АҚШ аэропортида отишма


  • 7 Январь, 2017
  • 912

АҚШнинг Флорида штатидаги Форт-Лодердейл аэропортида қуролли ҳужум содир бўлди. Ҳужумда 5 киши ўлди, 13 киши жароҳат олди.

Воқеа 2-терминалда Астана вақти билан 13.00 ларда юз берди. Ҳозирча Форт-Лодердейл аэропорти вақтинча бекитилган. АҚШ ҳукумати АҚШнинг Форт-Лодердейл шаҳри (Флорида штати) аэропортидаги отишмадан кейин юзага келган саросима оқибатида яна 37 киши жабрланганини маълум қилди.

АҚШ телеканаллари томонидан намойиш қилинаётган лавҳаларда аэропортда отишма юз бергани ҳақидаги хабардан кейин саросима бошланганини кўриш мумкин бўлган. Одамлар аэропортни шоша-пиша тарк этганлар. Баъзи жойларда тиқилинч юзага келган.

ОАВ маълумотларига кўра, аэропортдаги отишмани Ироқдаги операцияларда иштирок этган собиқ ҳарбий Эстебан Сантьяго содир этган.

Associated Press ахборот агентлигининг маълум қилишича, қотил ўтган йилнинг ноябрида Федерал қидирувлар бюроси ходимлари билан суҳбатлашган. Суҳбат чоғида Сантьяго унинг онгини АҚШ ҳукумати назорат қилаётгани ва улар гўёки уни интернетда ИШИД жойлаштирган видеоёзувларни кўришга мажбур қилаётганини айтган. Ҳозир мутахассислар ҳужумдан мақсад нима эканлигини, теракт ёки теракт эмаслигини ўрганишмоқда. 


Бошқа мақолалар