолат бўлди. Юзлари лавлагидай қизариб, саҳнадан йиғлаб тушиб кетди…

Хўш, қизалоқларга жуда кичиклигиданоқ гўзаллик ҳақида нотўғри тушунча беришдан, уларга ўз чиройини саҳнада кўз-кўзлашни ўргатишдан мақсад нима? Бунинг ўрнига Шарқ аёлларининг азалий ахлоқ-одоблари ҳақида ҳикоя қилиш, унутилаёзган ахлоқий қадриятларнинг моҳиятини тушунтириб, болаларда ҳаёга ҳавас уйғотиш керакмасми?

Ўзимиз катталарга тақлид қиладиган болаларнинг қилиқларини олқишлаб, завқланиб ўтирамизда, кейин улар улғайиб, бетгачопар, ҳаё, ибони эскилик сарқити деб ҳисоблайдиган, одоб масаласида анчайин қашшоқ авлод сифатида шаклланса, улардан шикоят қилишни бошлаймиз, «Ёшлар бузилиб кетяпти!» дея бонг урамиз. Аммо минг уринмайлик, уларга энди бизнинг насиҳатларимиз, койишларимиз кор қилмайди.

Кийим-кечак дўконида ёши элликларга борган аёл бўй етган қизи билан кўйлак танлашаётган экан. Она қизи танлаган кўйлакларни ёқтирмади, қизининг калта ва енгсиз кийимлар кийишига қарши эканини айтган эди ундан нақ балога қолди. Шаддодгина қиз кўпчиликнинг олдида онасини жеркиб, силтаб ташлади ва дўкончи йигитга калта, енгсиз, ҳарир кўйлакни узатиб:

- Онам айтаверадилар, мен шуни оламан, ўраб беринг, – деди қатъий. Она жуда мулзам бўлди. Улар нари кетишгач, дўкончи йигит:

- Шунақа қизлардан Худо асрасин! Фалокат босиб шунақасига уйланиб қолсанг борми! – деди ёқасини ушлаб…

Гоҳида йигитлар дўппи киймай қўйди, миллий кийимлардан ор қилади, дея маломат қиламиз. Ахир ўзимиз уларнинг кичиклигида кийиб олган дўппиларини бошларидан юлиб олиб, «Чолларга ўхшаб дўппи киясанми энди?» деб силтамаганмидик? Ўзимиз «Сен ўғил боласан, трусикда юравер, уялма» деб, ҳатто иштонсиз юрса ҳам «Яшанг, ўғил бола!» деб эркалатмаганмидик? Болалигиданоқ хориж кийимларига интилиш ва ҳавасни унинг кўнглига ўзимиз солмаганмидик? Кеча битта трусикда юрган бола бугун шорти кийишдан уялмаса, дод соляпмиз. Ахир энди у (бир юмалаб) ҳаёли, иболи кимсага, миллий кийимларимиз тарафдорига айланиб қолмайди-ку! Сувни бошидан лойқалатган ўзимиз эмасми?

«Ҳамма гап тарбиячининг қай даражада тарбияли эканида», деган эди Сухомлинский. Аслида яхшироқ ўйлаб қаралса, биз экканимизни ўряпмиз, холос…

Дилфуза КОМИЛОВА


Бошқа мақолалар

  • 2017-06-16
Учрашув