Голландияни фалаж қилган турк


  • 13 Сентябрь, 2014
  • 1393

Голландиянинг Роттердам яқинидаги Дордрехт шаҳрида яшайдиган Мустафо Карашаҳин ўч олиш учун шаҳар идорасига икки йил ичида 3500 та ариза ёзди.

Қонунга мувофиқ аризаларга 4 ҳафта ичида жавоб беришга мажбур бўлган шаҳар админстрацияси аризаларга жавоб бера олиш учун махсус маош ажратиб маъмур тайинланди. Лекин шунда ҳам аризаларга жавоб беришга ожиз қолган админстрация Мустафо Карашаҳинни судга берди. Энди қамоққа олиниши мумкин бўлган Мустафо эса “Қамоқхонада ариза ёзиш учун яна-да кўп вақтим бўлади” демоқда.

Немис “Der Spiegel” журналида ҳам ўрин олган Дордрехт шаҳар админстрацияси билан Мустафо Карашаҳиннинг орасидаги тушунмовчилик Крашаҳиннинг кўчмас мулклари сабабли бошланди. Дордрехт шаҳар ҳокимияти икки йил аввал жами 42 та кўчмас мулки бўлган Шаҳинга баъзи ижарачилари сабабли ва ёнғин хавфсизлигига эътибор берилмагани учун жаримага тортди. Мустафо Карашаҳин ҳақсиз деб топган ушбу жарималарни тўламагач, кўчмас мулкларидан иккитаси суд ижроси бўйича сотилди. Шундан кейин Карашаҳин шаҳар ҳокимиятига баъзи кунлар 70дан ортиқ ариза ёзиб, турли мавзулар бўйича маълумот сўради. Голландия қонунларига кўра, расмий идоралар аризаларга 4 ҳафта ичида жавоб бериши керак. Акс ҳолда идора ариза соҳибига 1260 Еврогача бўлган жарима тўлашга мажбур бўлади. Бурчакка тиқилган Дордрехт шаҳар ҳокимлиги аризаларга жавоб бериш учун махсус маъмурни ишга олди.

Бу аризаларга жавоб бера олиш учун кўп бор ҳуқуқчилардан ва турли мутахассислардан маслаҳат олиш лозим эди. Аризаларнинг йиллик молияти ярим миллион Еврога етгач, шаҳар ҳокимияти судга мурожаат қилди. Ўтган март ойида суд Мустафо Карашаҳиннинг расмий идораларга энг кўп 10 та ариза ёзиши мумкинлигига қарор берди. Лекин суднинг қарори ҳам Мустафони тўхтата олмаганидан кейин ортиқча ёзилган ҳар бир аризаси учун жарима солинди. Бу жарима пулларининг миқдори 3000 Еврога етди. Лекин Мустафо бу жарималарни ҳам тўламагач, қамоққа олиниш эҳтимоли туғилди. Бунга суд қарор беради.

Бу орада Голландияда Мустафо Карашаҳиннинг ариза ёзиш ҳаққининг бекор қилиниши инсон ҳуқуқларини бузиш эканлиги борасида тортишув бошланди. Бюрократиянинг  қуроли билан бюрократияни урганлигини таъкидлаган Мустафо Карашаҳин ҳокимиятнинг уни менсинмаганлигини ва норозилик кўрсатишда давом этишини билдирди. Чорасиз қолган мутахассислар эса Карашаҳиннинг ишларини “ариза террори” сифатида баҳолашмоқда. Мустафо Карашаҳиннинг бу қизиқ норозилиги эса дунё медиасидан катта ўрин эгаллади. 


Бошқа мақолалар