- 2014-02-08
Археологик тадқиқотлар ҳозирги Туркистон шаҳрининг атрофида қадимги шаҳарлар бўлганлигини кўрсатмоқда. Сувноқ, Шойтобе, Қорачиқ ва Тўрткўлтобе булар жумласидандир. Бу шаҳарлар ўз даврларида минтақанинг бош шаҳарлари бўлишган. Маҳмуд Қошғарий “Девони луғатит турк” номли китобида “Қорачуқ – Фаробнинг иккинчи номи” деб ёзган.
IX асрда Шауғар билан Фароб ҳудудлари Тарбат деб аталган. Шауғар атрофида атрофи баланд деворлар билан ўралган шаҳар бўлган. Араб манбалари бу шаҳарни Шауғар деган бўлса, туркий манбалар эса Қорачиқ деб атаган. X-XI асрларда Қорачиқ қорахонийлар ҳукмида бўлган. Ўша вақтдаги ёзма манбаларда фақат Қорачиқ деб аталган.
“Қорачиқ” номининг келиб чиқишини излаштирадиган бўлсак, Х аср ўрталарида Самарқандда Муҳаммад Ўғиз Яссавий деган подшо бўлган экан. У қиш фаслини Самарқандда, ёзги мавсумни эса ўз навкарлари билан Туркистон тоғи ёнбағрида ўтказар экан. Подшо овга жуда қизиққан. Бир куни Туркистондаги “Жабали Қорачуқ” тоғи атрофида ов қилиб юрганида ўлжалари тоққа қочиб кетади. Бундан ғазабланган подшо “Қорачуқ тоғи йўқ қилиб ташлансин” деб амр қилади. Подшонинг ҳукмини бажариш учун одамлари Туркистондаги бутун олим-авлиёларни тоғ ёнига тўплашади. Тўпланган авлиёларнинг сони 3332 нафар бўлади. Улар етти кеча етти кундуз бор билган дуоларини ўқишади. Лекин тоғ ўз ўрнидан силжимади. Шунда подшо тўпланганлардан “Нимага тоғни ер остига чўктириб юбормайсизлар?” деб сўрайди. Тўпланганлар ичидан бир қария “Амирим, биз биладиган барча дуоларни ўқидик, лекин бир зот ўткир нафаси билан бизнинг ўқиган дуоларимизнинг кучини қирқмоқда. Унга кучимиз етмаяпти. Бўлмаса аллақачон тоғ йўқ бўлиб кетган бўларди” деди. Подшо “Юртимизда кучли авлиёлардан яна ким қолди?” деб сўраганида “Сайрам тарафда Иброҳим шайхнинг ўғли Аҳмад яқинда отасидан ажралди. Таъзиялик бўлгани учун бу ерга олиб келишга имкон бўлмади” дейишади. Орадан кўп вақт ўтмай подшонинг амри билан Аҳмадни бу ерга олиб келишади. Ёш Аҳмад дуо қилишни бошлаши билан тоғ ерга чўка бошлади. Дуо тугагач, қўлларини юзидан туширган подшо тоғнинг бутунлай йўқ бўлганлигини кўради. Тоғ ўрнида теп-текис майдон ҳосил бўлганди. Ёш Аҳмаднинг дуосига тан берган подшо ўз исмининг мангу қолишини ўйлаб, уни бундан буён Аҳмад Яссавий деб аташ ҳақида амр беради. Бу тоғнинг бўлганлигига далил ҳозирги Қорачиқ қишлоғида қудуқ қазилганида 7-8 метрдан кейин чиқадиган катта харсанг тошлардир. Қорачуқ сўзини кейинчалик ўзгариб, Қорачиқ ҳолига келган. Қорачиқ сўзининг қуйидагича маънолари бор:
1. “Қорачуқ” сўзи форсча бўлиб, “шаҳар ташқарисидаги кичик сой” деган маънони билдиради.
2. Ўғизхоннинг неварасининг исми Қорачиқ бўлган.
3. Қорачиқ – кўз қорачиғи маъносида.
4. Қорачиқ – “қараб чиқ” деган сўзининг ўзгаришидан келиб чиққан. (Давоми бор)
Музаффар Умаров