Ислом олами Анвару мунавварини йўқотди


  • 2 Март, 2013
  • 3129

Мусулмон оламида турғунлик йиллари саналмиш ХIX- ва XX- асрларда уммат бошига устма-уст келган фалокатлар орасида биринчилардан бўлиб 1970 йилларда қайта уйғониш даврини бошлаб берган улуғ Ислом мунаввари Анвар Ўран (1939-2013) вафот этди.

Туркияда бошлаб берган уйғониш ҳаракати ва бир аср давомида ғайридинлар билан бемазҳаб қўғирчоқ давлатчалар томонидан ҳақоратланиб келган сунний мусулмонларни қайта муносиб ўрнига кўтариш хизматлари билан мусулмон оламида танилган İhlâs (Ихлос) ширкати, оламшумул Ислом мунаввари ва ишбилармон Анвар Ўраннинг меҳнат маҳсулидир. 

22 февраль жума куни кечқурун узоқ вақтдан буён давом этаётган касаллиги натижасида оламдан ўтган Анвар Ўраннинг (74ёш) шанба куни Истанбулнинг Айюб даҳасидаги Айюб Султон жоме-масжиди ҳовлисида ўқилган жаноза намозига ўнминглаб дўстлари ва издошлари иштирок этишди. Туркиядаги деярли барча исломий матбуот ва ташкилотнинг ҳомийси ва бонийси бўлиб ҳисобланувчи доктор Анвар Ўран ошиқлик даражасида ихлос қўйган устози улуғ Ислом олими Ҳусайн Ҳилмий Ишиқ бин Саид Истанбулий ҳазратнинг ёнига дафн қилинди. Давлат арконидан бош вазир Ражаб Тоййиб Эрдўғон бошчилигида ўнлаб раҳбарнинг елкаларида абадий оромгоҳига кузатиб қўйилган биология фанлари доктори марҳум Анвар Ўран ортида бир-биридан мумтоз бир қанча вақф ва хизмат муассасалари қолдирди. Ҳар куни чоп қилинадиган "Türkiye" газетаси, 50 тилда чоп қилиниб дунёнинг 170дан зиёд ўлкасига текин юбориладиган диний асарлар матбааси "Hakikat Kitabevi", Африка ўлкалари, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон каби камбағал аҳоли сони кўп давлатларга кийим-кечак, озиқ-овқат (қурбон гўшти) ёрдами улаштирадиган ва Туркияда 1000дан зиёд студентни ётоқхона ва стипендия билан таъминлайдиган "İhlas Vakfı", уч қитъага эфир узатадиган оламдаги биринчи мусулмон телеканали TGRT ва радио студияси TGRT FM, оламдаги дастлабки учталикка кирадиган İHA news ахборот агентлиги, элликка яқин йирик ширкатлардан ташкил топган таркибида 20 мингдан зиёд киши меҳнат қиладиган İhlas Holding мажмуи марҳум томонидан таъсис қилинган муассасалар жумласидандир. Оламга сочган зиёси бизнинг диёрларимизгача етиб келган марҳум Анвар Ўранга ортидан Эфиопияда, Афғонистонда, Ироқда, Сурияда, Ҳиндистонда, Сомалида, Мисрда, Ўрта Осиё ўлкаларида, Боснияда, Олмонияда, АҚШда, Араб амирликларию Ҳижозда севганлари, дуогўйлари  мингларча хатмлар ҳадя қилишмоқда.  Ҳамюртларимиз, ҳамқишлоқларимизнинг дунёвий ва маънавий ҳаётларида ҳам ҳимматларини аямаган муҳтарам Анвар Ўран акамизга Аллоҳдан раҳмат, яқинларига сабри жамил тилаймиз. Мана шу улкан йўқотиш муносабати билан Ислом оламига ҳам таъзия билдирамиз.


Бошқа мақолалар