Обаманинг "Нуқта"си


  • 14 Январь, 2016
  • 1302

Обама сўнгги интервьюсида “Дунёнинг ҳокими бизмиз” деди. Ҳатто масхаромуз қилиб “АҚШ дунёнинг энг кучли давлати." дегач ортидан "Нуқта” деб қўшиб ҳам қўйди. Бу билан "ер юзининг энг кучлиси ким" деган тортишувга аниқ жавоб билан нуқта қўйганини эълон қилди.

Иқтисодий жиҳатдан қандай кучайганликларини ва “ЯГОНА МАРКАЗ” ҳолига келганликларини узундан-узоқ тушунтирди.

Гапи орасида Россияга пичинг қилиб “Бизнинг иқтисодиётимиз битта нарсага боғланиб қолмаган” деди. Яъни “Биз ишлаб чиқарувчи иқтисодиётмиз, Россияга ўхшаб фақат нефть ва табиий газга қарам эмасмиз” демоқчи бўлди. Кеча нефть бозорида бир шов-шувли хабар тарқалди. Тарихда биринчи марта бир баррелнинг нархи 30 доллардан тушиб кетди.

Яқинда 20 долларга тушиши ҳақида банклардан тортиб нефть ширкатларигача бонг урмоқда. Ва кеча Россиядан “Адои тамом бўлдик!” деган фарёдлар кўтарила бошлади. Россия иқтисодий ривожланиш вазири Улюкаев “Хавотиримиз нархларнинг 20 долларга тушишида эмас, бунинг узоқ муддат давом этишидадир” деб, ҳукуматни тадбир олишга чақирди. Россия банкрот бўлган давлат банкини қутқариш учун 15 миллиард долларлик субсидия ажратиш билан овора.

Кеча Улюкаевнинг ортидан молия вазири Сулианов ҳам йиғловчилар қаторига қўшилди. “Дунё иқтисодиёти секинлашди. Ҳар минтақда кўплаб нефть қудуқлари бор, энди нархлар кўтарилмайди. Давлат бюджет харажатларини камида 10%га қисқартириш керак” деди. Сўнгги баёнот бош вазир Медведевдан кечки соатларда келди: “Иқтисодиётда сўнгги 10 йилнинг энг ёмон кунларини бошдан кечиряпмиз. Ҳеч қачон бундай қийналмаганмиз.” Дунёда кўплаб нефть ширкатлари кетма-кет ўз банкротини эълон қилмоқда. Лекин энг катта зарарни 120та НЕФТЬ ШИРКАТИ банкрот эълон қилган Россия кўрди. Москванинг бюджет дефицитини кўрмаслиги ва банкрот бўлмаслиги учун нефтнинг бир баррели камида 82 ДОЛЛАР бўлиши керак.

Ваҳоланки нефть нархи  зудлик билан 20 доллардан ҳам пастга томон тушмоқда. Бу арзончиликда фақатгина Россия банкрот бўладими? Йўқ... Саудия Арабистондан бошлаб йиллар давомида Ўрта Шарқ нефти орқали подшолардек яшаётган бошқа араб ўлкаларигача барчасининг бели синади. Нефть қазиб чиқарувчи Жанубий Америка ўлкалари кетма-кет банкрот бўлади. “БАНКРОТ БЎЛДИМ” деганлар нима қилади? Оёғини қўлига олиб Вашингтон томон чопади... Обама сўнгги чиқишида шунинг учун “Дунёда бўлаётган муҳим масалаларда  ҳамма лидер сифатида Россия ёки Хитойга эмас, балки бизга мурожаат қилади” деди.

Ҳа, аввалдан ҳарбий кучи орқали ўлкаларга кириб, ўз ҳукмронлигини ўрнатиб келган АҚШ, бундан буён ПУЛ билан давлатларни истило қилмоқда. Нефть нархларини тушириш билан рақибларига бот-бот зарба бермоқда. ДОЛЛАР БИЛАН уларнинг елкасига чиқиб олмоқда. Энди олдимиздаги даврда дунёни катта иқтисодий танглик, кризис кутмоқда. Нефть орқали йиллар давомида катта фойда кўрган давлатлар банкрот қилинади ва барчаси халқаро валюта жамғармаси (IMF) олдида тиз чўктирилади.

Ёлвориб сўрайдиган “ҚАРЗ ПУЛ” туфайли сотиб олинади ва “ПУЛ КУЧИ БИЛАН” дунёда янги хариталар чизилади. 


Бошқа мақолалар