Бухоро амирининг Русиядаги саройи


  • 25 Октябрь, 2018
  • 1028

Ҳайбатли шерлар, нақшин керамика ва (гўёки) хиёнаткор аёллар учун ўлим минораси – буларнинг барчаси Кавказдаги Ўрта Осиё ҳукмдорининг собиқ саройида жойлашган. Ушбу иморат Железноводск паркининг ғарбий киришидан узоқ бўлмаган жойда қад ростлаб турибди. Ёзни ўтказиш жуда қулай бўлганлиги учун бу жой бекорга танланмаган.

Бухоро амири Саййид Абдулаҳад хон, Россия империясига қарам бўлган йилларда тахтга чиқади. Лекин ўзи Россияни яхши кўрарди. Иссиқ вақтларда Қрим ва Кавказга дам олишга келарди. Хон 1894 йили ёзни илк бор Ялтада ўтказди ва шундан буён бирорта ёзни Ялтадан ўзга жойда ўтказмади.

Россияда уни ҳар доим подшоҳларга мос равишда кутиб олишарди. Амир ҳам ўз навбатида у ёқларда даволангани учун сахийлик билан соққасини тўлаб, хайрия фондларига катта маблағлар ажратарди. Натижада амир, Ялта ва Железноводскда иккита ёзги уйга, тўғрироғи саройга эга бўлди.

1909 йили сарой қурилиши бошланади. Қурилишга нафақат маҳаллий ишчилар, балки Бухородан ҳам усталар жалб қилинади. Лекин Саййид Абдулаҳад хон, ўз саройини кўра олмай, 1910 йили инфарктдан вафот этади. Сарой, ўғли Саййид Олим хонга мерос қолади. У бўлса, меросни рад этиб, саройни Рус Чори оиласига ҳадя қилиб юборади. Ушбу резиденция бир йил педагог аёлларга санатория сифатида хизмат кўрсатади. Кейин Биринчи жаҳон уруши бошланганида госпиталга айлантирилади. Революциядан кейин яна санатория ҳолига келтирилади.

Ҳозир амирнинг собиқ саройи Россия давлат қарамоғида. Ўтган йили у инвесторларга ижарага берилди. Энди 2020 йилгача қайта таъмирланиб, меҳмонхона сифатида иш бошлаши керак.


Бошқа мақолалар