Лотин ёки кирилл – қай бири маъқул?


  • 17 Март, 2017
  • 6074

1993 йили «Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш тўғрисида»ги қонун эълон қилинган эди. Орадан қарийб 24 йил ўтди, бу орада алифбо бир марта ислоҳ қилинди, унга ўтиш муддати бир неча бор чўзилди. Хуллас, лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосини жорий этиш масаласи баъзи субъектив-объектив сабабларга кўра ҳалигача ҳал этилгани йўқ.

Ҳозирги аҳволимиз қандай?

Ҳозир бизда қўшалифбо тизими: ҳам кирилл, ҳам лотин алифбоси тенг қўлланмоқда. Бири иккинчиси билан рақобат қилмайди, зиддиятга бормайди, аммо ҳеч бири ўз ўрнини бошқасига бўшатиб бергиси йўқ. Бу яхшими? Албатта, яхши эмас.

Умуман олганда, алифбо алмаштириш биз учун янгилик эмас. Ҳатто юқорида тилга олинган қонунда ҳам «...ўзбек ёзувининг лотин алифбосига ўтилган 1929–1940-йиллардаги ижобий тажрибасидан келиб чиқиб...», деган жойи бор. Фақат амалда бу тажриба камлик қилди. 1929–1940-йилларда араб ёзувида саводи бўлган аҳоли ва бу ёзувда битилган ёзма илмий-адабий меросни 1993 йилдагиси билан ҳеч солиштириб бўлмаслиги ҳисобга олинмаган экан.

Бу сафар йўналишни ўзгартириш осон кечмаяпти. Худди енгил авто уловни тўхтатиш билан катта юк поездини тўхтатиш бир нарса бўлмаганидек, катта уловда инерция узоқроқ давом этади, хавф юқори, талафот ҳам кўп бўлади. Шундай деймизу, кирилл алифбосидан воз кечган бошқа собиқ иттифоқ республикаларига қараймиз: туркманлар, озарбайжонлар бир пасда уловни жиловлаб, бўйсундириб, ўз йўлларига солиб олишди-я. Уларда лотин алифбоси кириллчани сиқиб чиқарганига анча бўлган. Унда гап нимада? Гап уловда кетаётганларда — бизларда.

Нега шундай аҳволдамиз?

Чўнтагингиздан миллий валютамизни олиб кўринг, ҳа, ўзимизнинг сўмни. Ундаги ёзувлар қайси алифбода? Кириллчада! Лотинлаштириш ҳақидаги қонун 1993 йили қабул қилинди, сўмни эса 1994 йилдан буён ишлатиб келаяпмиз. Ундан кейин ҳам неча марта янги купюралар муомалага киритилди. Ёзувлар яна ўша-ўша — кирилл алифбосида. Биз буни сезмаймиз ҳам. Газета-журналларнинг номи, сарлавҳалари лотинчада бўлса, мақолаларнинг ўзи кириллчада. Кўча номлари, муассасалар, корхоналар, дўконлар, дорихоналар... хуллас, кўзга кўринган пешёзувларнинг ҳаммасида лотин алифбосидан фойдаланилгани ҳолда, иш юритиш кириллчада олиб борилмоқда. Ҳа, биз қонуннинг ижросига дарҳол киришмай, кўп вақтни бой бердик. Тўғри, қонунда «Лотин ёзуви асосидаги ўзбек алифбосини жорий этиш билан бирга Ўзбекистон халқининг миллий ифтихори бўлмиш бебаҳо маънавий мерос битилган араб алифбосини ва кириллицани ўрганиш ва улардан фойдаланиш учун зарур шароитлар сақлаб қолинади» дейилган (2-модда). Аммо кирилл алифбоси бу «қуш ҳуқуқи»ни суиистеъмол қилиб юборгандек.

Ўзимизни танқид қилганимиз яхши, лекин бу муаммонинг бир жиҳати, холос. Объектив сабаблар ҳам бор. Биз истамаяп­миз, кирилл кетмаяпти, бу рост. Аммо нега истамаяпмиз? Бу савол жиддий масалалар устида бош қотиришга мажбур қилади.

Мен техник ва гуманитар мавзуларда китоблар чиқарадиган нашриётда бош муҳаррирман. Янги алифбонинг барча қулайлиги-ю ноқулайликларига ҳар куни дуч келаман. Шахсий тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, лотинлаштиришнинг муваффақиятсизлигига икки асосий сабаб бор.

1-сабаб. Амалдаги лотин алифбоси кўп ноқулайликларга эга.

Биринчи ноқулайлик o‘ ва g‘ ҳарфлари­ билан боғлиқ. Бу ҳарфларни клавиатурада алоҳида тугмачаларга боғлаб қўйишнинг иложи йўқ. Қолаверса, ‘ белгиси тутуқ белгиси ’ билан шаклан ўхшаш. Уларни ифодалаш учун биз клавиатурадаги бир неча (бирваракайига 5 та!) тугмалар комбинациясидан фойдаланамиз ёки матнни териб бўлгач, o‘ ва g‘ ҳарфларини­ «автозамена» функцияси орқали умумий алмаштирамиз. Бу —  масаланинг техник жиҳати. Амалда эса, масалан, «to‘g‘ri» сўзидаги икки қўшимча белгидан бирининг тушиб қолиши кўп учрайди (ё «to‘gri», ё «tog‘ri»), ҳатто саводли ёзилган матнларда ҳам. Бу ҳарфлар матн теришда ноқулайлик туғдиради.

Иккинчи ноқулайлик sh ва ch ҳарфлари билан боғлиқ: бу ҳарфлар инглиз ёки бошқа тиллар учун қулайдир (чунки уларда аксар сўзлар қисқа, sh, ch ҳарфларининг бир сўзда икки марта ишлатилиши ёки ўзакка шу ҳарфлар иштирокида қўшимча қўшилиши учрамайди), аммо ўзбек тилида бу ҳарфлар ноқулайлик келтириб чиқармоқда. Шу ундошлар бир неча марта иштирок этган qashshoq, cho‘chish, shishish, pashsha, ishchi, uchrashish каби сўзлар ёзишга ҳам, ўқишга ҳам ноқулай. Шу са­бабли ижтимоий тармоқларнинг кўпчилик фойдаланувчилари ҳарфларни аллақачон w, 6, 4 кабилар билан алмаштириб олишган. Қатордан қаторга кўчирганда эса компьютер икки белгини бир-биридан ажратиб юборади.  Бу қўш ҳарфларнинг алифбога киритилиши (эътибор беринг, инглиз алфавитида улар йўқ, ҳарф бирикмалари сифатида алоҳида ўргатилади) ва алифбомизда йўқ «с» ҳарфи иштирокида қўш ҳарфнинг ясалиши (ch) эса мантиқсизликдан ўзга нарса эмас.

Учинчи ноқулайлик — «ц» товушининг ҳозирги лотин алифбосида алоҳида ҳарф билан берилмагани. Биз «ц»ни ўрнига қараб «ts» ёки «s» билан ифодалаймиз. Тўғри, «ц» туркий тиллар учун ёт товуш. Аммо тил тараққиёти натижасида бу товуш иштирокидаги интернационал сўзлар, терминлардан кенг фойдаланаяпмиз. Кўпчилик «ц»ни ҳамма ўринда «s» деб талаффуз этиш ва ёзишни таклиф қилаяпти. Лекин шундай атамалар борки, «s» билан ёзилганда, омоним бўлиб қолади: цанга – sanga, церий – seriy, цоколь – sokol ва ҳоказо. Бу айнан шундай матнларни кўп ёзадиган мутахассислар, абитуриентлар ва талабалар томонидан маъқулланмаяпти.

Тўртинчи ноқулайлик «е», «ё», «ю», «я» каби «йо»лашган унлилар имлоси билан боғлиқ. Шу пайтгача, масалан, қачон «yu» ва қачон «u» ёзилиши бу ҳарфларнинг келган ўрни ва бажарадиган вазифасига боғлиқ деб келинган (Раҳматуллаев Ш. Ўзбек тилининг янги алифбоси ва имлоси. – Тошкент: Университет, 1999). Лекин бу қараш ушбу ҳарф бирикмаларининг имлосини мураккаблаштириб юборди. Натижада ҳатто имло луғатларида ҳам вариативлик кўпайиб­ кетди: sentabr – sentyabr, budjet – byujet, rеjissor – rejissyor.

2-сабаб. Кирилл алифбоси чекланмаган, у ҳамма жойда лотинча билан тенг ишлатилиши мумкин. Демак, ундан воз кечмаса ҳам бўлаверади. Шундай экан, ким бошини қотириб янги алифбони ўрганади, унда ўқиш ва ёзишга ўтади?

Нима қилмоқ керак?

Халқ эртакларини эсланг: бош қаҳрамон олдидан уч йўл чиқади – борса келар, борса хатар ва борса келмас. Биз ҳам айни дамда шундай уч йўл қаршисида қолдик:

— ҳеч нарсани ўзгартирмаслик;

— лотин алифбосини ислоҳ қилиш;

— кириллчага қайтиш.

Ҳеч нарсани ўзгартирмаслик тарафдорлари бир хатони тўғрилайман деб бир неча хатога йўл қўйиш мумкинлигидан огоҳлантирадилар. Кечувда отни алмаштирмайдилар деган гап бор. Ҳозир биз алифбони алмаштирадиган бўлсак, яна қанча ҳужжатлар, китоблар, дарслигу қўлланмалар – хуллас, анча нарсаларни ўзгартиришимиз керак. Бу кўп харажат, меҳнатни талаб қилади, айрим чалкашликларга, ҳатто талафотларга олиб келади. Қолаверса, жаҳон ҳамжамияти олдида бебурд бўлиб қолишимиз ҳам мумкин. Ахир бу алифбо ва имло борасида сўнгги 100 йил ичида қилинган олтинчи ислоҳот бўлади. Бу ҳадикларда жон бор. Лекин ҳозирги аҳволимиз яхшими?

Биз бир ботқоқда ўтирибмиз: бадбўй, хунук бўлса-да, ўзимиз кўниккан, илиққина жой. Фақат ботқоқ барибир ботқоқ-да. Алифбомизда ёзиб бўлмайди, у кириллчанинг ўрнини босолмайди, уни сиқиб чиқара олмайди. Бугун биз қилмасак, эртага авлодлар, хуллас, кимдир барибир аҳволни ўзгартириши керак. Муаммолардан қочиб қутулиб бўлмайди, ягона йўл – уларни ҳал қилиш.

Иккинчи йўл – жорий алифбони ислоҳ қилиш. Бу билан алифбо қулайлашади, ундан фойдаланиш истаги ортади. Хўш, қайси жиҳатларини ислоҳ қилиш керак? Матн билан кўп ишлайдиган одам сифатида бу борада қуйидаги таклифларни киритаман:

— о‘ ва g‘ ҳарфларини бир белги билан ифодалаш;

— sh ва ch учун алифбода ҳарф бирикмаси эмас, ҳарф ажратиш;

— ц товушини «с» ҳарфи билан ифодалаш;

— «йолашган» унлилар (ё, е, ю, я)ни ҳар доим «yo», «ye», «yu», «ya» тарзида қўллаш;

— янги имло қоидалари асосида ягона имло луғати тузиш ва фақат шу луғат асо­сида ишлаш механизмини ишлаб чиқиш.

Ўзбек тили ва адабиёти университети ягона, кўп сўзли имло луғати ҳамда исм­лар, жой номлари луғатини тузиб, нашр­га тавсия этса, республикадаги барча ўқув муассасалари, нашриётлар, таҳририятлар шу луғатлар асосида ишласа, мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Мана шу ислоҳотлар алифбони қулайлаштириши ва оммалаштириши йўлида катта қадам бўлади. Лекин шунинг ўзи билан иш битмайди. Ҳозир болаларга, мактаб ўқувчиларига, абитуриентларга, талабаларга мўлжалланган китоблар, дарслик ва қўлланмалар лотин алифбосида, кенг омма учун китоблар эса кирилл алифбосида чиқарилаяпти. Чунки лотин алифбоси етарлича оммалашмагани, кириллда ўқийдиганлар сони кўплиги сабаб кириллча китобларга талаб юқори, бозор шартларига риоя қилиб ишлайдиган нашриётлар эса китоблари яхши сотилиши учун харидор талабига кўра кириллча китобларни нашр этишади. Агар лотин алифбосида чоп этиладиган китобларга иқтисодий имтиёзлар яратилса ва уларнинг таннархи арзонлашса, кириллча китоблар эса қимматлашса, табиийки, кўпчилик лотин алифбосидаги арзонроқ китобни олади. Натижада бир ўқ билан икки қуён урилади: ноширлар лотин алифбосида китоб чиқаришга рағбатлантирилади, аҳоли ўртасида эса бу алифбони ўрганиш жадаллашади. Бундан ташқари, олдимизга аниқ муддат қўйишимиз керак. Олайлик 3 ё 5 йилдан сўнг кирилл алифбосининг қўлланиш доираси чекланса ва бу доира мунтазам торайтириб борилса, албатта, одамларда лотин алифбосини ўрганишга рағбат пайдо бўлади. Тўғри, бу жиддий ва инқилобий йўл. Лекин лотинлаштиришни муваффақиятли амалга оширган қардош миллатлар тажрибаси бу усул самарали эканини кўрсатиб турибди.

Кириллга қайтсак-чи?

Буни ҳам кўриб чиқиш керак. Назарим­да, бу ҳам нотўғри йўл эмас. Муваффақиятсиз кечаётган лотинлаштириш жараёни­ бу иш аввал бошдан тўғри бўлганмиди деган саволни келтириб чиқариши табиий. ­ Хўш, кирилл алифбосига қайтсак, нима бўлади? Шундай қилсак, биз тарихимизни, улкан илмий ва адабий меросимизни, хусусан, том-том китоблар, архивлардаги газета-журналлар, тарихий ҳужжатларга жо бўлган катта маълумотлар уммонини сақлаб қоламиз. Уларнинг барчасини лотинчага ўтказишнинг имкони йўқ. Яна лотин алифбосини ислоҳ қилиш кетидан рўй бериши мумкин бўлган йўқотишлар, хавфлар ҳам йўққа чиқади. Кириллча тажрибадан ўтган, тилимизга мослашган алифбо. Компьютер ва смартфонларда ҳам ўзбек тили учун мослаштирилган кирилл­ча «раскладка»лар ишлаб чиқилган, яъни замонавий технологиялар кириллча-ўзбекчани «танийди», «ўқийди» ва бу алифбода «ёза олади». Ҳатто интернет сарҳадларида ҳам кириллча-ўзбекча ўз ўрнини эгаллади, аввалги техник муаммолар ўз ечимини топди. Биз компьютер технологияларига яқин бўламиз деб алифбомизни­ лотинчалаштиргунча, технологияларнинг ўзи кириллчамизга яқинлашиб олди. Қолаверса, лотин алифбосини мажбуран сингдиришга уринсак, кўпчилик рус тилида ёзиш ва ўқишга ўтиб кетиши мумкин. Ахир ҳозир фарзандини рус мактабларига бериш урфда-ку. Ана шу акс натижани ҳам назарда тутишимиз керак. Бу – кириллчанинг бизга берадиган имтиёзлари. Фақат бир муаммо юзага келади: шу пайтгача лотинча ўрганиб келган авлод-чи? У энди саводсиз бўлиб қоладими? Асосли ҳадик. Лекин ёшларни ўргатиш катта авлодни ўргатишдан осонроқ экани ҳам бор гап.

Ўзи нимага лотинга ўтгандик? Мустамлакачиларнинг алифбосида ёзишни истамаганимиз учун. Бироқ 90-йилларнинг эҳтироси бугун сўнди-ку. Алифбони сиёсатдан ажратиб, унга бу қадар улкан сиёсий маъно юкламасмиз балки?

Нима бўлганда ҳам, қўшалифболик ҳолатидан чиқиб кетишимиз керак. Бу масала бугун кун тартибида янада долзарб тус олди. Бош вазирнинг виртуал қабулхонаси (ҳозирги Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси)га келиб тушган мурожаат туфайли жараён жадаллашди. Ҳозир аҳвол шундайки, кимдир масъулиятни бўйнига олиши ва масалани бир ёқли қилиши керак.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмаси асосида Ўзбек тили ва адабиёти университети қошида ишчи гуруҳ тузилди. Бу гуруҳ мавжуд аҳволни ўрганиб, лотин алифбосини ислоҳ қилиш бўйича таклифларни тақдим этиши керак.­ Айни кунларда гуруҳ иши жадал давом этмоқда, ижтимоий тармоқларда бу масала­ кенг муҳокамага қўйилган. Лекин бу билан иш битмайди, муҳокамада Ўзбекистоннинг ҳар бир фуқароси иштирок этиши керак. Шу сабабли матбуот, босма нашрлар ҳам масалани кенгроқ ёритиши ва аҳоли фикрини ўрганиш бўйича аниқ ишларни амалга ошириши шарт.

Шаҳноза ТЎРАХЎЖАЕВА,

Адабиётшунос


Бошқа мақолалар