- 2017-10-23
Анголада яшайдиган мусулмонлар кечадан буён матбуотда айланаётган ўлкаларида ислом дини тақиқлангани ва масжидлар бузилаётгани ҳақидаги хабарларнинг нотўғри эканлигини маълум қилишди.
“AA” мухбирига интервью берган Ангола пойтахти Луандадаги “Нур-ил ислом” масжиди бош имоми Шайх Усмон ибн Зайд “Ангола ҳукуматининг масжидларни бекитиш ҳақида қарор қабул қилгани ёлғон. Биз Маданият вазирлиги ва Диний ишлар дирекцияси билан бирга фаолият юритамиз. Улар бундай қарорнинг йўқлиги ҳақида хабар беришди” деди. Маълум бир масжидни бекитиш ҳақидаги қарорнинг фақат шу масжидга хос эканлигини такидлаган имом “Бу тарздаги қарорлар черковлар ва бошқа ибодатхоналар учун ҳам татбиқ қилиняпти” деди. Зайд Анголанинг иккинчи энг катта шаҳри Уамбодаги бир масжиднинг қисқа муддатга бекитилиши ҳақида “Масжид пайшанба куни бекитилди. Маданият вазирлиги ходими менга қўнғироқ қилиб, масжид жума куни ибодатга очилишини маълум қилди” деб гапирди. Ислом динини тарғибот мақсадида Анголага тез-тез келиб турадиган Замбиялик исломшунос Шайх Зубайр Исо хароб ҳолда бўлган баъзи масжидлар янгидан қурилганини, лекин булар расман ибодатхона сифатида кўрсатилмаганини айтиб, “Баъзи масжидларнинг бузилгани тўғри, бунинг сабаби эса масжидларнинг ибодатхона учун ажратилган жой ҳудудидан ташқарида рухсатсиз қурилганидир. Анголада бир нечта маслакдошим билан гаплашдим ва улар мусулмонларга қарши ҳаракат иддаоси тўғри эмаслигини айтишди” деди. Анголада жамоатчилик ташкилоти аъзоси Ал-Ҳожи Жодий масжидларнинг бекитилиши ҳақидаги хабарни ёлғонга чиқариб “Нур-ил ислом масжидида ҳозиргина намоз ўқиб чиқдим. Оммавий ахборот воситаларида чиққан хабарларни кўрдим. Шуни ишонч билан айта оламанки, Луандада мусулмонларга ҳеч нарса таҳдид қилаётгани йўқ” деб гапирди. Докторлик дипломини Мадинада Ислом университетида ҳимоя қилган имом Ибн Зайд ҳам Ангола ҳукуматининг исломга қарши эмаслигини маълум қилди.
Зайд ҳукуматнинг Анголада ҳозирда фаолият кўрсатаётган 200дан ортиқ ибодатхонани таъмирлашга киришганини таъкидлаб “Жорий йилнинг охиригача ислом динини расмий дин сифатида тан олишларини умид қиламиз” деб фикрини билдирди.
1990 йилларнинг бошида илк бор Анголага келганини айтган Зайд “У вақтларда бу ердаги одамларнинг исломдан умуман хабари йўқ эди. Ангола ҳукумати масжид қуришимизга изн берди. Бутун мамлакат бўйича бугунги кунда 130дан ортиқ масжид бор” деб маълумот берди.
18 миллион 500 минг аҳоли сонига эга Жанубий Африка давлати Анголада норасмий маълумотларга кўра, тахминан 90 минг мусулмон яшайди.