Футболчилар фабрикаси


  • 14 Августь, 2014
  • 1680

Бундан 10 йил аввал Португалиянинг Порто футбол клуби Жозе Моуриньо исмли мураббий бошчилигида Чемпионлар лигасининг бош совринини қўлга киритиб, футбол оламини ҳайратга солган эди.

Португалия жамоаси 2003 йили УЕФА кубоги ва 2004 йили Чемпионлар лигасида ғалаба қозониб, катта муваффақиятга эришганди. Ўша мавсум охирида Порто ва Моуриньо бутун дунёнинг эътиборига тушди. Европанинг кўзга кўринган футбол клублари Портонинг ёш ўйинчилари ва жамоа мураббийини ўз жамоаларига жалб қилиш учун ҳаракатга тушишди. Жозе Моуриньо Англиянинг Челси футбол клубига ўтаётганида Портонинг шу даврдаги кўзга кўринган ўйинчилари Рикардо Карвальо ва Пауло Феррейрани бирга олиб кетганди. Порто Челси билан бўлган бу трансферидан 55 миллион Евро фойда кўрди. Портонинг бу сотиши охирги эмас, аксинча бошланиши бўлди. Шу йили жамоанинг мияси ҳисобланган Деко Барселона жамоаси кўзига тушиб, 23 миллион Евро эвазига Каталонияга келди.

Порто сўнгги бор душанба куни амалга оширилган трансферда франциялик марказий ҳимоячи Эльяким Мангалани англиянинг Манчестер Сити жамоасига 50 миллион Еврога сотиб, сўнгги ўн йилда сотилган ўйинчилардан тушган маблағ 772 миллион Еврони ташкил қилди.

Портонинг пойдевордан футболчи етиштириш инфратаркибига аҳамият беришни бошлаши ва айниқса Жанубий Америка ўлкаларида олиб борган “талант ови” билан дунё футболига кўплаган юлдузларни етказиб берди. Табиийки бунинг бошида 10 аввал танилмаган ҳозирда эса энг муваффақиятли ва машҳур футбол мураббийи Жозе Моуриньо турган эди. Порто шундай муваффақиятли бир система қурдики, Моуриньо кетганидан кейин ҳам бу оқсамай давом этди. Порто сўнгги ўн йилда фақат Англиянинг ўзидан 185 миллион Евро нақд пул қозонди.

Челси жамоасининг таркибида узоқ вақт ўйнаган Рикардо Карвальо, Пауло Феррейра ва Жозе Босингваларнинг етиштирилиши учун Порто ҳаммаси бўлиб 2,5 миллион Евро сарфлади. Челсига сотганида эса бунинг 30 баробарини қўлга киритди. Манчестер Юнайтед 2007 йили 34 миллионга сотиб олган Андерсонни Порто Бразилиянинг Гремио жамоасидан 6 миллион Еврога сотиб олганди.

Портодан астрономик нархлар билан ўйинчи сотиб олган фақат инглизлар эмас, испан ва италян жамолари ҳам Порто футбол фабрикасининг харидорларидан. 2007 йили Порто Пепени Реал Мадридга 32 миллион Еврога сотди. 2011 йили колумбиялик Фалкаони Атлетико Мадридга 50 миллион Еврога пуллади. Бир муддат Бешиктош жамоаси формасини кийган Куарезма ҳам Порто жамоаси тарбияланувчиси.

Портонинг мутахассис “овчилари” тарафидан Жанубий Америка ўлкаларида кашф этилиб, Европага сотилган кўплаган футболчилар бор. 2009 йили Аргентинадан 7 миллион Еврога сотиб олинган Фалкао 2 йилдан кейин Атлетико Мадридга 50 миллион Еврога сотилди. Маритимо жамосидан 2,5 миллион Еврога сотиб олинган Пепе Реал Мадридга 32 миллионга сотилди. Сўнгги жаҳон чемпионатида юлдузи порлаган ва Реал Мадридга 80 миллион Еврога трансфер бўлган Родригез ҳам Европага Порто орқали келди. 7 миллион Еврога олинган Родригез ўтган йили Монакога 50 миллион Еврога сотилди. Бундай мисоллар жуда кўп.

Порто футбол фабрикасининг сўнгги маҳсулоти бўлган ва инглиз Манчестер Сити жамоасига 50 миллион Еврога сотилган Мангала 2011 йили Бельгиянинг Стандарт Лига жамоасидан Портога 7 миллион Еврога трансфер бўлганди. Орадан уч йил ўтиб Порто ушбу футболчини Англияга 7 маротаба қиммат баҳога сотди.

Портонинг 2004-2014 йилги мавсумлар орасида 20 миллиондан қимматга сотган футболчилари:

 

2004: Пауло Феррейра - Челси – 22 миллион

2004: Деко - Барселона – 23 миллион

2004: Рикардо Карвальо - Челси – 33 миллион

2007: Андерсон – Манчестер Юнайтед – 34 миллион

2007: Пепе – Реал Мадрид – 32 миллион

2008: Жозе Босингва - Челси – 23 миллион

2008: Рикардо Куарезма – Интер Милан – 25 миллион

2009: Лучо Гонзалез - Марсель – 21 миллион

2009: Лисандро Лопез - Лион – 25 миллион

2010: Бруно Алвеш - Зенит – 23 миллион

2011: Радамел Фалкао – Атлетико Мадрид – 50 миллион

2012: Халк - Зенит – 60 миллион

2013: Жоао Моутиньо - Монако – 28 миллион

2013: Хамес Родиригез - Монако – 50 миллион

2014: Эльякум Мангала – Манчестер Сити - 50 миллион.


Бошқа мақолалар