Истанбул террорчиси қўлга тушди!


  • 17 Январь, 2017
  • 953

Туркия полицияси томонидан янги йил кечаси Истанбулдаги “Reina” тунги клубида қўпорувчиликда гумонланган шахс қўлга олинди.

Маълумотларга кўра, ўзбекистонлик эканлигини айтилаётган Абдулқодир Машарипов Истанбулнинг Эсанюрт туманида ўтказилган махсус операцияда қўлга олинган. Машарипов қирғизистонлик танишининг уйида яширинган. Унинг координатасини уч кун аввал аниқлаган истанбул полицияси уч кун давомида келиб-кетувчилар билан алоқасини фош қилиш учун пойлаган. “Абу Муҳаммад Хуросоний” лақаби билан танилган Машариповнинг ёнида тўрт ярим ёшли ўғли ҳам бўлган.

Истанбулнинг “Reina” клубида содир этилган терактда 39 киши қурбон бўлган, 69 киши шифохонага ётқизилган эди.

Истанбул ҳокими Васиб Шоҳин берган матбуот анжуманида қуйидагиларни гапирди:

“Бу терактни амалга оширган шахс борасида Истанбул полицияси жуда жиддий ва мураккаб иш олиб борди. Бугун кечаси Эсанюрт туманида ўтказилган махсус операцияда террорист қўлга олинди. Террорист ўзбекистонлик бўлиб, 1983 йили туғилган. Исми Абдулқодир Машарипов. Афғонистонда таълим олган ва 4 тилни яхши ўзлаштирган, пухта етиштирилган террорист. Туркияга 2016 йил январь ойида келганлиги тахмин қилинмоқда.

Операцияда махсус гуруҳлар билан бирга 2 минг полиция ходими иштирок этди. Коня, Хатай ва Измирда разведка хизматлари билан ҳамкорликда 152 тураржойда операция ўтказилиб, 50 киши ҳибсга олинди. 197 минг Ақш доллари билан қўлга тушган террорист айбига иқрор бўлди. Воқеа жойида бармоқ излари топилганди. Террорист билан бир уйда яшаган Қирғизистон ва Ироқлик 2 та эркак, Сомали, Миср ва Сенегаллик 3 та аёл қўлга олинган. Терактнинг ДАИШ томонидан амалга оширилгани аниқ.”


Бошқа мақолалар