- 2016-11-01
Бу ғарбона маросим ҳақида кўпчилик маълумотга эмас. Аммо шундай бўлишига қарамасдан орамизда ўзини “ўта замонавий”,даврнинг энг сўнги модалари ва анъаналари билан ҳамқадам деб ҳисоблайдиган айрим калтабин шахслар ҳам борки, ҳатто Хеллоуинни ҳам байрам қилишга вақт топмоқда. “Ҳа, энди хурсандчилик, байрам қилса, қилибдида”, дерсиз. Аммо эрта хулоса чиқаришга шошилманг. Сабаби, эртага фарзандингиз “Хеллоунга ниқоб олиб беринг”, “қовоқ топиб беринг” дея хархаша қилса ёки юз-кўзини алмойи жалмойи, қўрқинчли тасвирларга тўлдирса, адолат нуқтаи назаридан кўнглингизда айтарга гапингиз, қайтарарга далилингиз бўлсин!
Келинг, аввало Хеллоуннинг тарихи, мазмуни-моҳияти ва маънвиятга салбий таъсири ҳақида гаплашамиз.
“Хеллоуин”—бу эски инглиз тилидаги “All Hallows Even” яъни “Барча руҳлар кечаси” иборасининг қисқарган шакли саналади.
Баъзи манбааларда, Хеллоуин — аёз, зулмат, қабоҳат ва ўлим (ёки ўликлар — мурдалар) худоси бўлган Самайн номи билан боғлиқ маросим, деб ёзилади. Уни дастлаб ҳозирги Буюк Британия ва Шимолий Ирландия ҳудудидаги халқлар нишонлаганлар.Совуқ кунлар арафасида 31 октябрдан 1 ноябрга ўтар кечаси барча чироқлар, шамлар, фонуслар, олов ва ўчоқлар ўчирилган.Қоронғу зулмат ичра одамлар ўлим фариштасига ҳамду санолар ўқишган. Биз сен билан, биз ҳам сенингдекмиз, бизнинг жонимизни олма, қабилида унга лаганбардорлик қилишган. Эртаси куни эса катта гулхан ёқиб, юзларига турли ниқоблар кийиб бир-бирларини қўрқитишган ва ораларидан кимнидир ўлим худосига қурбонлик келтиришган.
Бошқа манбада келтирилишича эса VII асрда Рим папаси Бонифаций 1 ноябрни “All Hallows Even”, яъни “Барча руҳлар кечаси” деб эълон қилган. Бугунги 31 октябрь куни нишонланадиган Хэллоуин байрами шундан келиб чиққанлиги ҳақида фаразлар мавжуд.
Маҳлуқлар кўринишидаги қўрқинчли либослару ёвузликлар акс этган ниқобларда кун бўйи кўчада оломон бўлиб юриш,шовқин-сурон кўтариш, тунги клубларга бориб кўнгиллари истаган ишни қилиш ҳамда бу орқали руҳий хузур олиш менталитетимизнинг қай бир жиҳатига мос келади?! Қолаверса, Хеллоуин куни зулм ўтказиш, ёвузлик, инсониятга хос бўлмаган жихатлар тарғиб қилинади. Бу ёшлар онгига таъсир қилишнинг Хэллоуин баҳонасидаги байрамона кўриниши, холос. Бундан ташқари, Хеллоуин куни кўплаб қонун бузилиш холатлари, турли жиноятлар, тартибсизликлар юзага келар экан.
Диққатингизни Хеллоуин билан боғлиқ воқеаларга қаратамиз:
АҚШлик “Хеллоун қотили” номини олган Жеральд Тёрнер 1973 йили Медисонда байрам куни кўчага чиққан 9 ёшли Лис Энн Френч исмли қизчанинг номусига тегади. Натижалда қизалоқ вафот этади.
15 ёшли Марта Моксли ҳам Хэллоуиннинг қурбони. У 1975 йилги байрамни дўстлари билан ўтказгани кўчага чиқади ва“хазилнинг тагил зил” бўлиб, гольф таёқчаси зарбидан ҳаётдан кўз юмади.
1990 йили байрамдан сўнг 17 ёшли Брайан Джевелл ҳамда 15 ёшли Уильям Однинг жасади ўзлари ясаган дорда осилган ҳолда топилади.
Байрам бахона қўрқинчли ниқоблар таққан талончилар гуруҳи бир хонадонга бостириб киради ва уй эгасини ўлдириб, уйни ўмаришади. Гуруҳга бошчилик қилган 17 ёшли Марселино Пина шу жиноят учун 45 йилга озодликдан махрум этилади.
Бу минг бир фожеадан айримлари холос. Аммо мазкур маълумотларнинг ўзиёқ Хеллоуиннинг асл башараси қандай эканни очиб беради, десак муболаға бўлмайди.
Хеллоуннинг асосий ранг қора ва оловранг бўлиб, қора ранг ўлим ва зулматни ифодалайди, оловранг эса важохатни англатади. “Ўликлар байрами” деб аталиши эса Хэллоуиннинг даҳшатлар гирдоби эканлигини билдиради. Қўрқинчли маросимда иштирок этган ёшнинг руҳий олами бир кундаёқ бузилади, табиати ва онги бевосита сатанизм таъсирига тушиб қолади. Ғарб мамлакатларида 31 октябрдан сўнг болалар орасида невроз, турли руҳий эврилишлар, ноодатий агрессия, тунги қўрқув каби холатлар ортиб кетар экан. “Шайтонлар каранавали”да иштирок этган болалар у ерда бир-биридан даҳшатли ниқоблар билан тўқнаш келади, ўлим, дўзах, иблис, одам бош чаноғи, суяклар, қон, тобут ҳақидаги саҳналарни томоша қилишади. Оқибатда айрим болалардаги қаттиқ қўрқув оғир хасталикларга, ҳатто суицид, яъни ўз жонига қасд қилишга ҳам сабабчи бўлар экан. Фанда қайд этилган Самайнофобия номли қўрқув тури айнан “Хэллоуиндан қўрқиш” дейилади. Бундан азият чекаётган айрим ғарб мамлакатлари Хеллоуинни таълим муассасаларида нишонлашни мутлақо таъқиқлаб қўйишмоқда.
Кўриниб турибдики, Европадаги кўплаб давлатларда ҳар йили сабрсизлик билан кутиладиган ушбу даҳшатли маросим тарихий жиҳатдан ҳам, маънавий-маданий жиҳатдан ҳам бизнинг миллатимизга, қарашларимизга умуман тўғри келмайди.
Қолаверса, Хэллоуинни нишонлаш йиллар давомида ўзгариб, бугун умуман бошқача кўриниш ва шаклга эга бўлган. Аниқроғи, юқорида айтганимиз – хориждаги айрим мафкуравий марказлар Хеллоуиндан ўз муддаолари йўлида фойдаланишаяпти.
Маълумотларга кўра, дунё бўйича катта даромад келтирувчи байрамлар қаторида Хеллоуин Роджестводан кейин иккинчи ўринни эгалайди. Масалан, биргина АҚШда айнан мазкур дахшатли тадбир сабаб ота-оналар болалари учун турли ниқоб ва либослар ҳаридига умумий ҳисобда 2,5 миллиард доллар сарфлар экан. Ана энди бу рақамларни бутун дунё бўйлаб олинг-да, ўзингиз ҳисобини чиқариб олаверинг. Кўриниб турибдики, хеллоунлаштириш айрим марказлар учун чўнтак қаппайтиришнинг яна бир самарали услуби, аслида.
Айтилганларнинг барчаси, Хеллоуин ҳақидаги ҳақиқатлар эди. Мақсад турли байрамлар, жамиятимизга ёт маросимлар ниқобида кириб келаётган бемаъни унсурлар, ажнабий анъаналару бидъатлардан бохабар қилиш эди.
Ҳар қандай ёвузлик, аҳлоқсизлик, инсониятга ёт иллатлар жамиятни ҳалокат томон етаклайди. Касалликнинг олдини олиш учун, аввало, одам танасида унга “иммунитет”, яъни “қарши курашувчанлик” ҳосил қилинади. Бунинг учун фарзандларимизни она – Ватанга муҳаббат, бой тарихимиз ва динимизга садоқат руҳида тарбиялаш керак. Ана шунда ёвуз ниятли кимсаларнинг инсон учун мутлақо зарар бўлган пуч ғоя ва даъволаридан жамиятимиз эртаси бўлмиш ёшларимизни асраган бўламиз.
Муслим МИРЗАЖОНОВ