- 2020-07-16
Францияда адабиёт профессори Флоран Монтаклернинг шахсан ўзи асос солган хаёлий ташкилот
орқали ўзига “Нобель мукофотига тенг” мукофот бергани ҳақидаги иддао мамлакатни оёққа турғизди. Ҳашаматли маросимлар билан жамоатчиликни чалғитгани айтилаётган профессор устидан қалбакилаштириш ва фирибгарлик шубҳаси билан кенг кўламли тергов бошланди.
Франциялик адабиёт профессори Флоран Монтаклер ўз ҳақидаги фирибгарлик иддаолари билан академия дунёсини ларзага келтирди. Франция Миллий ассамблеясида ўтказилган ҳашаматли маросимда “Филология олтин медали”ни олган Монтаклернинг ушбу мукофот ва уни берган ташкилотни ўзи ташкил қилгани илгари сурилди.
Академик доираларни ларзага келтирган бу можаро 2018 йилда руминиялик журналистлар вазиятдан шубҳаланганидан сўнг фош бўлди. Воқеани ўрганган журналистлар мазкур ташкилотлар фақатгина Франциядан бошқариладиган интернет сайтларида мавжудлигини аниқладилар.
“The Guardian” нашрининг хабар беришича, Монтаклер аслида мавжуд бўлмаган “Халқаро филология ассоциацияси” номли ташкилот тузган ва ушбу муассаса номидан “Филология олтин медали” деб номланган мукофотни вужудга келтирган. Бу мукофот жамоатчиликка Нобель даражасидаги нуфузли муваффақият сифатида таништирилган.
2016 йилда Франция Миллий ассамблеясида ташкил этилган маросимда мазкур мукофот Монтаклерга топширилган. Маросимда Нобель мукофоти совриндорлари, собиқ вазирлар, депутатлар ва академиклар иштирок этган. Ҳатто қатнашчиларга ушбу мукофот аввалроқ машҳур ёзувчи Умберто Экога ҳам берилгани айтилган.
Бироқ тергов олиб бораётган детективлар “Халқаро филология ассоциацияси” аслида мавжуд эмаслигини аниқладилар. Ассоциация билан алоқадор деб кўрсатилган Америка университети эса фақатгина интернет сайтидан иборат бўлиб, унинг манзили Делавэрдаги заргарлик дўконига бориб тақалиши маълум бўлди.
Прокуратура, шунингдек, Монтаклер медални Париждаги заргарлик дўконида тахминан 250 евро эвазига ясаттирганини аниқлади. Профессорнинг қалбаки экани айтилаётган диплом ва мукофотларни академик фаолиятида лавозимини кўтариш ва маошини ошириш учун ишлатган-ишлатмагани ҳам ўрганилмоқда. Прокурор Поль-Эдуар Лаллуа тергов марказида Монтаклер ушбу тизим орқали моддий ёки академик манфаат кўрган-кўрмагани масаласи турганини айтди. Прокурор: “Бу улкан бир алдовга ўхшайди”, деган фикрларни билдирди. Монтаклер тахминан 20 йил давомида фаолият юритган университет эса академикни номуайян муддатга ишдан четлатди.
Монтаклер эса медалнинг қалбаки эмаслигини таъкидлаб, “ҳар ким медаль ташкил қилиши мумкинлигини” даъво қилди. Тергов якунланганидан сўнг профессорга нисбатан расмий айблов эълон қилиниши ёки қилинмаслиги бўйича қарор қабул қилинади. Айби исботланган тақдирда, Монтаклер беш йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкинлиги билдирилган.