Саудиялик шаҳзода Эронга инвестиция киритишни тўхтатди


  • 6 Январь, 2016
  • 1093

Саудия Арабистони шаҳзодаларидан бири Ал-Валид ибн Талал Эрон билан боғлиқ барча лойиҳалар ва инвестицияларини бекор қилди. Бу ҳақда Рейтер агентлиги хабар тарқатмоқда.

Қайд этилишича, у Эрон элчисининг учрашиш ҳақидаги илтимосига рад жавобини берган. Ибн Талал 34 фоиз акцияси ўзига тегишли Flynas авиаташувчисининг барча рейсларини бекор қилган.

Агентлик бу шаҳзода Эрон билан қандай бизнес алоқаларида бўлгани ҳақида аниқ маълумот бермаган.

Ўтган ҳафтанинг шанба кунида Саудия Арабистони Ички ишлар вазирлиги 47 киши, шу жумладан, шиа тарғиботчиси Нимр ан-Нимрнинг қатл этилгани ҳақида эълон қилган эди. Имомнинг қатл этилиши ҳақидаги хабар шиа сиёсий ва диний арбобларини қаттиқ ғазабга келтирди ва натижада оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетди. Намойишлар вақтида Саудия Арабистонининг Теҳрондаги элчихонасига ўт қўйилди.

Бу ҳолат Ар-Риёд ва Теҳрон ўртасида дипломатик муносабатлар батамом узилишига сабаб бўлди.

Шундан сўнг, аввал Баҳрайн ва Судан Эрон билан алоқаларни тўхтатди. Кейинроқ эса БАА ва Қувайт Теҳрондаги элчиларини чақириб олди.

Kun.uzдан олинди.


Бошқа мақолалар