- 2014-05-08
Кунда-кунора дунёнинг қайсидир бурчагида террорчилик ҳаракати содир этилганлиги ҳақидаги хабар қулоққа чалинади. Хўш, бу балоларнинг келиб чиқиши нималарга бориб тақалади? Атрофимизда кимлар бор, улар қандай ниқоблар остида инсонларни ўз домларига илинтиришмоқда?
Ҳаммамиз ҳам фарзандларимизнинг яхши инсон бўлиб етишишини, уларнинг камолини кўришни истаймиз. Лекин уларнинг ўз-ўзидан яхши инсон бўлиб етишишларига ҳеч ким кафолат беролмайди. Чунки боламиз чимилдиқ ичида эмас, балки атрофини ўраб турган маънавий, руҳий, моддий реал оламда, турли инсонлар таъсирида яшайди, ўсади.
Инсон туғилибдики, доимо комилликка интилади. Бу интилиш туғилганидаёқ унинг қалбига муҳрланади. У доимо кимдандир нажот кутади, ўз ҳимоячиси борлигига ишонади. Ҳаттоки энг разил кимсалар ҳам ўта оғир вазиятга тушганида беихтиёр Яратганга илтижо қилади. Чунки унинг дилида барибир Худога интилиш бўлади. Фақат буни англаб етиши ёки етмаслиги унинг руҳияти, қандай муҳитда улғайганлигига боғлиқ. Айнан мана шу интилиш инсон эътиқодини ташкил этади. Мана шу орқали ҳар бир инсон қайсидир динга эътиқод қилади ва тўғри йўлни танлаганлигига ўзини ишонтиради. Аммо бир нарсани айтиш керакки, инсонларнинг руҳий ҳаловат топиш учун тақводорликка интилиши айрим қабиҳ ниятли кимсаларнинг улардан ўз манфаатлари йўлида фойдаланишлари учун айни муддао бўляпти. Бирор нарса ҳақида мукаммал тушунчага эга бўлмаган одам ўзидан билимдонроқ кишининг сўзларига ишонади, унинг ҳар бир сўзини мутлақ ҳақиқат, рад этиб бўлмас ақида деб қабул қилади. Айнан мана шу нарса ёшлар ва содда кишиларнинг онгини «коса тагида нимкоса» тарзидаги ғоялар билан тўлдиришнинг энг осон йўлидир.
Ўқувчиларимиз фикримизни янада равшанроқ англаши учун ўтган асрда айнан тушунмовчилик туфайли разил одамларнинг алдовига учиб, қурбон бўлганлар ҳақида ҳикоя қиламиз.
Руҳоний Жимнинг қилмишлари
Ўтган асрнинг 70-йиллари бошида америкалик Жим Жоунс ўз таркибига мингдан ортиқ манқуртга айлантирилган кишиларни бирлаштирган дин ниқобидаги оқим тузган эди. У ўз муридлари устидан ҳам руҳий, ҳам жисмоний жиҳатдан ҳукмронлик қиларди.
Бир куни у ер юзида даҳшатли ядро уруши бўлишини башорат қилди ва қўл остидагиларга урушдан сўнг фақат иккита шаҳар – Юкайа (Калифорния) ва Белу-Оризонте (Бразилия) омон қолишини айтди. Шунинг учун у ва унинг ортидан эргашганлар Юкайага кўчиб кетишди ҳамда ядро урушини кута бошлашди.
Учинчи жаҳон урушини кутиб тоқати тоқ бўлган Жим ўз гуруҳи билан Сан-Францискога кўчиб ўтди. Бу ерда у оммавий тадбирларда фаол иштирок этди, уй-жой масалалари бўйича палата вакили бўлди, ҳатто ҳукуматнинг мукофотига ҳам эришди. Мана шу ерда у биринчи марта ирқчилик ва фашизмга қарши норозилик маъносида оммавий равишда ўз жонига қасд қилиш маросимини ўтказди.
1977 йилга келиб унинг ҳаракатлари янада шафқатсиз ва тушунарсиз тус олди. Жим оқим аъзолари билан Гайанага кўчиб келди. Чангалзорлар ичида у Жоунстаун шаҳрига асос солди. 1978 йил ноябрида конгрессмен Лео Райан ҳукумат илтимосига биноан бир неча кишилик текширувчилар гуруҳи билан Жоунстаунга келди. Бунга сабаб, кўпчилик ота-оналардан Жоунстаундаги адолатсизликлар ва Жимнинг бешафқатлиги ҳақида шикоятлар туша бошлаганди.
Гуруҳни болта кўтарган шахслар кутиб олишди. Текширувчилар бу ердан кетишга қарор қилганларида уларга эргашиб оқимнинг ўн саккиз нафар аъзоси ҳам чангалзорни тарк этди. Қочоқларни аэродром олдида Жоунснинг одамлари аёвсиз равишда отиб ташлашди.
Бир неча соатдан кейин Жим узум меваларидан шарбат тайёрлади ва унга заҳар қўшди. Биринчи бўлиб бу дўзах ичимлигини болалар татиб кўришди. Уларнинг оғизларини очиб, зўрлик билан заҳарни ичирдилар. Бир соат ичида Жоунстаундаги 260 нафар боладан бирортаси ҳам тирик қолмади. Энди навбат катталарга келди. Кимдир заҳарни ўз хоҳиши билан ичди, ичмаганларни эса отиб ташладилар. Жоунснинг қандай тарзда вафот этганлиги номаълумлигича қолди. Бир куннинг ўзида мингга яқин киши ҳаётдан кўз юмди.
Ушбу воқеадан кейин ҳам шов-шувлар тинмади. Жоунснинг муридларидан бири ўз фарзандларининг бошларини узиб ташлади. Оқим ҳақида янги маълумотларни айтиш ниятини билдирган яна бир аъзо эса Калифорнияда номаълум шахслар томонидан отиб ташланди.
Жоунстаундаги жасадлар Оклендга келтирилди. Улардан 409тасини ота-она ва қариндошлари танидилар. Жасадлар шаҳар қабристонига дафн этилди. Қолган жасадлар эса куйдириб юборилди. 1980 йилда Жоунстаунга махсус комиссия келди. Лекин бу ерда култепадан бошқа ҳеч нарса қолмаганди.
Ҳар йили 18 ноябрда Окленд қабристонига жуда кўпчилик тўпланади. Улар 260та гўдак қабрларига гуллар қўядилар. Бу гўдаклар ичида энг ёши - туғилганига эндигина тўрт кун бўлган қизалоқ эди...
Африкадаги олов даҳшати
Уганда фуқароси Кристина Каперега унинг ота-онаси ва ўн беш нафар қариндоши оммавий равишда ўзига ўт қўйиш қурбони бўлганини айтишганида, у анчагача бу гапга ишонмади. Угандада ақл бовар қилмайдиган даҳшатли фожеа юз берганди. «Тангрининг ўн буйруғини тикловчилар» деб номланган гуруҳнинг олти юздан ортиқ аъзолари черковлардан бирида ўз жонларига қасд қилгандилар.
Канунгу шаҳри аҳолисининг айтишича, ўша куни тонгда шаҳарга жуда кўп одам келган. Тушга яқин улар ва гуруҳ аъзолари оқ, яшил ва қора кийимлар кийиб, черковга тўпланишган. У ерда уч соат давомида қўшиқ куйлашган ва ибодат қилишган. Сўнгра барча эшик ва деразаларни зичлаб ёпиб, бинонинг ичига бензин сепиб, ўт қўйишган. Бир неча дақиқа давомида ёрдам сўраган қичқириқлар эшитилиб турган, сўнг тез орада жимлик чўккан. Полициянинг айтишига кўра, бу ерда беш юздан етти юз нафаргача киши ҳалок бўлган. Энг даҳшатлиси, юзга яқин болалар ҳам қурбон бўлишган. Эртаси куни бульдозер келиб, куйиб кул бўлган черков қолдиқлари ва жасадларни чуқурга суриб, кўмиб ташлади. Угандадаги католик черкови руҳонийси бу қурбонлар тўғри йўлдан адашган инсонлар эканлигини, шунинг учун ҳам улар қабрга қўйилмасликларини эълон қилган.
Бу даҳшатли маросимнинг ташкилотчиси Жозеф Кибетере исмли шахс эди. Собиқ католик «руҳоний»си бир неча йил илгари ўз «қавми»ни ташкил қилган ва бу қавм аъзолари ўз мол-мулкидан воз кечишлари ҳамда бошлиққа сўзсиз бўйсунишлари лозим эди. Шунингдек, маросимдан олдинроқ Кибетере гуруҳ аъзоларига ўз уй-жойларини сотиб, пулини унинг қўлига беришларини буюрганди. Балки шунинг учун ҳам собиқ «руҳоний»нинг на жасади, на бирон-бир буюми топилган – бунча пулни олгач, у ўз жонига қасд қилмаслиги тайин, чунки мўмайгина пулга анча йил бел оғритиб ишламай умргузаронлик қилиш мумкин эди. Ўша даҳшатли кунда ҳам уни шаҳарда ҳеч ким кўрмаган. Мазкур воқеа мамлакат ҳукуматини вазиятни тўғри баҳолашга мажбур қилди ва ички ишлар вазири Амама Мбабази қуйидаги сўзларни айтди: «Менимча, сўнгги ҳодиса турли дин ниқобидаги гуруҳлар ва қавмлар масаласини қайта кўриб чиқиш зарурлигини исботлади, токи оддий фуқаролар ҳаётини сақлаб қолишга имкон бўлсин».
«Тангрининг ўн буйруғини тикловчилар» гуруҳи расмий равишда Угандада 1997 йилда рўйхатга олинган, лекин у ўз фаолиятини 90-йилларда бошлаган. Унинг аъзолари 2000 йилда қиёмат юз беришига ишонишар ва фақатгина ўзларини қурбон қилибгина ундан сақланиш мумкинлигини таъкидлашарди. Кибетередан илгари Алиса Ланквене «Муқаддас Руҳ Ҳаракати» ташкилотини тузганди. Бу ташкилот жангари йўналишда эди. Унинг аъзоларига «ўқдан ҳимоя қилувчи» суюқлик бериб, пойтахт Кампалани қўлга олиш учун жўнатишганди. Бунинг оқибатида эса юздан ортиқ «ўқ ўтмас» кишилар ҳалок бўлган.
1999 йили «қиёматга тайёргарлик кўраётган» бир нечта гуруҳлар тугатилди. Куз ойида бир ярим минг киши ўз жонига қасд қилаётганда тўхтатиб қолинди. Улар «Дунё черкови» деб ном олган гуруҳ аъзолари эди.
Жозеф Кибетеренинг номи яна эшитилиши мумкин. Чунки унинг «қавми» Танзания, Кения, Бурунди ва Руандада ҳам мавжуд. Бу мамлакатлар ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари ўз фуқаролари ҳақида қайғурмасалар, қурбонлар сони ортиб бораверади.
Диндорми, тадбиркорми?
Саентология сектасининг асосчиси Лафаетт Рональд Хаббард шундай деган эди: «Бойиб кетишни истасанг, янги дин ўйлаб топ».
Нижегород университети доценти, психолог Е.Волков секталар ҳақида «Сектанинг асосий белгилари - ёпиқ тўгарак, махсус жаргон, танланганлик ҳисси, ҳақиқатни ўзича қабул қилишдир», деб ёзади. Мантиқ ҳам айнан мана шунда. Бундай «бизнес»ни қуйидагича ифодалаш мумкин: аслида йўқ, исботланмаган нарсани сотиш. Масалан, шоколад кўринишидаги пластилинни «бу шоколад» деб сотиб бўлмайди, аммо жаннатни ёки ҳаётдаги муваффақиятни пул эвазига ваъда қилиш мумкин. Айримлар учун бу жуда яхши «бизнес»дир. «Инсон ҳаётини яхшилаш йўлида бериладиган ваъдалар тасдиғини топмаган бўлса-да, бунга одамларни ишонтириш, уларни ўз йўлига солиш ва ҳаёти яхшиланаётганлигига ишонтириш мумкин», - дейди доцент.
АҚШда содир бўлган террорчилик воқеаларидан сўнг «Трансцендентал медитация» тижорат мактабининг асосчиси Махариши Махе Йоги матбуот анжуманида ҳарбий тўқнашувлар юз бераётган ҳудудларга 40 минг нафар «учар йоглар»ни жўнатиш учун 1 миллиард доллар пул йиғишини эълон қилди. Йоглар «учиш» жараёнида бу ҳудудларда аллақандай майдон ҳосил қилиб, барча муаммоларнинг ижобий ҳал этилишига ёрдам беришаркан. Аслида, инсон уча олмайди. Аммо «учар йоглар» ўзларининг уча олишларига ишонишади.
Шундай қилиб, энг асосий воситалардан бири ишонтиришдир. Ана шу тарзда фирибгарлар ўз «дин бизнеси»ни ривожлантиришади.
Албатта, ҳар бир диннинг асосида эътиқод ётади, лекин дин ёки эътиқод сотилмайди. Ҳеч қайси динда одамларни алдов ёки қўрқитиш йўли билан динга даъват қилинмайди. Лекин янгидан-янги диний секталар ҳақида бундай дейиш нотўғри. Масалан, бирлашув черкови (мунити) вакиллари ўзларини қандайдир талабалар ташкилоти аъзолари деб таништиришади (яъни, дастлаб ўз мақсадларини яширишади).
Динлар ва диний оқимлар ўртасида катта фарқ борлигини ёдда тутиш лозим. Айрим шахслар ўз манфаатлари йўлида динни ниқоб қилиб олиб (инсон ҳаётидаги энг таъсирли воситалардан бири айнан диндир), ишонувчан одамлардан устомонлик билан фойдаланишларини ҳаммамиз кўриб турибмиз.
Е.Волковнинг фикрича, диндан бизнес ёки ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш тўрт хил кўринишда бўлади. Биринчиси - руҳий хизматларни таклиф этиш. Иккинчиси - бизнесда қудратга эришиш учун диндан фойдаланиш. Учинчиси - эътиқод қўйган кишилардан пул йиғиш. Тўртинчиси - жиноят олами вакилларининг пул топиш ва ҳокимиятга эришиш учун диний секта ташкил этиши.
Саентология черковининг эътирофича, унинг аъзолари дунё бўйича 8 миллион кишини ташкил этади (мустақил экспертларнинг маълумотига кўра, 800 минг нафар). Бу дин ниқобидаги тузилма дунёдаги энг бой секталардан биридир: унинг маблағи 2 миллиард доллар, йиллик даромади 500 миллион доллар. Хаббард саентологияни соф тижорат корхонаси сифатида кўришини ҳеч қачон яширмайди, буни унинг қуйидаги сўзлари ҳам исботлайди: «Пул топинг, пул топинг, кўп пул топинг, ундан ҳам кўп пул топинг, бошқаларни ишлашга мажбур қилинг, улар сиз учун пул топишсин!». Саентологларни жосуслик ва жисмоний зўравонликда айблашади. Улар бу айбловларни рад этиш мақсадида адвокатлар учун йилига 60 миллион доллар сарфлайдилар.
Германия махфий полицияси 1994 йилдан буён саентология черковини ўз назорати остига олган (бу қарор Германия ички ишлар вазирлигининг йиғилишида ушбу ташкилотнинг фаолияти асосида иқтисодий жиноятчилик ётганлиги билдирилганидан сўнг қабул қилинган). 1996 йилда Лион судида ушбу шаҳар саентология черкови раҳбари ва унинг ёрдамчилари одамларни ўз-ўзига суиқасд қилишга мажбурлаш, товламачилик ва молиявий фирибгарликда айбланиб ҳибсга олинган.
Дунё бўйлаб ўта жадал суръатларда ўз фаолиятини ривожлантираётган секталардан яна бири «Иегова шоҳидлари» ҳаракатидир. Бу ташкилотнинг «Уйғониш» ва «Қўриқчилик минораси» нашрлари ҳар ойда 20 миллион нусхада нашр этилади ва бутун дунё бўйича секта аъзолари ёрдамида бепул тарқатилади.
«Шоҳидлар» дунёдаги энг бой секталардан биридир. Бруклинда бу сектага қарашли ўнлаб бинолар мавжуд. Европада бу сектани бежиз диний эмас, тижорат ташкилоти деб атамайдилар. Масалан, 1999 йилда Францияда уларни 50 миллион доллар солиққа тортилган.
«Террорчини террорчи дейлик...»
Дин ниқобидаги турли ташкилот ва уюшмаларга қарши кураш кейинги ўн йил давомида Ғарбда анча кучайди. Франция, Германия, Бельгия ва Испания бу борада ўз қонунчиликларини янада кучайтиришди. Секталарнинг хавфлилиги тўғрисидаги парламент хулосаларидан келиб чиқиб, бутун Fарбда уларни тарқалиб кетишининг олдини олувчи расмий ташкилотлар тузилди. 1996 йилда Францияда руҳий тайзиққа учраган фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳақида қонун чиқарилди. Лионел Жоспен ҳукумати секталарга қарши курашувчи миссияни ташкил этди. 2001 йил мартида эса француз миллий йиғини вакиллари бир овоздан янги қонунни қабул қилдилар. Унга кўра, товламачилик, ишончни суистеъмол қилиш, ноқонуний тиббиёт ҳамда ўзини реклама қилиш билан шуғулланишда айбланган ҳар қандай секта фаолияти зудлик билан тўхтатилади. Бу секталарга мактаб, касалхона, қариялар уйлари олдида миссиялар ташкил қилиш, аъзоликка даъват этиш, шунингдек, фаолияти тўхтатилганда уни бошқа ном билан ташкил этиш тақиқланади. Ушбу қонунда жамиятга хавф туғдирувчи 170 дан ортиқ ҳаракатлар тилга олинган.
Бу дин ниқобидаги (аслида диний бўлмаган) ҳаракатларнинг баъзида яширин, баъзида ошкора тарзда уюштираётган ҳужумлари муқаддас динларнинг ҳам номи қора бўлишига сабаб бўлади. У ёки бу динни ниқоб қилиб олиб, ўз жиноий ҳаракатларини амалга ошираётганлар ўзларини эмас, балки диннинг номини ёмонотлиқ қилишмоқда. Бу ҳаракатлари орқали улар халқлар ўртасида диний адоватни юзага келтириш ва бу низолардан устомонлик билан фойдаланишга уринадилар. Россияда чоп этиладиган газеталардан бирининг мухбири шундай мулоҳазаларни билдирган: «Биз террорчиларни «мужоҳидлар» деб аташ билан Аллоҳни ва мусулмон биродарларимизни ҳақорат қиламиз. Келинглар, уларни «дин йўлида курашувчи» деб эмас, балки ўз номи билан террорчи деб атайлик». Дарҳақиқат, мусулмон инсон чумолига ҳам озор етказмайдиган, тақводор бўлгани ҳолда, «дин йўлида курашувчилар»нинг шафқатсизларча одам ўлдиришларини қандай тушуниш мумкин?
Дилшодбек Асқаров