- 2023-04-17
Мисрда хавфсизлик кучлари билан Робиатул Адавия майдонидаги намойишчиларнинг тўқнашуви натижасида 120 киши ўлди, 4500 нафар киши яраланди.
Гувоҳларнинг сўзларига қараганда хавфсизлик кучлари “Болтачи”ларнинг дастаги билан Робиатул Адавия майдонидаги Мурсий тарафдорлари бўлган тинч намойишчиларга ўт очиб, газ бомбаси билан ҳужум қилди. Ҳужум натижасида 120 киши ўлди ва 4500 нафар киши яраланди. Касалхона докторлари ярадорлардан 300 нафарининг полиция отган чинакам ўқларнинг бошига ёки кўксига тегиши билан оғир жароҳат олганликларини, шу сабабли қурбонлар сони ортишидан хавфсираётганликларини билдиришди. Бошқа тарафдан Ҳуррият ва адолат партиясининг “Ҳуррият ва адолат портали” номли расмий интернет саҳифаси баъзи мерган (снайпер)ларнинг Робиатул Адавия майдони яқинидаги Азҳар университетининг Даъват факультети биноси устига чиқиб, тинч намойишчиларни ҳақиқий ўқлар билан ўққа тутганлигини иддао қилди. Сайтнинг хабарида бундан ташқари полицияларнинг Робиатул Адавия майдонидан Мадинатун-Наср маҳалласидаги касалхонага келтирилган ўнлаган намойишчиларни ҳибсга олганлигини билдирди. Ҳуррият ва адолат партияси матбуот котиби Жиҳад ал Ҳаддод полиция “Тез ёрдам” автомобилларининг майдонга киришига рухсат бермаганлигини маълум қилди. Гувоҳлар майдондагиларнинг полицияга тошлар билан қаршилик кўрсатганини ва зирҳли воситаларнинг майдонга киришининг олдини олиш учун баррикадалар қуришганини айтишди. Полициянинг майдонга очилган Носир Ситидаги айланма кўчалардан ҳам намойишчиларга ҳужум қилганини ва вақти-вақти билан ҳақиқий ўқ ишлатгани иддао қилинди.
Майдондаги намойишларда иштирок этганидан кейин уйларига қайтган баъзи намойишчиларга эса Рамзес майдони ва 6 октябрь кўпригида ҳужум қилинди.
Ҳужумлар туфайли Қоҳиранинг шарқи ва ғарбини бир-бирига боғлайдиган 6 октябрь кўприги қатнов учун бекитилди.
Искандарияда 7 киши ҳаётдан кўз юмди
Бу орада Искандария Соғлиқни сақлаш мудири Иброҳим ар-Рубий Искандарияда юз берган тўқнашувда 7 киши ҳалок бўлганини ва камида 270 кишининг яраланганини қайд қилди.
Намойишчилар қуршовда
Бошқа тарафдан Мисрнинг Искандария туманидаги ал-Қоид Иброҳим масжидидан паноҳ топган ҳарбий тўнтаришга қарши бўлган намойишчилар тўнтариш тарафдорлари томонидан қуршовга олинди.
Гувоҳларнинг сўзига кўра, Мурсий тарафдорлари билан ҳарбий тўнтариш тарафдорлари орасида оғзаки тортишув бошланди. Икки гуруҳ орасидаги тортишув тўқнашувга айланганидан кейин “Болтачилар” номли тўда тарафидан Мурсий тарафдорлари қуршовга олинди.
Халқаро Коалициядан маълумот
Мисрда Халқаро Коалициянинг берган баёнотида “Уларнинг ўточар қуроллари бўлса, бизнинг Азиз ва Жаббор бўлган Аллоҳимиз бор”, “Қон тўкилганида самолар титрайди” ифодалари қўлланилди.
Мисрликларнинг бугунги намойишлари билан бутун дунёга ҳарбий тўнтаришга қарши чиқишдаги қатъийлигини яна бир бор кўрсатгани маълум қилинган баёнотда шулар айтилди: “Бугун сизлар тўнтаришга қарши эканлигингизни ва қонуний қарорнинг тарафдори эканлигингизни маълум қилдингиз. Миср армияси Ватанни ҳимоя қилиш учун қурилган. Бошидаги қўмондонининг манфаатини ҳимоя қилувчи ташкилот эмас. Бу кунгидан кейинги норозилик компромиссиз, қисқа ва лўнда бўлади. Шуни барча яхши биладики, Робиатул Адавия майдони атрофидан бу ерга келмоқчи бўлганларга ҳужумлар уюштириб, майдондагиларни тарқатиб юбориш мақсад қилинган. Майдондагилар қўрқитилиб, бу ерни бўшатиш режалаштирилмоқда. Уларнинг ўточар қуроллари бўлса, бизнинг Азиз ва Жаббор бўлган Аллоҳимиз бор. Қон тўкилганида самолар титрайди.”