- 2019-10-01
Тасаввур қилинг, сиз Франциядаги машҳур Эйфель минораси олдидасиз. Бир аёл ўзини сизга таништирар экан, минорани кўрсатиб, унинг совуқ темирларини силаб, “Бу менинг турмуш ўртоғим”, деди. Сиз уни ё ҳазил қилаяпти деб ўйласиз, ё ақли ноқис одамга чиқарасиз. Аслида эса бу айни ҳақиқат.
Эйфель минораси билан никоҳ
АҚШлик собиқ ҳарбий хизматчи аёл ўзига рамзий “қайлиқ” сифатида Франциядаги машҳур Эйфель минорасини танлайди. 2007 йилда, бир неча гувоҳлар кўз ўнгида, Эйфелга мангу муҳаббатини изҳор қилиб, совуқ металларини ўпди ва унга турмушга чиқди. Шунингдек, хоним ўз исми-шарифини Эрик Ля Тур Эйфель деб ўзгартирди.
Америкалик хонимнинг француз металига муҳаббати абадий бўладими-йўқми, бир нарса дейиш қийин. Чунки, Сан-Францискода туриб, минглаб километр узоқликдаги Эйфелни “севиш” ва у билан эр-хотинлик муносабатлари масаласи, шунчаки ақлга сиғмайди.
Ёстиққа уйланди
2010 йилнинг баҳорида кореялик Ли Жин-кью ўз ёстиғининг “қўлини сўради”. Ёстиқ жавоб бермади, аммо Ли “Сукут—аломати ризо” дея, унга уйланди.
Айтиш керакки, бундай ёстиқлар (“дакимакура”) Шарқий Осиё мамлакатларида анча машхур. Ли “ёстиқ хоним”га Фейт Тестаросса номли персонаж тасвири туширилди. Маросимда “икки ёш”ни маҳаллий руҳоний никоҳлаган. Албатта, бу аҳмоқона никоҳни Джин-кьюнинг қариндошлари қораламоқдалар ва уларнинг “ажралиш”ларидан умидвор.
Берлин деворига турмушга чиқди
1979 йилда 25 ёшли “қари қиз” Эйя Рита икки Германияни ажратиб турган Берлин деворига турмушга чиқади ва ўз шарифини Берлинер-Мауэр деб ўзгартиради. Маълум бўлишича, Эйя Рита деворни болалигдаёқ “ёқтириб қолган” ва бир неча йил Берлинга келиш учун пул йиғади.
Орадан 10 йил ўтиб, Берлин девори қулади ва швед хоними “бева қолди”. Бироқ, “эри”нинг “хотира”сини “абадийлаштириш” мақсадида ўз уйи яқинида Берлин девори макетини ўрнатди.
Компьютер ўйини персонажига уйланди
2010 йилнинг ноябрь ойида Саи9000 номи билан танилган япониялик йигит “Лов плюс” виртуал ўйининг қаҳрамонларидан бири Нене Анегасакига уйланди. Никоҳ тўйи Гуам оролларида бўлиб ўтди. Сабаби у ерда нафақат жонсиз буюмлар, балки хаёлий қаҳрамонлар билан ҳам турмуш қуриш мумкин. Японияликнинг “хотини” бўлган Саи «Нинтендо DSi LL/XL» гаджетида яшайди. Яъни у чўнтак “Нинтенто”нинг энг йирик экранлиси. Ёзишларича, ўтган йилларда ёшлар орасида “Лов плюс” қаҳрамонлари бўлган қизларга “уйланиш” эпидемияси тарқалган.
ҚИССАДАН ХИССА
Ҳар кимнинг ҳаёти ўз қўлида. Бироқ инсоний анъаналарга содиқ қолиш барча даврларнинг ҳам мутлоқ ҳақиқати эканини унутмаслик лозим!
Муслим МИРЗАЖОНОВ.