- 2021-12-20
Россия мудофаа вазирлигига тегишли ТУ-154 русумли самолёт кеча Суриядаги ҳарбий базага бориш учун Москвадан парвоз қилганди. Сочида ёқилғи қуйиб олди. Лекин Қора денгиз устида ҳалокатга учраб, қулаб тушди. Ичида армия оркестрининг 64 нафар ходими бўлиб, жами 92 йўловчи бор эди. Ҳамманинг хаёлида “Саботажми?” деган савол эди.
Россия сўнгги ҳафта ичида тўртинчи бор қаттиқ зарба олмоқда. Дастлаб Анқарадаги элчиси Андрей Карлов суиқасдга учради. Қотил ФЕТОчи полиция ходими Мавлуд Алтинташ эди. Ортидан Сибирдаги Россия армиясига оид ҳарбий самолёт ҳалокатга учради. Россия ташқи ишлар вазирлиги ходими Петр Польшиков Москвадаги уйида ўлик ҳолда топилгач, ўлкада шов-шув бошланди. Кеча юз берган ҳалокат эса Россияни 2016 йилнинг сўнгги кунларида довдиратиб қўйди. Россия мудофаа вазирлигига тегишли бўлган ТУ-154 самолётида 64 нафар Россия армиясининг оркестр ходими, 9 журналист, 8 аскар, 1 нафар жамоат ташкилоти вакили ва 2 нафар вазирлик вакили бор эди.
Самолёт Россиянинг Суриядаги Ҳумаймим ҳарбий базасида янги йил концертини бериш учун бораётган хор аъзоларини олиб кетаётганди. Суриянинг Лазкия шаҳрига йўлолган самолёт ёқилғи олиш учун Сочига қўнди. Лекин соат 05.25 да Сочининг Адлер аэропортидан учган самолёт 05.27 да радарлардан йўқолди. Бироз вақт ўтиб, 92 нафар йўловчиси бўлган самолёт Қора денгизга қулаб тушганлиги маълум бўлди. Ҳалокат Сочи соҳилига бир ярим километр узоқликда юз берди. Қутқарув хизмати зудлик билан ҳалокат жойига етиб борди. Россия мудофаа вазирлиги матбуот котиби Игор Конашенков самолётдаги барча йўловчилар ҳалок бўлганлигини маълум қилди. 7 кишининг жасади топилганлигини таъкидлади.
Россия ҳалокатга техник носозлик сабаб бўлганлигини айтмоқда. Мутахассислар самолёт ҳавога кўтарилаётган вақт ҳалокатга учраганлигини маълум қилдилар. Лекин Россия мудофаа вазирлиги самолётни тажрибали ва биринчи синфли учувчи Роман Волков тарафидан бошқарилганини маълум қилгач,саботаж эҳтимоли ортди. Россия президенти Путин ҳалокат юзасидан тергов комиссияси қуришга кўрсатма берди. Россияда 26 декабрь куни мотам эълон қилинди. Ҳалокатнинг қизиқ тафсилоти эса тарихда яширинган эди. Чунки 1991 йил 25 декабрь куни совет иттифоқи раиси Горбачев истеъфога чиқиб, лавозимини тарк этганди. Бу сана расмий манбаларга СССРнинг парчаланган куни сифатида ёзилганди.
Дунёнинг энг катта армия оркестри бўлган Қизил армия оркестри 1928 йили ташкил этилганди. Уруш вақтида аскарларга ва СССР халқига дастак бериш учун концертлар берарди. Қизил армия оркестри турли қисмлардан келган фарқли унвонли зобит ва аскарлар ўрин олган солист, хор мутахассислари, оркестр ва рақс гуруҳларидан ташкил топганди.