Дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти “Эбола” ҳақида бонг урди


  • 9 Августь, 2014
  • 1233

Ғарбий Африка ўлкаларида Эбола вабосидан вафот этганлар сони 900дан ошди. Дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти Ғарбий Африкада ҳолат халқаро аҳамиятга эга деб эълон қилишди.

Швейцариянинг Женева шаҳридаги икки кунлик йиғилиш охирида баёнот берган Дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти вакиллари Эбола вирусининг дунё миқёсида тарқаб кетишининг олдини олиш учун мувофиқлаштирилган халқаро кампания шарт эканлигини билдирди.

Эболанинг сўнгги қирқ йилда майдонга келган энг таҳликали эпидемия эканлигига диққат қаратган ташкилот директори Маргарет Чан халқаро ҳамжамиятга Эбола вируси билан курашаётган ўлкаларга зудлик билан ёрдам беришга чақирди. Чан вирус кенгроқ ёйилса, жуда ҳам жиддий оқибатларга олиб келиши ҳақида гапирди.

Йилнинг бошида Гвинеяда бошланган эпидемия Сьерра-Леоне ва Либерияга тарқаганди. Нигерияда ҳам Эбола вирусига чалиниш таҳликаси ортмоқда. Бундан ташқари Саудия Арабистонда иккинчи бир Эбола ҳодисаси кутилиши мумкин. Саудия Арабистони соғлиқни сақлаш вазирлиги берган хабарга кўра, чоршанба куни ҳаётдан кўз юмган икки хаста билан алоқада бўлган яна бир киши жон берган. Вазирлик матбуот котиби ўлим сабаби Эбола вируси бўлиши мумкинлиги ҳақидаги иддаоларни рад этиб, қўшимча маълумотлар ҳақида яна оммага хабар беришини айтди.

Дунё соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, хасталикдан бугунги кунгача 932 киши ҳаётдан кўз юмди. Тахминан 1700 кишига вирус юққанлиги тахмин қилинмоқда. Кишидаги суюқлик орақали юқадиган Эбола вирусига қарши бугунги кунда на бир дори, на малҳам бор. Хасталик қайт қилиш, қаттиқ суяк оғриғи, ич кетиши каби симптомлар кўрсатади. Бугунга қадар Эбола вирусига учраганларнинг 55%и қутқара олинмади. 


Бошқа мақолалар