- 2015-03-24
Суриялик ДАИШ (Қозоғистонда тақиқланган террористик ташкилот) террористи Султонаҳмад майдонида германиялик туристларнинг орасига кириб ўзини портлатиб юборди. Портлашда 10 турист ўлди, 15 таси яраланди. Бу нохуш воқеадан кейин Асад ва Эрон билан иттифоқ қуриб, террор ташкилотларини қўллаб-қувватлаётган Россиянинг таҳдидлари беихтиёр ёдга келади.
Куни кеча Истанбулнинг тарихий ва туристик жойи бўлган Султонаҳмад майдонида портлаган жонли бомба хабари дунёга тарқалди. Сурия ватандоши бўлган худкуш бомбани сайёҳлар гуруҳининг орасида портлатиши натижасида 10 турист ҳаётдан кўз юмди, 15 киши жароҳат олди. Худкушнинг ўзи парчаланиб ўлди.
Синчковлик билан ўтказилган суриштурув ишларида худкушнинг 1988 йили Саудия Арабистонида туғилган, Сурия ватандоши бўлган Набил Фадли эканлиги аниқланди. Фадли билан кўпроқ алоқа қилган кимсаларни суриштириш жараёнида Сурия элчихонасидаги битта ходим билан бир неча бор телефонда боғланганлиги аниқланди. Суруж ва Анқарадаги қонли портлашлар ортидан 6 таси аёл бўлган 21 худкушнинг Туркия ҳудудига кириб, турли шаҳарларга тарқалиб кетганлиги маълум бўлган эди. Бош вазир ёрдамчиси Нуъмон Куртулмуш худкушнинг хавфсизлик хизматларининг рўйхатида бўлмаганлиги, Суриядан янги келганлигини айтди.
ДАИШга қарши Анқара, Килис, Шонлиурфа, Мерсин ва Аданада ўтказилган операцияларда 59 гумонланувчи ҳибсга олинди. Аданада қўлга олинган Россия ватандоши Г.Р. исмли аёлнинг Сурияда худкушлик таълимини олгандан кейин Туркияга кириб, теракт амалга ошириш ниятида юргани аниқланди. Адлияга топширилган Г.Р. ҳибсга олинди.
Россия лидери Путиннинг СУ-24 ҳодисасидан сўнг Туркияга қилган таҳдидлари, “қасос олинади” шаклидаги баёноти ушбу терактда “Россиянинг қўли борми?” деган шубҳани уйғотди. Сурияда ДАИШ, PKK ва DHKP-C каби ташкилотларни очиқча қўллаб-қувватлаёган Россия, Босфор бўғозидан ўтаётган кемасида ҳам гранатомётни Султонаҳмад майдонига йўналтириб, ишора қилганди. Райҳонли, Суруж ва Анқара портлашларида ҳам яна юқоридаги террористик ташкилотлардан фойдаланилганди. PKKнинг охирги вақтларда оғир йўқотишларидан кейин туризмнинг юраги бўлган Султонаҳмад майдонининг нишонга олиниши бир қанча саволларни туғдирди.
Уриб туширилган СУ-24 дан кейин Россиянинг биринчи иши, Туркияни катта даромад билан "боқиб" турган туризм соҳасига болта уриш бўлди. Туркияда дам оладиган туристларнинг катта қисмини руслар ташкил қиларди. Москва Туркияга сайёҳ элтувчи туризм ширкатларининг лицензиясини бекор қилиб, чартер рейсларига чек қўйди. Бу билан Туркияни танг аҳволга туширишни кўзлади. Туркия эса, ушбу йўқотишини немис туристлар орқали қоплашнинг дардига тушди. Борганлар яхши биладики, Султон Аҳмад майдонида гавжум бўладиган ўндан ортиқ нуқталар бор. Белига портловчи боғлаган "жонли бомбалар"ни бошқариб ўтирадиганлар, одатда ҳар портлашда кўпроқ жон талофати бўлишини кўзлашади. Худкушнинг шунча гавжум жойларни қўйиб, унча гавжум бўлмаган жойда айнан немис группасини танлаши албатта шубҳа уйғотади.
Султон Аҳмад майдони бир йил ичида иккинчи марта худкуш ҳужумига учрамоқда. 2015 йил 6 январда ҳам Султонаҳмаддаги Туризм полицияси олдидаги навбатчи будкасига худкуш ҳужуми уюштирилганди. Ҳужумда 1 полиция ходими шаҳид бўлганди. Машъум ҳужумни амалга оширган ДАИШ тўдаси аъзоси бўлган худкуш Россия ватандоши Диана Рамазанова ҳам парчаланиб ўлганди.
Бутун дунёдан таъзия ва терактни қоралаш мактублари келаётганда Россия кеч бўлса ҳам қисқа баёнот берди. Россия ташқи ишлари вазирлиги баёнотида халқаро ҳамжамиятдан террор билан курашиш учун ҳамкорлик қилиш кераклиги айтилса да, лекин Россия президенти Владимир Путиндан садо чиқмади.