- 2023-06-22
Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тўқаев "Қозоғистон Республикаси давлат бошқаруви тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонни имзолади. Ушбу фармонга мувофиқ, Қозоғистон Республикаси Атом энергияси агентлиги ташкил этилди.
Фармон Ақўрда расмий сайтида эълон қилинди.
"Қозоғистон Республикаси Атом энергияси агентлигини (кейинги ўринларда – Агентлик) мустақил давлат органи сифатида ташкил этиш, уни тўғридан-тўғри Қозоғистон Республикаси Президентига бўйсундириш ва ҳисобдор этиш белгиланди. Агентликка Қозоғистон Республикаси Энергетика вазирлигининг қуйидаги ваколат ва функциялари ўтказилади: уран қазиб олиш, атом энергиясидан фойдаланиш, аҳоли радиациявий хавфсизлигини таъминлаш ҳамда Семипалатинск ядро хавфсизлиги зонасини тузиш ва фаолиятини ташкил этиш", – дейилади фармон матнида.
Янги ташкил этилган агентлик Энергетика вазирлигининг мазкур ваколатлар доирасидаги ҳуқуқ ва мажбуриятларининг ҳуқуқий вориси сифатида белгиланди.
Президент маъмуриятига агентлик раиси билан ҳамкорликда:
агентликнинг низоми ва тузилмаси бўйича таклифлар тайёрлаш ҳамда Президентга тақдим этиш;
ҳукумат билан биргаликда агентликка Энергетика вазирлиги ва тегишли идоралар штат бирлигини ўтказиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилди.
Ҳукуматга Энергетика вазирлиги ва унинг тегишли муассасалари штат бирлигини янги агентликка ўтказиш вазифаси топширилди.
Фармон ижросини назорат қилиш Президент маъмуриятига юклатилди.
Бундан аввал, Тўқаев Миллий қуролтойнинг IV йиғилишида янги агентлик ташкил этилишини эълон қилган эди.
Янги агентлик раҳбари этиб собиқ энергетика вазири Алмасадам Сатқалиев тайинланди.