Қирғизистонда Имом Сароҳсий мақбараси қайта тикланди


  • 9 Ноябрь, 2012
  • 1475

Қирғизистонда ҳанафий фиқҳининг энг йирик олимларидан имом Сароҳсий мақбарасининг очилиш

 маросими бўлиб ўтди. 

Имоми Сароҳсий ким эди? 

Қирғизистоннинг жанубидаги Ўш вилоятига қарашли Ўзган шаҳрида мадфун Имоми Сароҳсий Ислом оламида “Шамсул-аимма” сифати билан танилган.  

Ислом олимларининг машҳурларидан бўлиб, ханафий мазҳабида буюк фиқҳ олимидир. Исми Муҳаммад бин Аҳмад бин Аби Саҳл Сароҳсийдир. Куняси Абу Бакр, лақаби Шамс-ул-аиммадир. 400 (милодий 1010) йили Сароҳс (Сароҳс шаҳри Туркманистонда Машҳад билан Марв орасида эски шаҳар бўлиб, ҳозирда Туркманистон ва Эрон чегараси устида)да туғилиб, 483 (м.1090) йилда вафот этди.

Сароҳсий фиқҳ илмини замонининг машҳур олимларидан бўлган Абу Муҳаммад Абдулазиз бин Аҳмад Ҳулвонийнинг устозлигида Бухоро шаҳрида таҳсил олди. Сароҳсий ҳазратлари калом ва мунозара илмида ҳам олим бўлиб, кўп ибодат қиладиган зоҳид зот эди. Умри доим илм ўрганиш, ўргатиш ва динга хизмат этиш билан ўтарди. Усмонийлар Шайхул-исломи Камол Бошозода Сароҳсийнинг мужтаҳид фил-мазҳаб (мазҳабда мужтаҳид) табақасидан эканлигини билдирганди.

Замонининг ҳоқонига насиҳат қабилида гапиргани учун ҳибс этилиб, ўн йилдан ортиқ зиндонда қолди. Шу зиндонда талабаларига дарс бера бошлади. Талабалари зиндон бошига тўпланишар, у эса пастдан уларга дарс берарди. Ўттиз жилдлик “Мабсут” китобини шу зиндонда талабаларига айтиб туриш орқали ёздирди.

Зиндондан озод этилганидан кейин талабалари билан Фарғона шаҳрига кетди. Шу ерда вафотига қадар илм ўргатиб, асарлар ёзди.

Баъзи машҳур асарлари:

1. Китоб-ул-мабсут. 30 жилддан иборат.

2. Ашрот-ус-соат.

3. Шарҳи Сияр-и кабир.

Мақбара қурилиши Туркия давлатининг Диний Идораси қошидаги Диёнат вақфи томонидан амалга оширилди. Очилиш маросимига Туркия Диний Идораси раҳбари профессор Муҳаммад Гўрмез ҳам кўп сонли делегацияси билан иштирок этди.  Мақбара очилишида қилган нутқида профессор Гўрмез “Мусулмонларнинг ва ислом дунёсининг илм ва ҳикмат хазинасига янгидан эгалик қилишлари кераклигини” таъкидлади.

Бу минтақанинг Ислом маданиятида жуда муҳим жой эгаллаганини ва ислом олимларининг бу минтақага “Мовароуннаҳр” номини берганликларини хотирлатган Гўрмез: “Мовароуннаҳр бебаҳо меросини йўқотганида бисотидаги барча қадриятлар ҳам йўқолди ва мустамлака бошланди. Бугун ислом олами тушган аянчли ҳолатдан қутулиш учун Мовароуннаҳрнинг такроран олам саҳнасига чиқиши керак. Бунинг учун бир замонлар бу заминга муҳтарам Пайғамбаримизнинг саҳобалари келтирган дурру гавҳарлар бу минтақан халқи томонидан қандай ардоқланиб бошида кўтарилиб юрилган бўлса, бугун ҳам мусулмонлар ҳамда ислом олами динимизнинг илм ва ҳикмат хазинасига янгидан эгалик қилиб ардоқлашлари керак. Худди шунингдек Мовароуннаҳрнинг ўзи вояга етказган авлодларига, олимларига, улуғ сиймоларига ҳам эгалик қилиши лозим”- деди.

Имом Сароҳсийнинг ҳаётига доир “Имом Сароҳсий энг қийин ҳолатларда ҳам илм таҳсил қилишнинг мумкинлигини ва кўп жилдли китоблар ёза олишини бизларга исботлаб берганини, зиндонда талабалар, олимлар етиштирганини, асрларга етадиган асарлар ёзганини, 30 жилдлик “Мабсут”ни зиндонда ёзганлигини” айтиб ўтди.

Имом Сароҳсийнинг қабрини 2003 йили бир симпозиум охирида зиёрат этганлигини ёдга олган Гўрмез “Ўша зиёрат пайтида Туркия диёнат вақфининг имом Сароҳсийга мос бир мақбара қуришга қарор қабул қилганлигини ва бу ишга киришиб, қабрнинг ёнидаги уйлар сотиб олинганлиги, Аллоҳга ҳамд бўлсин натижада ушбу мақбаранинг очилиши амалга ошганлигини” айтди.

Гўрмез мақбара қурилишидаги иштироки учун аввало Қирғизистон раҳбариятига ҳамда меҳнати сингган барча кишиларга ташаккурини билдирди.

Туркиядан Ўш вилоятига кўп сонли делегация билан келган Гўрмезга Қирғизистон муфтиси Раҳматулла Эгамбердиев билан бирга кўплаган дин ва фан одамлари ҳамроҳ бўлдилар.

Ўш шаҳридан 60 километр масофада бўлган Ўзган шаҳрида Қорахонийлардан қолган тарихий ёдгорликларни ҳам зиёрат қилиб, мутахассислардан маълумот олган Гўрмез пешин намозини ўзганликлар билан бирга ўқиди.





Бошқа мақолалар