Бутун Грузия ҳудудида электр энергияси ўчди


  • 24 Июль, 2026
  • 8

Пайшанба оқшомида Тбилисини ҳам ўз ичига олган ҳолда Грузиянинг деярли бутун ҳудудида электр энергияси ўчди.

Блэкаут ҳақида маҳаллий ОАВ ва ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари хабар бермоқда. Узилиш сабабли пойтахтда светофорлар ишламай қолди, мамлакатнинг турли туманларида яшовчи аҳоли эса электр таъминотидаги узилишлар ҳақида маълум қилди.

Кенг кўламли узилиш сабаблари ҳозирча аниқ эмас. Тахминларга кўра, қайсидир электр станциясида йирик ҳалокат содир бўлган бўлиши мумкин.

Икки соат ўтгач, Давлат электр тизими Грузияда электр таъминотини босқичма-босқич тиклаш бошланганини маълум қилди.

“Бутун мамлакат бўйлаб электр таъминотини тиклаш босқичма-босқич давом этмоқда. Айни пайтда Тбилисида - Дидубе, Ваке, Мтацминда ва Крцаниси туманларида электр энергияси узатилиши қисман тикланди. Шунингдек, Кутаиси, Чиатура, Сачхере, Они ва Амбролаурининг бир қисмида ҳам электр таъминоти қайта тикланди” дейилади баёнотда.

Давлат электр тизимида қўшимча қилишларича, мутахассислар ҳалокатнинг аниқ сабабини аниқлашни давом эттирмоқдалар. Текширув якунлангач, жамоатчиликка қўшимча маълумот тақдим этилади.


Бошқа мақолалар