Интернетда Ўзбекистонга ўрин йўқ


  • 4 Декабрь, 2015
  • 1317

БМТ қошидаги Халқаро электроалоқа кенгаши (ITU) интернет сифати бўйича дунё рейтингини эълон қилди.

Таҳлиллар натижаси шуни кўрсатмоқдаки, 2010-2015 йилларда АКТ тараққиёт индекси (IDI)га қўшилган барча 167 давлатнинг IDI бўйича кўрсаткичлари яхшиланди. Шунингдек, мобиль алоқа абонентлари сони ҳам жадаллик билан ортиб бормоқда. Улар сони 7,1 миллиарддан ошиб, уяли алоқа Ер юзи аҳолисининг 95 фоиздан зиёдроғини қамраб олди.

Кенг полосали тармоқ ва мобиль алоқа Жанубий Кореяда энг тараққий этган. Ундан кейинги ўринларни Дания, Исландия, Британия ва Швеция эгаллаган. Япония 11- банддан жой олган бўлиб, Германия ва АҚШ — мос равишда 14 ва 15- ўринларда қайд этилган.

Катта иқтисодий имкониятларга эга бўлишига қарамасдан, Хитой ташкилот рейтингининг 82- поғонасидангина жой олган. Ҳиндистон эса беш йил аввалгига қараганда 5 поғона пастлаб, 131- ўринни банд этди.

ITU ҳисоботида дунёдаги 350 миллион киши на интернет, на мобиль алоқа билан таъминланмай қолаётгани ҳақида сўзлайди. Улар, қоидага биноан, дунёнинг Малави, Мадагаскар, Эфиопия, Эритрея ва Чад каби қашшоқ мамлакатларда яшайди.

IDI рейтингида МДҲ давлатларидан Белорусь энг яхши натижани қайд этиб, дунё рейтингида 36 ўринни банд этди. Кейинги ўринларни Россия (45), Қозоғистон (58), Қирғизистон (97) ва бошқалар эгаллаган. Мазкур рўйхатда Ўзбекистон ҳақида маълумот тақдим этилмаган, фақатгина ҳисоботда қайд қилинган кенг полосали алоқа хизматлари савати рейтингида мамлакатимизнинг 2014 йилдаги кўрсаткичи 102- ўрин дея белгиланган.

Маълумот учун, бутун дунёда кенг полосали алоқа хизматидан фойдаланувчилар сони 2010 йилдаги 0,8 миллиарддан 2015 йилда 3,5 миллиардга қадар ошди. Ривожланмаган мамлакатларда фақатгина 6,7 фоиз хонадонга интернет кириб борган бўлса, бутун дунёдаги ўртача кўрсаткич 46 фоизни, ривожланган мамлакатларда эса 80 фоиздан зиёдроқни ташкил этмоқда. Бу ҳақда БМТ қошидаги Халқаро электроалоқа кенгаши (ITU) ҳисоботида сўз боради.

kun.uz сайтидан олинди.


Бошқа мақолалар