- 2017-03-24
Украина Олий Радаси 23 февраль, якшанба куни президент ваколатларини парламент спикери Александр Турчиновга топшириш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда парламент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ушбу қарор учун Рада мажлисида бўлган 339 нафар халқ депутатидан 285 нафари овоз берган. Парламент қарорига асосан, Турчинов янги давлат раҳбари ўз вазифасини бажаришга киришгунига қадар президент мажбуриятларини бажаради. Украинада муддатдан аввалги президентлик сайловлари 2014 йилнинг 25 майига белгиланган.
Бунгача эса Украина ҳукумати раҳбари ваколатлари ҳам Турчиновга топширилган эди. У коалицион ҳукумат шакллантирилмагунича, вазирлар маҳкамаси фаолиятини мувофиқлаштириб туради. Турчинов янги вазирлар маҳкамасини 25 февралдан кечикмасдан шакллантирилишини талаб қилишга ҳам улгурди.
Украина президенти Виктор Янукович 22 февраль, шанба куни Олий Рада қарорига асосан истеъфога чиқарилди. Ўз навбатида, давлат раҳбарининг ўзи парламент аъзоларининг ушбу қарорини ноқонуний деб атади. Шунга қарамай, Янукович ўзининг асосий қароргоҳини тарк этиб, дастлаб Харьков, сўнг Донецкка учиб кетди. У ерда, чегара хизмати маълумотларига кўра, Янукович чегарани кесиб ўтишга ҳаракат қилган, бироқ унинг самолётини аэропортдан чиқаришмаган. Ҳозирги вақтда Януковичнинг қаерда эканлиги номаълум.