Соқолим - ифтихорим


  • 14 Октябрь, 2017
  • 1438

Бундан бир аср аввал ҳеч кимнинг хаёлига эркакларнинг деярли барчаси кўсадек ялтираб юрадиган замонлар келиши кириб чиқмасди. Чунки у даврнинг одати бўйича йигитлар юзда соқол-мўйлаб сабза урганидан уни қиришга эмас, ўстиришга ҳаракат қиларди. Жамиятда соқол қўймаганларга бежо қаралиб, ҳатто масхара ҳам қилишарди. Мусулмон аҳолининг деярли барчаси, суннат бўлгани учун соқол қўярди. Расмий ташкилот, солиқ ва ҳарбий ҳужжатларда эркаклар ҳақида соқоллик ёки “шоби амрад” (соқоли чиқмаган ёш йигит) деб ёзиб қўйиларди.

Тилимизда соқол ҳақида мақол ва иборалар ҳам талайгина. Масалан: “Сўз кўрки  -  мақолда, йигит кўрки  - соқолда”, “Бозорга – баққол, йигитга – соқол”, “Сартарош соқолга, этикдўз оёққа қарайди”, “Ёмон хотин кўп қилади тақални, қирққа кирмай оқартирар соқолни” ва “Арслоннинг ёли, эрнинг соқоли” каби мақолларни кексалар даврасида кўп эшитиш мумкин. Иборалардан  ҳурмат маъносида  - “маҳалланинг оқсоқоли”, “оқ соқолини сийламоқ”; танбеҳ маъносида - “соқолингдан уял!”, ситам маъносида - “соқолим йўқ-да, сўзим ўтсин” кабилар бор. Бир аср муқаддам, айбдорни жазолаш, обрў-эътиборини тушириш мақсадида соқолини қириб ташлашарди. Соқолидан айрилган кимса халқ орасида бош кўтариб юра олмай қоларди. Истиснолар учраб турса ҳам, XX- аср бошларидаги деярли барча зиёли, шоир, давлат арбобларини соқоллик ҳолда кўриш мумкин. Шўро ҳукумати ўрнашиб бўлгач, соқолга бўлган эътибор сусайди, ҳатто расмий жойларда бесоқоллик рағбат кўрди.  

Баркамоллик белгисими ёки қарилик?

Соқол оқаришига баъзилар айни камолга етганининг аломати сифатида қараб, хурсандлик билан қарши олади. Айримлар эса, кексаликка далолат этгани учун қайғуриб, соқолларини бўярди. Диндорлар соқолларини ёғлаб хушбўй мушклар сурарди. Ота-боболаримизнинг соқоли одатда ҳар доим таҳорат олаётганларида ювилгани учун покиза бўларди. Ушбу эркаклик аломати толалар тўзитмасдан, юлмасдан сартарошда тартибга солинарди.

Қадимдан маҳалла, қишлоқ, мавзе, ноҳия каттаконларига “оқсоқол” дейиш одатдир. “Оқсоқол” сўзи гуруҳ ёки синф бошлиғига ва бирор соҳада кўп ишлаган, меҳнати сингган кекса кишига, раҳбарга ёки улуғ кишиларга нисбатан ўз тенгқурлари томонидан ишлатиладиган мурожаат шаклига ҳам айланган.

Соқол бошқа жамият ва дин мансублари орасида ҳам кенг тарқалган одатлардан эди. XVIII-асрдан бошлаб Европа эркаклари орасида соқол қиртишлаш расм бўлди. Лекин Европа қиролларининг, зодагонларнинг аксарияти соқолли эди. Масалан қиролича Елизаветанинг 1936 йилида ўлган бобоси V-Жорж соқолли эди. Бу одат шарқ христианлари орасида давом этди. Русия чори (царь), аҳолиси, дастлабки социалист ва атеистларнинг деярли барчаси пахмоқ соққолли бўлишган.

Проваслав роҳиблари ва яҳудий ҳоҳомлари ўз эътиқодлари бўйича албатта соқолли бўлишлари керак. Рус чори Пётр-I соқолни тақиқловчи қонун чиқарганида энг аввало ўғли “Соқол-мўйлов Худонинг эркак жинсига эномидир” деб қарши чиққан эди. Чор ғазабланиб ўғлини зиндонга ташлади. Ўз фикридан қайтмаган ўғли оқибатда қамчиланиб ўлдирилди. Кўплаб рус эркаклари соқол тарош қилмаслик учун оилаларини олиб ватанларини тарк этиб кетишди. Ҳатто бир гуруҳи Усмоний халифалигидан паноҳ топди. Усмонийлар уларга Маньяс шаҳридан ер берди. Асрлар давомида шу ерда яшаган руслар бирнеча йил аввал Россияга қайтиб кўчиб келди.

Соқолнинг ҳам анвойи тури бор

Соқолнинг чиройли, бир текис ўсган бўлиши эркаклар учун ифтихор манбаи эди. Сийрак соқолликлар бундан доимо хижолатда эди. Чунки ҳозирда “гомосексуал” деб аталадиган ҳунасаларнинг жирканч ишлари бошқача ном билан “бесоқолбозлик” деб аталарди.

Ҳамманинг жисмоний хусусияти ҳар хил бўлгани учун жамиятда мўйлов каби соқолнинг ҳам ҳар хил турлари учрарди. Чўққи соқол, эчки соқол, кетмон соқол, патак соқол, мош-гуруч соқол, така соқол, шайтон соқол, яккам-дуккам соқол, калта соқол, қизил соқол, кўк соқол, қалин соқол, қора соқол, пахмоқ соқол ва ҳоказо.

Мусулмонлар соқол-мўйлаб масаласида суннатни ўлчов қилиб олгани боис кўпгина ислом миллатларида соқол юзда ярим ой кўринишида чамбар ҳолида қўйилар, соқолнинг икки томони қулоқ олдида сочлар билан туташарди. Мўйлаб, яъни мурт эса, қош қалинлигида бўлиб, устги лабга тегмайдиган қилиб қисқартиларди. Истисноий ҳолларда соқол бошқача кўринишларда ҳам бўларди. 70 йиллик Шўро сиёсати мана шу ўлчовларнинг заифлашига катта ҳисса қўшди. Портретда Темур бобомизнинг икки чеккаси қиртишланиб, бир тутамдан қисқа соқолда тасвирланиши ўша Совет рассомчилигининг салбий таъсири бўлса керак.

Кўксигача тушиб турадиган соқолга киноя қилиб баъзилар “тахта соқол” ёки “қайчи тегмас” дер эдилар. Соқолни пастги лабдан бошлаб бир тутам ўстириш суннат бўлгани учун шу ўлчовдан узун ёки калта бўлган соқол, мусулмон жамиятида ижобий қабул қилинмасди. Бу ҳақда битта машҳур латифа ҳам бор:

Айтишларича, биттаси шам ёруғида китоб ўқиб ўтириб “Соқолнинг бир тутамдан узун бўлиши аҳмоқлик аломатидир” деган ёзувга кўзи тушиб қолади. Ўз соқолини ҳовучлаб кўрса, бир тутамдан узунроқ экан. Дарҳол учини ёнида турган шамга тутиб, ортиғини “қисқартмоқчи” бўлганида бирданига соқол-мўйлабга “пов” этиб ўт кетади-ю бутун башарасини куйдириб олади. Бечора одам шундан кейин китобдаги ҳалиги жумланинг тагига “тажриба қилинган!” деб ёзиб қўйган экан.

Ўзбекларда Советлар даврида ҳам аксарият ёши катталар соқол қўйишарди. Бу эски фотосурат ва кинофильмларда яққол кўзга ташланади. Ўша боболаримизнинг соқоллари кўзга доимо илиқ кўринар, ҳилолдай юз атрофини ўраб турган соқоллари уларга худди донишмандлардай виқор ва салобат бериб турарди. Мустақиллик йилларигача кексаларимизнинг соқол қўйиш усуллари деярли бир хил эди. Ундан кейинги йилларда ҳаж ва бошқа сабаблар билан чет элларга борди-келдилар ортди-ю жамиятда хунук соқолликлар кўпайди.

Ияк учига соқол қўйганларни элимизда “олифта” дейишарди. Афти ангорини ғарбликларга ўхшатишга уринганларга мусулмон халқ “олифта” ёхуд “такасалтанг” дерди. Бизнинг диёрларда айниқса жадидчилар пайтида соқол тарош қилиб ёки икки чеккани қиртишлаб, фақат жағ тагига соқол қўйишни хуш кўрувчилар пайдо бўлди. Мана шундай ёлғиз иякка соқол қўйиб олиш башанглик аломати сифатида кўрилиб, ундайлар “эчки соқол” деб мазах қилинарди. Масалан Ваҳҳобийларда соқол тарош қилиш ҳаром деб эътиқод қилингани учун аксарият Саудия Арабистонликлар ҳозирда фақат иякларига соқол қўйиб, ҳаромдан қутулдик деб ўйлашади. “Устоз кўрмаган шогирд  ҳар мақомга йўрғалар” деганларидек мана шу хурофот бизда ҳам авж олиб, энди эчки соқолларга “газон соқоллар” ҳам қўшилди.

Бир неча йиллар аввал соқоли борлар худди халқ ёвидай қувғин қилинар, гўёки соқол одамзот ҳаётига хавф солаётган ўлатдек унга қарши “курашиларди”! Замонни қаранг, ўшанда ҳам ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳа демай ҳамма соқол қўйишга ёппасига киришадиган кунлар келиши кириб-чиқмаган бўлса керак. Мана, соқол қўйиш бутун дунё бўйлаб яна удум ҳолига келди. Бу жараён юртимизни ҳам четлаб ўтмади. Ёш-яланг, қари-қартанг кўпчилик соқол қўйишга ҳавасманд. Лекин аждодлардан бир фарқимиз шуки, ҳозир кўпчилик соқолни савоб учун эмас, кўз-кўз қилиш учун қўймоқда. Шунинг учун аждодларимиз риоя қилган ўлчовлар тарк этилиб, ҳар ким ўз билганича ясан-тусан қилмоқда.

Соқол - эркаклар учун ифтихор сабаби эмасми, ахир.


Бошқа мақолалар