Чеченистонга ўзбек масжиди


  • 16 Августь, 2016
  • 1192

Чеченистонда ўзбек архитекторлари тарафидан лойиҳаси чизилган улкан масжид қурилиши якунланмоқда. 2016 йилнинг охирларида Чеченистоннинг Шали туман марказида республика бошчиси Рамзон Қодиров номидаги масжид очилади.

Масжид “Шали Сити” иморатлар комплексига яқин жойда 5 гектар майдонда қурилмоқда. Масжиднинг тўрт тарафида 63 метр баландликда 4 та минора бўлиб, масжид гумбазининг баландлиги 43 метрни ташкил этади.

Чеченистон нашрларининг хабар беришича, Шалидаги масжиднинг безак ва қурилиш жиҳатидан дунёда ўхшаши бўлмайди. Масжиднинг ички ва ташқи тарафи Грециянинг оқ мармари билан безалади. Чироқлар билан ёритиш ишлари Италия ширкатига топширилган. Рамзон Қодиров номидаги масжиднинг лойиҳаси Бухоро ва Самарқанддаги кўҳна масжидлар услубида ўзбек архитекторлари тарафидан чизилган.

2012 йил декабрь ойида бошланган масжид қурилиш ишлари узликсиз, барқарор давом этмоқда.

Қурилиш ширкатининг вакили “Грозный” давлат телерадиокаомпаниясига берган интервьюсида “Каркасни кўтариш ва коммуникация ўтказиш бўйича ишлар якунланди. Ташқи безак учун мармар ва бошқа қурилиш материаллари ҳам тайёр. Бу ишлар яқин орада бошланади. Асосий ва энг қийин ишлар ортда қолди. Қурилишни иложи борича тезроқ якунлашни режалаштирмоқдамиз” деди.

Бухоро услубида қурилаётган масжид орқали Чеченистоннинг тасаввуф маркази бўлган Ўзбекистон билан узилмас алоқалари борлиги таъкидланмоқда.

Бундан ташқари масжиднинг ўзбекча услуби Қодировлар оиласининг Ўзбекистон билан яқин алоқасини ҳам кўрсатади. Чеченистон раҳбарининг отаси Аҳмад Қодиров депортациядан сўнг Бухоро мадрасасида ва Тошкент ислом институти (ҳозирги Имом Бухорий номидаги ислом университети)да таълим олган жуда кам сонли чеченлардан бири эди. 2015 йили Грознийдаги кўчалардан бири ўзбек ислом намояндаси Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (1952−2015) исми билан номланди. У Аҳмад Қодировнинг Ўзбекистондаги таълими вақтида устози бўлган эди. 1989 йилдан 1993 йилгача Қозоғистон ва Ўрта Осиё муфтийси лавозимида ишлаган. Аҳмад Қодировнинг устози Қодировлар оиласи билан яқин дўст бўлиб, Чеченистонга тез-тез келиб турарди.

Рамзон Қодиров номидаги масжид қурилиши вақтидаёқ Шали диний марказга айланди. 2015 йил 5 апрелда Рамзон Қодировнинг 8 йиллик инаугурациясига бағишланган диний маросим ўтказилганди.


Бошқа мақолалар