Whatsapp фойдаланувчиларини шифрлаш ёрдамида ҳимоялайди


  • 6 Апрель, 2016
  • 1216

Хабар жўнатиш дастури “Whatsapp” бутун фойдаланувчиларининг хабарларини ҳимоялаш учун янги шифрлаш тизимига ўтганлигини ва янги татбиқнинг сешанба кунидан бошлаб, ишга тушганлигини эълон қилди.

Янги хавфсизлик тизимида бир фойдаланувчи ёзган хабари юборилганидан кейин шифрланади ва фақат қабул қилувчининг телефонига етганида шифр ечилади. Бу татбиқ сабабли хабарлар учинчи кишилар ва телефонларни таъқиб қилаётганларга кўринмайди.

Дунё миқёсида 1 миллиарддан зиёд фойдаланувчиси бўлган “Whatsapp” шифрлаш тизимининг овозли ва тасвирли хабарлар учун ҳам яроқли эканлигини маълум қилди.

2014 йили Facebook тарафидан 22 миллиард долларга сотиб олинган “Whatsapp”нинг раҳбарияти шахсий мулоқотларнинг ҳимояланиши асосий мақсадлари эканлигини билдирди.

Шифрлаш мавзуси сўнгги бор АҚШда FBI (Федерал қидирув бюроси) ва Apple орасидаги тортишувда кун тартибига келганди.

FBI “террорда гумонланувчи” сифатида тергов қилаётган Сайед Фарукга тегишли Apple телефони ичидаги маълумотларни қўлга киритиш учун Appleдан телефондаги шифрларни олиб ташлашни талаб қилганди.

Apple эса бу ҳолат яна такрорланса бутун iPhone телефонлари учун хавфсизлик заифлиги юзага келишини айтиб, FBIга ёрдам бермаслигини эълон қилганди.

Тарафлар орасидаги тортишув судга оширилганда FBI iPhoneнинг шифрлаш тизимини Appleнинг ёрдамисиз бузганлигини билдириб, очган даъвосини қайтариб олганди. 


Бошқа мақолалар