- 2012-12-11
Сомалида ваҳҳобий ақидасини ёйиш учун тутуруқсиз ишларга қўл ураётган “Аш-Шабоб” террорист ташкилоти сунний масжидларини бузиб, сўфий мақбараларини вайрон қилгач халқ дастагини йўқотди.
Сомали Шарқий Африканинг кўзга кўринган ўлкаларидан бири эди. Лекин инглиз ва италян мустамлакачиларизулукдек бу ўлканинг қонини сўришди. 1969-91 йиллар ораси эса, ўлка коммунист диктатор Сиад ал-Барранинг идорасида қолди. Сиад Барра ҳукмронлигини давом эттириш учун қаттиқ уринди. 1991 йили юртини ташлаб, хорижга қочди. Лекин мухолифларнинг боши бирикмади. Маҳаллийчилик, қабилачилик авж олди. Сомали шаҳарлари аввало Ҳабашистон ва Кения тарафидан, сўнгра БМТ ҳужумлари сабабли вайронага айланди. Ғарбнинг аралашуви жароҳатларни чуқурлаштирди, ўлкада оқ танлиларга бўлган нафрат кучайди. Бу даврда Аш-Шабоб антиимпериалист шиорлари билан анча тарафдорлар тўплади ва шаҳарларни бирин-кетин қўлга киритишни бошлади. Саудия Арабистони бир тарафдан “Ал-қоида” билан курашаётгандек кўриниб, бошқа тарафдан минтақада салафий-ваҳҳобийликни тарғиб қилувчи мактаблар, ўқув курслари очди. Бу ўқув юртларининг битирувчилари “Ал-қоида” таълимоти бўйича ҳаракат қилдилар.
Намоз ўқийдиган масжид йўқ!
Сомали Мадинадан ҳам аввалроқ мусулмон бўлган эди. Балки аҳолиси 100% мусулмон бўлган ягона мамлакатдир. Аёлларининг барчаси ҳижобли, ёшларининг камида ярми қори. Қуръони каримни кўп ўқийдилар, намозларини мутлақо жамоат билан ўқийдилар. Лекин ушбу маъносиз жанг-жадаллар сабабли бугунларда масжид топишлари қийинлашди.
Барчага қарши
Ўзларидан бошқа барчага мушрик (ширк аҳли, кофир) деган назар билан қарайдиган Салафий-ваҳҳобий идеологияси Сомалида “Ал-Шабоб” (ёшлар) номли ташкилотдан фойдаланди. Улар қилган жиноятлари ва портлатган бомбалари билан фақат мусулмонларни йиғлатиб, қон-қақшатишди.Авваллари аксар халқ бу ҳаракатни мустамлакачиларга қарши тўлиқ эркинликка етиш учун қурилган ўз халқини ўйлаган ёшлар ҳаракати сифатида кўриб келарди.
Ниҳоят кун келиб, бу ҳаракат мансублари сунний масжидларига, сўфий мақбараларига ҳужум қила бошладилар. Ибодатга келган жамоатни, илм ўргатаётган устозларни ўққа тутдилар.
Агар Могадишо шаҳрини айланиб чиқсангиз атайлабдан ёқилиб-бузилган ўнлаган масжид вайроналарига дуч келасиз. Буларнинг бари Аш-Шабобнинг кўрсатган ҳунарларидир. Масалан, соҳилдаги энг катта минорага эга Могадишога обрў келтирган шайх Абдулазиз масжиди булардан биридир.
Шайх Абдулазиз асли турк бўлган зот эди. Қасидаи Бурданинг ёзувчиси имоми Бусайри билан бир даврда яшаган. 8 асрлик куллия неча марта таъмирланди билмаймиз, лекин барчасини Усмонлилар империяси бажарганлиги маълум.
Бу ерда яна бир Нақшибандиянинг буюги Шайх Абдулжаббор ҳазратларининг қабри ҳам жойлашган.
Услубида ягона
Шайх Абдулазиз куллияси Могадишо соҳилига ҳоким бир тепалик устига қурилган. Масжидининг минораси икки тарафли зинапоянинг майдончаси кенглигида юксалган. Бу оддий меъморчилик эмас. Чунки сомалиликлар унинг “Ўз услубида ягона” эканлигини айтишади.
Аш-Шабоб тарафдорлари минорани ракета билан ўққа тутиб, масжидни (деворларидаги ояти карималарга қарамай) бузиб-йиқитиб, фойдалана олмайдиган ҳолга келтиришган. Масжид қабристонига дафн этилган тасаввуф уламоларининг қабр тошларини оғир қуроллар билан ўққа тутиб, баъзи қабрларни очиб, майит қолдиқларини чиқариб, марҳум ва марҳумаларга нисбатан ҳақоратда бўлишди.
Шайх Абдулазиз масжиди бу ғариб ҳолатига қарамай, ташландиқ ҳолга келмади. Аҳоли барибир бу маконга келиб, Қуръони карим ўқимоқда, аждодларини фотиҳасиз қолдирмаяптилар.
Ниқоблари очилди
Аш-Шабоб ташкилоти Сомали буюкларидан Муаллим Муҳаммад, Шайх Муҳаммад Али, Шайх Муҳаммад Дайрий, Шайх Али Мўмин каби олимларнинг қабрларини бузиб (ҳар бири инсоният мероси бўлмиш санъат асарлари эди), вайрон қилганидан кейин назардан қолди. Бу беҳурматликлари ташкилотнинг ҳам тагига сув қуйди. Халқнинг Аш-Шабобга бўлган дастаги камайди. Ташкилот аввало Могадишони қўлдан чиқарди, сўнгги кунларда энг кучли қалъаси бўлган Кисмайо шаҳридан ҳам чиқишга мажбур бўлди.
Аш-Шабобнинг маъносиз ҳаракатларини халқ энди қўллаб-қувватламаяпти. Сўнгги ойларда саҳродаги ташкилот аскарлари гуруҳ-гуруҳ бўлиб, қуролларини ташлаб, ҳукумат кучларига қўшилмоқда. Лекин Шабобнинг бутунлай тугатилганини гапириш соддалик бўлади. Ташкилот меҳмонхона, ресторанларга қарши бомбали ҳужумлари билан номини чиқаришга уринмоқда.
Бошбодоқликдан қувват олаётган Аш-Шабоб ҳар қанақа ободонлаштириш фаолиятига қарши, ўлкасига инвестиция киритишни истаган хориждаги сомалиликларга таҳдид қилмоқдалар.
TİKA (Турк ҳамкорлиги ва коорднация агентлиги) тарафидан таъмир этилади
Қийин кунларида сомалиликларнинг ёнида турган Турк кўмак жамиятлари ўнларча масжидларни қайта таъмирлаб, ибодат учун очдилар. Шайх Абдулазиз масжиди ҳам TİKA тарафидан таъмирланади. TİKA раҳбарияти эски тош йўниш ҳунарини эгаллаган усталарни изламоқда.