- 2022-03-26
Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон Чикагода ўтказилган Америка жамияти мусулмонлари билан Шимолий Америка ислом ҳамжамияти ҳамкорликда ўтказган 20-конгресси иштирокчиларига видеомурожаат йўллади.
Туркия президенти коронавирус пандемияси даврида бир қатор ўлкаларда исломофобия ва радикализмга асосланган жиноятлар кўпайганини таъкидлади. Бундай вазиятда мусулмонларнинг бирдамлиги ва ўзаро ҳамжиҳатлиги жуда аҳамиятли.
Эрдўғон мусулмонларни умидсизликка тушмасликка ва муаммоларга қарши курашишга чақирди. У “Уммат ичида этник ва маданий фарқлар туфайли бўлинишнинг олдини олиш жуда зарур. Этник ва маданий мансублик, мазҳаб ёки тери рангига қарамай барча мусулмонлар биродардир” деди.
Туркия президенти исломда низо ва терроризм бўлмаганлигини, бундан кейин ҳам уларга ўрин йўқлигини таъкидлади. Эрдўғон “Олам тезкорлик билан ривожланиб бораётган даврда мусулмонлар чеккада қолмаслик керак, аксинча ўз кучига ишониб, жамиятда муносиб ўрин эгаллашга интилиши лозим” деб гапирди.