Эрдўғон Қозоғистонга келади


  • 10 Декабрь, 2016
  • 989

Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон 11 декабрда Қозоғистонга икки кунлик расмий сафар билан келади. Ушбу сафар Қозоғистон рпезиденти Нурсултон Назарбоев таклифи билан амалга ошмоқда.

Ташрифи давомида Эрдўғон Назарбоев билан юзма-юз ва кенг доирадаги учрашувлар ўтказади. Президентлар икки давлат муносабатлари, кун тартибида турган долзарб масалалар ҳамда олий даражадаги Қозоғистон-Туркия стратегик шериклик кенгашининг учинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масалаларини муҳокама қилишади. Учинчи йиғилиш 2017 йили Туркияда икки давлат раҳбари иштирокида ўтказилади. 

Бундан олдинроқ, Туркиядаги маҳаллий нашрларда Ражаб Тоййиб Эрдўғон ўз ўлкасининг ШҲТга аъзо бўлиб кириши масаласида Россия президенти Владимир Путин ва Қозоғистон раҳбари Нурсултон Назарбоев билан муҳокама ўтказиши хабар қилинганди. Ушбу маълумотларга кўра, Туркия раҳбари ЕИга аъзо бўлиш - Туркиянинг ягона варианти эмаслиги ҳақида гапирган.

Эрдўғон Ўзбекистон сафаридан қайтганида журналистларга “Brexit тарқалиши мумкин, Францияда, Италияда шундай гаплар юрибди. Бундай шароитда Туркия ўзини хотиржам ҳис қилиши мумкин. Европа Иттифоқига аъзо бўлиш биз учун ягона вариант экани ҳақида гапириш керак эмас. Туркия ШҲТга аъзо бўлиб кириши ҳам мумкин. Мен буни Путин ва Назарбоев билан гаплашдим. Туркиянинг ШҲТдаги иштироки бизга бу минтақа давлатлари билан алоқаларда эркин ҳаракатланиш имконини беради”, деганди.


Бошқа мақолалар