- 2017-12-20
Энди чақирув ёшига етмаган украиналикларга чет элга чиқиш мумкин. Украина ҳукумати ҳарбий ҳолат даврида 22 ёшгача бўлган эркакларнинг мамлакатдан чиқишига қўйилган чекловларни бекор қилди.
18 ёшдан 22 ёшгача бўлган украиналиклар эркин равишда мамлакатдан чиқишлари мумкин. Бу ҳақда бош вазир Юлия Свириденко маълум қилди.
2022 йил февралидан кейин мамлакатда чегарадан ўтиш қоидалари жорий этилган бўлиб, унга кўра 18 ёшдан 60 ёшгача бўлган эркакларга мамлакатни тарк этиш тақиқланган эди.
Янги қарор бу ёш тоифасига кирувчи барча ватандошларга, шу жумладан чет элда бўлиб турганларга ҳам тааллуқли. Ҳукумат маълумотига кўра, бу ўзгаришнинг мақсади украиналикларнинг ватани билан боғланишини қўллаб-қувватлашдир.
Қарор расман эълон қилинганидан кейинги куни кучга киради.
12 август куни президент Владимир Зеленский ҳукуматга мамлакатдан чиқиш учун ёш чекловини 22 ёшгача кўтаришни топширган эди. Унинг таъкидлашича, бу қарор ёшларнинг Украина билан боғлиқлигини сақлаб қолишга ва уларнинг таълим олиш имкониятларига хизмат қилади.
Ҳужжатга кўра, чақирувга ёки ҳарбий хизматга оид мажбуриятга эга бўлмаган, 25 ёшга тўлмаганларга чиқиш чекловлари татбиқ этилмайди.
Бироқ 25 ёш ва ундан катта эркаклар учун чиқиш чекловлари ўз кучида қолади.