Ақтау – туркий дунё маданий пойтахти


  • 7 Апрель, 2025
  • 28

5 апрель куни Ақтау шаҳрига “2025 йил туркий оламнинг маданий пойтахти” мақоми берилиши муносабати билан тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Токаев ушбу тарихий воқеа муносабати билан табрикнома йўллади. Давлат раҳбарининг табригини тадбирда Қозоғистон Республикаси маданият ва ахборот вазири Айда Балаева ўқиб эшиттирди.

Президент ўз табригида Ақтау шаҳрига туркий дунё маданий пойтахти мақоми берилгани нафақат Қозоғистон, балки барча қардош туркий мамлакатлар учун муҳим воқеа эканини таъкидлади.

Президент табригида “Бу воқеа Қозоғистон учунгина эмас, балки барча қардош мамлакатлар учун ҳам катта аҳамиятга эга. Мангистаунинг тарихий замини ва Устюрт каби бой минтақалар туркий тамаддуний меросининг ажралмас қисмидир. Бу муқаддас замин кўп асрлик маънавий меросимизни ва бутун туркий дунёнинг қадриятларини сақлаб келмоқда. Урф-одатлари ва тарихи ўзаро боғлиқ халқлар ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш — умумий вазифамиздир. Ишончим комилки, ушбу улуғ йил давомида дўстликни мустаҳкамлайдиган учрашувлар ва муҳим қарорлар қабул қилинади. Туркий халқлар бирлиги бардавом бўлсин! Барчангизга фаровонлик, бахт ва муваффақият тилайман”, дейилади.

Ақтауда бўлиб ўтган тантанали маросимда Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон, Туркманистон ва Венгриядан фахрий меҳмонлар иштирок этди. Каспий денгизи соҳилида ўтказилган йирик маданий тадбирда Қозоғистоннинг турли минтақалари ва чет элдан ташриф буюрган 30 мингга яқин томошабин қатнашди.

Маросимнинг марказий объектларидан бири “Дархан дала” этношаҳарчаси бўлди — у Қозоқ халқининг анъаналари, Мангистаунинг муқаддас мероси ва туркий халқлар тарихи тарғибига бағишланган ноёб маданий майдон сифатида безатилган.

Эслатиб ўтамиз, Туркий маданиятларнинг халқаро ташкилоти — ТЮРКСОЙнинг Озарбайжонда бўлиб ўтган 40-сессиясида Ақтау шаҳрига “Туркий дунёнинг маданий пойтахти” мақоми бериш ҳақида қарор қабул қилинган эди. Шунингдек, ТЮРКСОЙнинг хотиравий йиллари доирасида 2025 йил Қозоғистон халқ артисти, буюк бастакор ва дирижёр Нургиса Тлендиев йили деб эълон қилинди.


Бошқа мақолалар