Футболчилар ва лақаблар олами


  • 22 Июнь, 2012
  • 1755

Футбол - бу халқ ўйини. Футболни ҳақиқий спектаклга ўхшатишлари ҳам бежиз эмас. Дарҳақиқат, миллионлаб мухлисларнинг завқини оширадиган, ҳайрат кўчасига етаклайдиган ўйиннинг спектаклдан нимаси кам? Дунё оммавий ахборот воситаларида ижрочилар, яъни, футболчилар тўғрисида фикр юритилганда уларнинг исми билан бир қаторда "иккинчи номлари"- лақаблари ҳам бот-бот тилга олинади. Бу ғарб "сариқ матбуоти" учун одатий ҳол.

Футбол мухлислари "Сўйлоқ" , "Қизил иблислар", "Яшил бургутлар" каби лақабларни кимларга нисбатан ишлатилишини жуда яхши билишади. Бир пайтлар Португалия терма жамоасида тўп сурган Абел Шавиерни "Қорбобо" ("Санта Клаус") деб аташларини эшитиб ҳеч ҳам ажабланмадим. Чунки Абелнинг оппоқ соқоллари-ю, "қиров тушган" сочларини кўриб кимҳам унга бу лақабни раво кўрмайди, дейсиз.

"Манчестер Юнайтед" клубининг норвегиялик хужумчиси Оле Гуннар Сулшерни ҳамма танийди. Аммо уни "Кулиб турувчи жаллод", деб номлашларини ҳамма ҳам билавермаса керак. Сулшер жилмайган кўйи рақиб дарвозабонларини ожиз қолдиради.

Франциялик машҳур дарвозабон Фабиен Бартезнинг "исми" унга тўлиқ мос тушади, дейиш мумкин: "Масхарабоз". Бартезнинг майдондаги баъзи хурмача қилиқлари жамоаси учун қимматга тушган ҳолатларга кўп гувоҳ бўлганмиз.

Туркиянинг сўнгги 50 йилдаги энг яхши футболчиси, деб тан олинган Хоқон Шукурни "Болқон хўкизи", дейишганича бор. Зеро, Шукур афанди бундай таърифга муносиб эканлигини аллақачон исботлаган.

Аргентиналик Габриел Батистута ўзини жаҳоннинг энг зўр футболчиси, деб билади. Бу борада у ўзини Роналдодан ҳам устун қўяди. Бунга сабаб қилиб у мухлисларнинг Роналдони эмас, айнан ўзини "Батигол", деб аташларини кўрсатади.

Кўпчилик футболчилар ўз лақабларига ижобий муносабат билдиришади. Франциялик мозий юлдузи Лоран Блан ўзини "Темир бетон", деб билса, аргентиналик Хавиер Савиола "Қуёнча"лигини "тан олади". Яна бир аргентиналик футболчи Ариел Ортегани хунук жаранглайдиган "Хўтикча", деб чақирсангиз нақ "дўпписини осмонга отади". Италиялик дарвозабон Жан Луиджи Буффонга "Супермен", деб мурожаат қилсангиз ҳечам ранжимайди: Супермен Буффоннинг севимли киноқаҳрамони.

"Ювентус" клубининг франциялик ҳимоячиси Лиллиан Тюрамни "Профессор", дейишади. У илмий иш ёзиб, диссертасия ёқлаган эмас. Шунчаки, футболчилик билан бирга институтдаги таҳсилини ҳам канда қилмаган.

Биз билган ва билмаган, ёки эътибор бермаган лақаблар талайгина. Футболчига лақаб топиш ғарбда унчалик салбий ҳолат эмас. Бу машҳурлик ва обрў-эътиборнинг бир кўринишидир. Севимли футболчингизнинг лақаби нима? Ўйлаб кўрганмисиз?!

Отабек Йўлдошев тайёрлади.

www.ziyouz.uz сайтидан олинди.


Бошқа мақолалар