- 2014-01-11
Россия Американинг дунёга машҳур фастфуд тармоғи бўлган “McDonald's'”ни мамлакат миқёсида тақиқлади. Руслар пойтахт Москва шаҳрида намойиш ўтказиб, бу қарорни олқишлашди.
Россия федерал истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш хизмати дастлаб “McDonald's”нинг Москвадаги 4 шўъбасини вақтинчалик ёпди. Бу шўъбаларда ўтказилган текширувларда маҳсулотлардаги энергетик қувватнинг кўрсатилганидек эмаслиги аниқланди. Маълум бўлган текширув натижасидан кейин бутун мамлакатдаги “McDonald's” шўъбаларини бекитиш ҳақида қарор чиқарилди. Бу орада кеча Москва шаҳрида бу қарорни қўллаб-қувватлаш учун намойиш ўтказилди. Россияда очилган илк “McDonald's” шўъбаси жойлашган Пушкин майдонида тўпланган кичик гуруҳ АҚШга қарши шиорлар остида “McDonald's”га ўз норозиликларини билдиришди.
Намойишчилар “Фарзандларимизга гамбургер едиришни истамаймиз. Уларни АҚШ ишлаб чиқарган маҳсулотларга қарам қилиб етиштиришни истамаймиз. “McDonald's” энди Россияга киролмайди” деган сўзлар айтишди. Намойишга ашаддий ўнгчи Либерал Демократ партияси лидери Владимир Жириновский ҳам қатнашди. “McDonald's” Россиядаги илк шўъбасини 1990 йил 31 январь куни очганди. Ширкат Қрим Россияга қўшилганидан кейин Қримдаги фаолиятини тўхтатганди. “McDonald's”нинг илк ресторани 1940 йили Ричард ва Морис Макдональдлар тарафидан АҚШнинг Калифорния штатида очилган. Ушбу ресторан қисқа вақт ичида бутун дунёга тарқалган тармоқ ҳолини олди. Бугунги кунда 119 дан ортиқ ўлкада фаолият юритмоқда. Лекин айниқса АҚШда ортиб бораётган ҳаддан ташқари семизлик, фастфуд истеъмолини жиддий танқид остида қолдирди. Шу сабабли “McDonald's” дан бошлаб, дунё миқёсида бутун фастфуд ресторанларининг соғлиққа зарари ҳақида бонг урилмоқда.