Папа “Бош кофир” деб кутиб олинди


  • 3 Октябрь, 2016
  • 1082

Католик черковлари бошчиси папа Франциск аҳолисининг кўп қисми проваслав бўлган Грузияга зиёрати вақтида стадионда ўтказилган учрашувда ўриндиқларнинг ярмидан кўпи бўш қолди.

Папа Францискнинг динлар ва мазҳаблараро диалог ҳамда яқинлашиш хабарларига қарамай, 11-асрдан бери давом этаётган католик-проваслав черковлари орасидаги зиддият Грузия зиёратида яққол кўзга ташланди.

Июнь ойида Арманистонга келган папа Франциск зиёратининг иккинчи ярмида Грузия ва Озарбайжонга келди.

Ўтган жума куни Грузия зиёратини бошлаган папа кеча пойтахт Тбилисида Михаил Месхи стадионида маросим ташкиллади. 27 минглик стадионга бир неча минг киши келиши диққатни тортди.

Ватиканнинг маълумотларига кўра, аксар аҳолиси проваслав бўлган Грузияда католиклар 2,5%ни ташкил этади. Грузия проваслав черковининг баъзи вакиллари Ватиканни проваслав аҳолини католикка ўтишга ташвиқ қилаётганликда айбламоқда. Папа Грузия зиёратини бошлаган кундан эътиборан бир гуруҳ проваслав дин одами ва намойишчилар норозиликларини билдириб, Ватиканни “агрессор” шаклида диний ақидаларини ёйишда айбламоқда.

Бир гуруҳ грузинлар “Бош кофир папа, проваслав Грузияга хуш келмадинг!” деган шиорларни кўтариб чиқишди.

Тбилисида интервью берган поп Давид Кливидзе католик черкови йўлбошчисининг проваслав аҳолиси кўпчилик бўлган ўлкада стадионда маросим ўтказишини ярашмайдиган қилиқ деб ҳисоблаб “Сунний бир имомнинг шиа Эронга бориб, бир стадионда аҳолини тўплаб дуо қилдирганини хаёлингизга келтира оласизми? Бундай нарса бўлиши мумкин эмас” деди.

Папа Францискнинг кечаги маросимига Грузия проваслав черкови лидери патриарх Илиянинг қатнашмаслиги аввалдан маълум эди. Лекин бир гуруҳ проваслав диний вакилларнинг иштирок этиши кутилмоқда эди. Лекин патриархнинг интернет сайтида “Черковларимиз орасида догматик фарқлар бўлган муддатда проваславлар уларнинг дуоларида қатнашмайди” дейилди ва маросимда иштирок этиши кутилган дин одамлари ҳам черков қоидаларига тўғри келмаслиги баҳонаси билан қайтирб олинди.

Лекин папа Францискнинг Грузияга зиёратини Ватикан лидерининг бу ўлкагақилган сўнгги зиёрати билан таққосласак, яхшироқ ўтганини кўришимиз мумкин. 1999 йили ўша даврдаги папа Жовани Паоло Iiнинг Грузияга зиёрати вақтида Грузия нашрларида папанинг маросимига боришни “ўлимга тенг гуноҳ” эканлиги борасидаги изоҳлар ўрин олганди.

Папа Грузиядан Озарбайжонга ўтди.

Стадиондаги маросимда иштирок этмаса ҳам патриарх Илия папа Францискни Тбилиси аэропортида кутиб олди ва Озарбайжонга учиб кетаётган папани яна аэропортдан кузатиб қўйди. Патриарх Илия папа Францискга “севгили биродарим” деб хитоб қилди.

Папа Франциск стадионда ўтказган маросимидан кейин проваслав дин одамлари билан ўтказган йиғилишда “дин ёйишга уриниш” айбловига қарши чиқиб, икки мазҳаб орасидаги ўртоқ нуқталарни таъкидлади. Папа нутқида "Экуменизмга (черковлар орасидаги бирлик) қарши катта гуноҳ бор: дин ташвиқоти. Проваславларга қарши асло эътиқодларидан қайтаришга уриниш бўлмаслиги керак. Улар бизнинг биродарларимиздир” деди.


Бошқа мақолалар