- 2022-05-18
Каъбанинг атрофидан олиб ташлаб йўқотилмоқчи бўлган тарихий Усмоний равоқлари Туркиянинг босими билан қайтадан ўз муносиб жойига ўрнатилди.
Саудия Арабистон ҳукумати тарафидан Ҳарами шарифни кенгайтириш ишлари чоғида Каъбанинг атрофидан олиб ташланган Усмоний равоқлари Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғоннинг ҳатти-ҳаракатлари натижасида ўз жойига қайтарилди. Энди ҳаж ва умра зиёратига келадиган мусулмонларни Усмоний равоқлари қарши олади.
Тўрт йил аввал кенгайтириш ишлари бошланганида осмонўпар меҳмонхоналар соясида қолиб кетган Усмоний равоқларининг жойига қайтарилмаслиги ҳақидаги гап-сўзлар дунё миқёсида норозилик уйғотганди. Туркия давлати ҳам бу билан жиддий равишда шуғуллана бошлади. Саудия Арабистон қироли Абдулла бин Абдулазиз ал Сууднинг Каъба атрофини кенгайтириш амридан кейин равоқлари бузиб ташланиши маълум бўлганди, лекин ўша даврдаги Туркия бош вазири Эрдўғон бунга моне бўлганди.
Равоқларни олиб ташлаш ишлари бошланишидан аввал Саудия Арабистондан бир ҳайъат келганди. Турк раҳбарияти тарихчилар ва меъморлар билан учрашувлар ўтказганди. Сўнгра Туркиядан Саудия Арабистонига борган меъмор, муҳандис ва тарихчилардан ташкил топган 200 кишилик гуруҳ тарафидан равоқлар ўз жойларига ўрнатилди.
Бу ишларда бевосита иштирок этган бир ҳайъат аъзоси шундай деди:
“Саудиялик раҳбарлар “Намунча бизни қийнайсизлар. Эски-туски тошлар билан овора қилманглар, ҳаммасини хасга ташлайлик-да янгисини қўяйлик” дейишди. Бундай на тарих, на аждод, на қадрият шууридан бенасиб одамга қандай жавоб беришни ўйлаётганимизда Бош вазир (ҳозирги президент Эрдўғон) қўнғироқ қилиб қолди. Йиғилишда танаффус эълон қилдик. Эрдўғон музокаранинг қандай ҳолатда эканлиги билан қизиқди. Мен “Ҳозир йиғилишдамиз” дедим. Телефонни ўчиргандан кейин бу ишлар бўйича асосий саудиялик фирманинг директори ким билан гаплашганимни сўради. Мен “Бош вазиримиз Эрдўғон лойиҳани ва Усмоний равоқларнинг қандай муҳофаза қилинмоқчи эканлигини сўради” дедим. Саудиялик фирма раҳбари бироз жим бўлиб қолди. Сўнгра стол атрофида ўтирганларга “Йиғилиш тугади” дегач, менга юзланиб “Сизлар айтгандек бўлсин. Лекин бу ишни ўз зиммаларингга оласизлар.” деди. Усмоний равоқларининг эҳтиётлик билан олиниб, янги лойиҳага уйғунлаштириш ҳақида шартномани имзоладик.”
Каъба атрофидаги равоқларнинг ясалиши султон Салим II салтанати даврида бошланиб, ўғли султон Мурод III даврида тугалланганди.