Соқол ва ҳижобда автобусга чиқиш тақиқланди


  • 6 Августь, 2014
  • 1304

Хитойнинг Шинжон-Уйғур мухтор туманидаги асосан мусулмон уйғурлар истиқомат қиладиган Қорамой шаҳрида узун соқолли ва мусулмонча миллий кийинган одамларнинг жамоат транспорти (автобус)да юриши тақиқланди.

Маҳаллий “Karamay Daily” газетаси хабарига кўра, ҳижоб, ниқоб, бурқа ёки исломий юлдуз ва яримой тасвири туширилган либос кийган йўловчиларни автобусга чиқариш тақиқланган.

Ушбу тақиқ, шунингдек, «узун соқолли» одамларга нисбатан ҳам татбиқ этилади; газетанинг қўшимча қилишича, «бу борада ҳамкорлик қилмаган кишилар полиция томонидан ҳибсга олинади».

Қайд этишларича, ушбу тақиқ Қорамойда 20 августга қадар давом этадиган спорт мусобақалари даврида амалда бўлади.

Хитойдаги уйғур миллатига мансуб аҳолининг ватани ҳисобланган Шинжон-Уйғур мухтор тумани сўнгги бир йил давомида маҳаллий аҳоли ва хавфсизлик кучлари ўртасидаги тўқнашувлардан жиддий жабр чекди.

Қувғиндаги Жаҳон уйғурлар конгресси ташкилоти вакили Дилхат Рахитнинг маълум қилишича, Қорамойда жорий этилган тақиқлар дискриминациянинг яққол намунаси бўлиб, бу уйғурлар ва расмий Пекин ўртасидаги кескинликни янада кучайтиради.

Аввалроқ, Хитой ҳукумати талабалар ва давлат хизматчиларига Рамазон ойида рўза тутишни тақиқлаган эди.


Бошқа мақолалар