Ислом Каримов Қозоғистонга ўз ташрифини бошлади


  • 25 Ноябрь, 2014
  • 1198

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоевнинг таклифи билан 24 ноябрь куни Остона шаҳрига расмий ташриф билан етиб келди.

Шу куни иккала давлат раҳбарлари иштирокида учрашув бўлиб ўтди. Бу учрашувда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги алоқаларнинг ривожланиши бўйича асосий масалалар, Марказий Осиёда ва унинг атрофидаги юзага келган вазият ҳамда иккала томонни қизиқтирадиган долзарб халқаро муаммолар муҳокама қилинди.

Бу олий даражадаги суҳбатлар иккала давлат томонидан ҳам келажакда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги алоқаларнинг асосий йўналишларини белгиловчи кўп босқичли ўзаро ҳамкорликнинг асосий омили сифатида қаралмоқда.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 25 ноябрь кунига белгиланган. Президентлар тор доирада ва иккала давлат делегациялари иштирокида музокаралар ўтказадилар.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги муносабатлар нафақат узоқ муддатга мўлжалланган ҳамкорлик, балки бутун Марказий Осиёда барқарорлик ва ривожланиш нуқтаи назаридан ҳам катта аҳамият касб эмоқда.

Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасида эришилган келишувлар икки томонлама ҳамкорликнинг деярли барча соҳаларини ўз ичига қамраб олади. 1998 йилда имзоланган Абадий дўстлик ҳақидаги келишув ва 2013 йилнинг июнь ойида имзоланган Стратегик ҳамкорлик ҳақидаги келишувлар бу келишувларнинг асосини ташкил қилади.


Бошқа мақолалар