Facebook ва Twitter’дан Россияда рўйхатдан ўтишни талаб қилишди


  • 26 Сентябрь, 2014
  • 1135

«Роскомнадзор» (Россия алоқа, ахборот технологиялари ва оммавий коммуникациялар соҳасини назорат қилиш бўйича федерал хизмати) Facebook, Gmail ва Twitter’ни Россияда «ахборот тарқатиш ташкилотчилари» сифатида рўйхатдан ўтиш кераклиги ҳақида хабардор қилди. Бу ҳақда идора раҳбари ўринбосари Максим Ксензов хабар берди.

«Биз барчага билдиришномаларни жўнатдик ва у ёки бу йўл билан уларни қонунга риоя қилишга мажбур қиламиз. Улар ўзаро консультациялар олиб боради, Калифорния юридик хизматлари билан суҳбатлашади. Биз ҳам улар билан консультациялар олиб бормоқдамиз ва ҳозирча атайлаб шошилтирмаяпмиз», — дея таъкидлади Ксензов.

Унинг айтишича, агар Америка интернет-сервислари Россия қонунчилиги талабларини бажармаса, уларга нисбатан маъмурий чоралар кўрилади.

«Ушбу учта ресурс ўз маълумот марказларини Россияда жойлаштириш борасида блогерлар ҳақидаги қонун бўйича қарор қабул қилиши керак. Улар бунга тайёрланиб, қонунни бажармоқчи», — деди идора бошлиғи ўринбосари.

Ксензовнинг аниқлик киритишича, Россиянинг асосий интернет-сервислари рўйхатдан ўтиб бўлган: «ВКонтакте», «Яндекс» сервислари, Mail.Ru Group рўйхатга киритилган, «Ҳабраҳабр» блог-сервиси эса рўйхатдан ўтиш жараёнида турибди.


Бошқа мақолалар