- 2023-04-10
Жоҳилия даврида ҳам “Ҳаром ойлар” деб аталадиган уруш, жанг қилиш, одам ўлдириш ҳаром бўлган ойлар бор эди. Асри саодат жоҳилия даврини тугатди. Севимли пайғамбаримиз алайҳиссалом билан коинот нурланди. Бугунги даврга келиб, инсоният яна жоҳилия замонига қайтгандек гўё.
Замонанинг Абу Жаҳллари, Абу Лаҳаблари яна алалкимлари ёмонлик устига ёмонлик қилишмоқда. Ислом янги келганида мусулмонлар бир ҳовучгина эди, орқа суягувчи ҳеч кимсалари йўқ эди. Мушриклар уларни ақл бовар қилмайдиган қийноқларга солишарди.
Мусулмонлар бугун яна ғариб, соҳибсиз ва суянчиқсиз. Яна адолатсизлик ва зулм остидалар... Бутун ислом оламида бегуноҳ қонлар тўкилмоқда. Золимлар на рамазон ойига, на рўзага қараб туришгани йўқ.
Шарқий Туркистонлик уйғур мусулмонлари ўз ватанларида намоздан, рўзадан, ёпинишдан, инсонлардек ҳаёт кечиришдан, тижорат қилиш ҳаққидан маҳрумдирлар. Аракан мусулмонлари дин одами қиёфасидаги буддист роҳиблар тарафидан турли зулмларга дучор бўлишмоқда, ватанидан маҳрум бўлишмоқда. Ҳиндистон мусулмонлари бир вақтлар ҳукмронлик қилиб, бугун эса тилларини тишлаб, лом-мим демай яшаб келишмоқда. Кавказ мусулмонларининг минг турли муаммолари бор. Ироқ ғарблик очофатлар томонидан барбод қилинди. Сўнгги 10 йилда ўлган, ногирон бўлиб қолган инсонларнинг сони маълум эмас. Ўша гўзаллик рамзи бўлган Бағдод жуда ачинарли аҳволга тушган. Сурия ундан ҳам бадтар ҳолатда. Суриянинг аҳволини айтиб бериш учун сўз етмайди. Қрим татар мусулмонлари Сталин тарафидан уйларидан, иссиқ жойларидан кўчирилиб, бир кечада Сибирга, олис Осиё даштларига сургун қилинди. Қримда қримликлар қолмаганди. Ярим асрлик бу сургундан собиқ иттифоқнинг парчаланиши сабабли қутулиб, ватанларига қайтдилар. Лекин қайтиб келган ватанларида келгиндидек бўлиб қолишди. Қрим Украина ва Россия орасида бориб-келмоқда. Ахиска турклари ҳам татарлар каби айни сургун ва зулмларни яшашди.
Ғарбий Фракия турклари ҳамма нарсага қарамай тенгҳуқуқли ватандош эмаслар. Босня, Косова бир амаллаб кун кечиряпти. Ливия, Миср ва Яманни айтиб ўтиришнинг ҳожати ҳам йўқ. Баъзисида давлат парчаланган, баъзисида қўғирчоқ режим тез-тез ҳақиқий ватанпарварларни ўлимга ҳукм қилмоқда. Мусулмон Африка ўлкалари эса юракдаги алоҳида бир жароҳат. Сомалининг номи қашшоқлик билан маънодош бўлиб қолди. Бангладешнинг аҳволи ҳам ундан яхши эмас. Фаластин 70 йилдан бери зулмнинг ҳар турини яшади ва яшамоқда.
Европа давлатларига ўз вақтида ишчи бўлиб кетган мусулмон қавмлар ҳам турли муаммолар гирдобида. Гоҳи-гоҳида уйларига ўт қўйилмоқда, ибодатлари тақиқланмоқда, хўрланмоқдалар...
Дунёда 60га яқин мусулмон давлати бор. Хочли эҳтиросини ҳеч қачон сўндирмаган христиан мутамлакачи дунё бу ўлкаларнинг ҳар бири бошига алоҳида бир ташвиш солиб қўйган. Ислом ўлкалари ўзлари билан ўзлари овора бўлиб, бирлашиш ўйларига келмаяпти. Кўпгина ислом давлатини бошқариб ўтирганлар аслида ғарбнинг одамлари. Ислом географиясида ер ости ва ер устида қандай бойлик бўлса, уларнинг калити мустамлакачи дунёда. Мустамлакалари давом этиши учун империалистлар мусулмонлар орасида ихтилоф ва жанжал чиқаришмоқда. Ислом олами бошсиз, асосий мўтадил йўллари бўлган сунний мусулмонликдан ҳам тобора узоқлашиб, салафийлашиб кетди.
Рамазон ойидамиз. Лекин... Ислом оламида ҳузур йўқ. Ғам-ташвиш, дард, кўз ёши...
Мусулмонлар 1400 йиллик тарихининг ҳеч бир даврида 1914 йилдан бери давом этаётган қашшоқликка тушмаган.