- 2018-11-29
“Facebook” кучли мобил стратегияси билан ўз фаолиятини юритаётган бўлса ҳам, фойдаланувчилар асосини ташкил қиладиган ёшларни йўқотишда давом этмоқда.
Янги сўровномалар ижтимоий тармоқнинг бир неча йиллардан бери ҳал эта олмай келаётган муаммони бартараф қила олмаганини кўрсатмоқда. Ўрта ёшдан юқори бўлган “Facebook” фойдаланувчилари сони эса тезлик билан ортмоқда. АҚШдаги “iStrategy Labs” ширкатининг ўтказган сўровномаси ёшларнинг борган сари “Facebook”га салбий қарашлари ортиб бораётганини маълум қилди. АҚШлик фойдаланувчилар иштирок этган сўровномада 2011 йилнинг январидан 2014 йил январигача бўлган 3 йиллик муддатда 13-17 ёш ораси 3,3 миллион ёшларнинг ижтимоий тармоқни тарк этганлиги аниқланди. Айни даврда 18-24 ёш ораси 3,4 миллион фойдаланувчи “Facebook”даги профилларини бекитди. Бу рақамлар берилган ёш гуруҳларининг 25,3 ва 7,5%ини ташкил қилди. Ёшлар “Facebook”ни тарк этаркан, ўрта ва катта ёшдаги фойдаланувчилар сони ортиб бормоқда.2011 йил январь-2014 йил январь оралиғида 25-34 ёш орасидаги фойдаланувчилар 32,6%, 35-54 ёш орасидаги фойдаланувчилар 41,4% ва 55 ёшдан юқорилар 80,4%га ортган.
АҚШдаги ёш гуруҳларига кўра фойдаланувчилар сони қуйидаги шаклда бўлинди:
13-17: 13 миллион;
18-24: 45 миллион;
25-34: 33 миллион;
35-54: 39 миллион;
55 ва ундан юқори: 15,5 миллион.
“iStrategy” тарафидан ўтказилган сўровнома “Facebook”нинг ёшлар билан муаммоси ҳали ҳам давом этаётганини кўрсатди. Сўровномада иштирок этган бир 17 ёшли йигит “Facebookка жуда кам киришини, фақат дўстлари бўлишганларини кўришини” маълум қилди. Йигит дўстлари билан бирга “Twitter” ва “Instagram”дан кўп фойдаланишларини ва хабар жўнатиш учун турли мобил татбиқлардан фойдаланишларини билдирди. Сўровномада иштирок этган баъзи ёшларнинг шикояти “Facebook”нинг “қариши”дир. Улар ота-оналари билан айни ижтимоий тармоқдан фойдаланишларидан мамнун эмаслар.