- 2023-07-11
Беш ҳафтадан бери Сурияда авиазарба бераётган Россия ҳаво кучлари ИШИДними, мухолиф гуруҳларними ёки тинч аҳолини нишонга олгани ноаниқ.
Американинг “SAMS” фондининг хабарига кўра, бундан икки ҳафта олдин Идлибдаги касалхона Россия бомбасидан вайрон бўлган ва ҳужумда 12 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган. Россия буни инкор қилиб, касалхонанинг вайрон бўлмаганлиги акс эттирилган суратларни эълон қилди. Москва нишондан адашмайдиган қуроллар билан фақатгина террористларга ҳужум қилинаётганини таъкидласа, Сурия ва ғарблик манбалар Россия бомбаларидан ҳалок бўлаётган оддий аҳоли сони ортаётганини билдирмоқда.
Россия мудофаа вазирлиги сентябрь бошидан октябрь охиригача қирувчи самолётларнинг 1400 парвозни амалга оширганлигини ва ушбу парвозларда 1623 террор маконлари бомбаланганини билдирди. Лекин мутахассислар бу хабарнинг икки жиҳатдан нотўғри эканлигини айтишмоқда. Русларнинг кимни террорист деб ҳисоблашликлари маълум бўлмаганидек, ҳисоботларда тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ҳам кўрсатилмаган.
Россия ҳукумати тинмай Сурия президенти Ассадни террористик ташкилот ИШИД, Ал Қоида ва Жабҳатул Нусра билан курашда қўллаб-қувватлашини билдирмоқда. Москва ва Шомнинг назарида режимга қарши мухолифатнинг барчаси “террорист”. Озод Сурия армияси ғарб ва алаб давлатлари тарафидан дастакланмоқда. Рус қирувчи самолётларининг ҳам аввало мухолифатни нишонга олаётгани кўринмоқда.
Шиддатли ҳужумларга учраган Халабда журналист Муҳаммад Ал Хатиб Россияни дастлаб Озод Сурия армияси ва унинг иттифоқдошларини бомбалаш билан айбламоқда. Америка уруш тадқиқотлари институти ҳам Россия самолётларининг ИШИД ва Жабҳатул Нусра назоратидаги минтақаларни бомбардимон қилганини, лекин ҳужумларнинг асосий қисми мухолифатга йўналтирилганлигини айтди.
АҚШда жойлашган инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилоти (Human Rights Watch) Россияни 33 нафари ёш бола бўлган 59 нафар тинч аҳолини ўлдириш билан айбламоқда. Лондондаги Суридаги инсон ҳуқуқларини назорат қилиш ташкилотининг маълумотларига кўра, Россия ҳаво операцияларининг илк ойида ҳалок бўлганларнинг учдан бири, яъни 600 га яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган.
Ахборот урушида тарафлар спутник суратлари ва видео тасвирларига ишонишмоқда. Қайдлар қачон олинганлиги аниқ эмас.
Уруш бўлаётган минтақага боришга журъат қилган бир журналист Жабҳатул Нусрага қилинган ҳаво ҳужумида кассеталик бомба ишлатилганини ва бомбалардан бири нишонидан адашиб, яқиндаги бир қишлоққа тушганлигини билдирганди. Бомбардимон вақтида шу ерда бўлган швейцариялик журналист Курт Пельда рус қирувчи самолётларининг нуқта нишони ўрнига асосан оммавий бомбардимон қилганлигини ва тинч аҳолини бомбалашни истамаган тақдирида ҳам аҳоли ичидаги йўқотишларнинг олдини оломаслигини айтмоқда. Пельда Россия ва Сурия ҳаво кучлари айни русумли қирувчи самолётлардан фойдалангани учун тинч аҳолига қилинган ҳар бир ҳужумдан Россияни жавобгар қилиш нотўғри эканлигини билдирди.
Лекин шуниси аниқки, бомбардимон натижасида тинч аҳоли ичида қурбонлар кун сайин ортмоқда. Иттифоқдошининг жангга киришганидан жасорат олган ҳукумат кучлари ҳам ҳужумларни орттирмоқда. БМТ фақатгина октябрь ойида 124 минг сурияликнинг Халаб, Идлиб ва Хомсдаги уйларини тарк этишга мажбур бўлганлигини маълум қилганди.