- 2018-04-16
Қозоғистон пойтахти Астана шаҳрининг 20 йиллиги ҳамда “Ҳазрати Султон” тарихий-маданий музейининг 40 йиллиги муносабати билан “Буюк Ипак йўли бўйидаги ўрта аср шаҳарлари” номли халқаро илмий-амалий конференция давом этмоқда.
Конференция очилишида Қозоғистон маданият ва спорт вазири Аристанбек Муҳаммед ўғли билан Туркистон вилояти ҳокими Ж.Туймебаев табрик йўллади.
Сўнгра бир қатор музей соҳасини ривожлантиришга хизмат қилган бошлиқлар ва ходимлар “Ҳазрати Султон” музейининг 40 йиллиги медали билан тақдирланди.
Конференциядан кўзланган мақсад президент Н.А.Назарбоевнинг “Келажакка назар: жамият онггини модернизациялаштириш” мақоласида кўрсатилган тарихий-маданий мерослар билан муқаддас жойлар ҳақида суҳбатлашиш, Буюк Ипак йўли бўйида жойлашган шаҳарларнинг жаҳон маданиятига қўшган ҳиссаси ҳамда қозоқ хонлигининг асрлар давомида руҳоний пойтахти бўлиб келган Туркистоннинг ўрни ва музейчилик соҳасидаги муаммоларни ҳал этишга бағишланган.
Конференцияда “Туркистон атрофида ўрта асрдаги яшаш жойлари, шаҳарлар ва пойтахтлар”, “Буюк Ипак йўли ҳамда ўрта асрлардаги шаҳарларда илм ва маданият”, “Хорижий тадқиқотчилар билан саёҳатчилар асарларида ўрта аср шаҳарлари” номли мавзуларда олимлар фикр алмашишди.
Ушбу тадбирга Туркия, Ўзбекистон, Озарбайжон, Украинадан ва мезбон олимлар ҳамда музейчилик мутахассислари қатнашмоқда.
Юбилей муносабати билан “Туркистон сопол идишлари”, “Заргарлик буюмлар жамланмаси” ва “Ҳазрати Султон” музейининг 40 йиллик тарихидаги архивлар тўпланган “40 йиллик альбом”, бундан ташқари халқ оғзаки ижодидан “100 афсона” китоби ва “Етмиш ҳикмат” китобининг лотин алифбосидаги нусхаси чоп этилди.