- 2025-03-04
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Россия ҳудудида ўзбекистонлик ватандошларга нисбатан рухсат этилмаган текширувлар, ҳурматсиз ва қўпол муомала ҳолатлари ҳақидаги хабарлардан жиддий ташвиш билдирганини маълум қилди.
«Биз бундай ҳолатлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларга мутлақо тўғри келмаслигини ва уларнинг олдини олиш учун аниқ чоралар кўриш зарурлигини таъкидладик», — дейилади вазирлик баёнотида.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги таъкидлашича, Республика учун хорижда доимий ёки вақтинча яшаб турган ватандошларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устувор вазифа ҳисобланади.
8 июнь куни Москва шаҳрида ОМОН ходимлари Мудофаа вазирлигига қарашли объект ҳудудида жойлашган меҳнат муҳожирлари яшайдиган ётоқхонада қаттиқ рейд ўтказди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари ватандошларга нисбатан қўпол муносабатда бўлган: эркакларни хоналардан ҳайдаган, секин ҳаракат қилганларга тепки ва калтак билан муносабатда бўлган. Аудиоязувларда муҳожирларга нисбатан ҳақоратлар ва сўкишлар эшитиш мумкин.
Москвадаги Ўзбекистон элчихонаси мазкур масала юзасидан Россия томони билан тегишли дипломатик каналлар орқали мулоқот олиб бормоқда.
«Ўзбекистон томони халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва инсон ҳуқуқларига риоя этилишини, барча ватандошлар учун тенг ва адолатли муносабат таъминланишини талаб қилади», — дейилади вазирлик баёнотида.
«Россия Федерациясининг тегишли идораларини ўзбекистонлик ватандошларга ҳурмат билан муносабатда бўлишга, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситмасликка чақириб қоламиз», — дейилади баёнотда.
Вазирлик маълум қилишича, Москвада юз берган ҳолат юзасидан Ўзбекистон элчихонаси Россия Ташқи ишлар вазирлигига расмий нота йўллаган ва бу ҳолатга шарҳ бериш, шунингдек, куч тузилмалари ходимларининг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо беришни сўраган.
Нотада таъкидланишича, юз берган ҳолат инсон ҳуқуқларининг яққол бузилиши бўлиб, бу мутлақо йўл қўйиб бўлмасдир.
«Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу масалани доимий назоратда ушлаб турибди ва зарурат туғилганда қўшимча чоралар кўришни давом эттиради», — дейилади баёнот якунида.
Аввалроқ Тошкентда Россия элчиси Олег Мальгинов билан учрашув чоғида ҳам Россияда меҳнат муҳожирларига нисбатан қўпол муносабат ва ҳуқуқбузарликлар сони ортиб бораётгани масаласи кўтарилган эди.