- 2014-03-05
Индонезияда парламентнинг депутатларга катта миқдорда имтиёзлар берилиши ҳақидаги қарори ҳамда полиция машинаси босиб кетган мотоцикл ҳайдовчисининг ўлими ортидан оммавий норозилик намойишлари давом этмоқда. Жамоатчилик босими кучайганидан кейин президент Прабово Субианто митингчиларнинг талабларини бажаришини эълон қилди.
Намойишларга асосий сабаб — парламентнинг ҳар бир депутатга уй-жой учун ойига 50 миллион рупия (тахминан 3 миллион тенге) тўланиши ҳақидаги қарори бўлди. 28 август куни Джакартада митинг тарқатилиши пайтида полициянинг бронемашинаси 43 ёшли курьер Аффан Курниаванни босиб кетиб ҳалок бўлиши эса вазиятни янада кескинлаштирди. Марҳумнинг ҳамкасблари буни “ваҳшийлик” деб баҳолаб, айбдорларни жазолашни талаб қилди.
Шундан сўнг норозилик чиқишлари Джакарта ва бошқа шаҳарларга тарқалди. Пойтахтда намойишчилар парламент ва полиция биносига тош отиб, кўчаларда машиналарни йўқ қилди. Сурабая, Бандунг ва ҳатто Балида ҳам намойишлар бўлиб ўтди, полиция эса уларга қарши кўздан ёш чиқарувчи газ ва сувдан фойдаланди. Макассарда эса парламент биносига одамлар кириб бориши оқибатида ёнғин чиқиб, камида уч киши ҳалок бўлди.
Президент Прабово дастлаб тинчликка чақирди ва ҳалок бўлганнинг оиласига ҳамдардлик билдирди. Кейинчалик маълум бўлишича, бронемашинада бўлган етти полиция хизматчиси хизмат интизомини бузгани учун 20 суткага қамалган ва тергов бошланган.
Босимлар остида президент депутатларга белгиланган имтиёзларни бекор қилиш ва уларнинг хорижий хизмат сафарларига мораторий жорий қилиш ҳақида қарор чиқарди.
— “Халқнинг талабларига жавобан партия раҳбарларидан маълумот олдим, 1 сентябрдан депутатларга нисбатан қатъий чоралар кўрилади”, — деди Прабово Субианто давлат қароргоҳидан берган мурожаатида.
Нотинчлик туфайли президент Хитойга қилмоқчи бўлган расмий ташрифини бекор қилди. Мамлакатда бир қатор мактаб ва банклар ёпилди, ходимлар масофадан ишлашга ўтказилди. Бозорларда эса миллий валюта рупия долларга нисбатан деярли 1 фоизга пасайди, Индонезия фонд индекси эса тартибсизлик авж олган пайтда 2,3 фоизга тушди.