- 2013-07-04
Сурияда 1970 йилдан бери куч билан иқтидорда қолган Ассад оиласи 54 йилдан кейин ўлкадан қочиб, ортида вайрона ва харобалар қолдирди. Ёш бола, аёлу қари демай миллионлаб инсонни қийноқ, сургун, бомбардимон ва кимёвий қуроллар билан йўқ қилган Баас режими Шом шаҳрининг остини инсон қассобхонасига айлантирганди. Ассаднинг саройидан 33 км масофада бўлган Седная қамоқхонаси режимнинг рамзига айланганди.
2011 йили ички уруш бошлангач бутун аҳамиятга эга бўлган мухолифлар ҳарбийлар қўриқлайдиган ушбу қамоқхонага келтирилди. Минглаб киши бу ерда қийнаб ўлдирилди. Аёлларга тажовуз қилинди. Оммавий қатллар уюштирилди. Ҳафтада 20-25 кишининг бўйнига сиртмоқ ташланди. Инсониятга қарши жиноят қилган режим икки кун аввал қулаб, асосий жиноятчи Башар Ассад Россияга қочгач, қамоқхонадаги маҳкумлар озод этилди. 100 мингдан ортиқ маҳбус озодликка чиқарилди. Мухолифлар озод қилиш учун борган илк манзиллари Седная қамоқхонаси бўлди.
Йиллар мобайнида оғир шартлар остида тутилган мазлумлар озодликка чиққанлигидан бошлари осмонга етди. Лекин баъзилари учун қуёш нурини кўриш осон бўлмади. Хавфсизлик камераларида кўриниб турган, лекин яширин камераларда бўлгани учун жойларини аниқлашнинг иложи бўлмаган асирларга жуда қийинчилик билан етиб боришди. Ер остида кўрсичқон инидек қазилган қоронғу ва бир одамлик ҳужраларнинг деворлари катта болғалар билан бузилиб, маҳбуслар ташқарига чиқарилди. Бетон деворларни бузиш орқали пастки қаватларга ўтилди.
Қутқарувчилар жойи аниқ бўлмаган маҳкумларга етишиш учун хариталарга қараб бинонинг схемасини ўрганишга ҳаракат қилишди. Ер остидаги зиндон хоналарининг эшиги электрон механизм ёрдамида очилгани учун мухолифлар қамоқхонанинг собиқ ишчиларини эшик кодларини беришга чақирди. Етиб борилган ҳар нуқтада ваҳшийликнинг янги шаклига дуч келинди. Вентиляциянинг пастлиги сабабли баъзи маҳбуслар бўғилишни бошлаган. Озодликка чиққанлар орасида она ва ёш болалар ҳам бор.
Қатл этилган маҳкумларнинг жасадлари пресс ускунасида текисланиб, қон ва бадандан чиққан суюқликлар оқава сув билан ташқарига чиқарилган. Пресланган жасадлар эса қопга солиниб йўқ қилинган. Баъзи асирлар қийноқларга дош бера олмай ақлдан озганлиги аниқланди. Озодликка чиқарилган мазлумлар нима бўлганини тушуна олмай турганида режимнинг қулаганлигини эшитиб, бошлари осмонга етди.
Маҳбус аёллар яна тажовуз этилишдан қўрқиб қутқаришга келганларнинг ташқарига, озодликка чиқинглар деган сўзларига ишонмади. Баъзилар деворга ёпишиб чиқишни истамади. Суриялик бир аёлнинг “Бу қамоққа тушганимда 19 ёшли турмуш қурмаган қиз эдим. Энди ёшим 32 да ва оталарининг кимлигини ҳам билмайдиган фарзандларим бор” деган сўзлари юракларни ларзага солди. Қуёш нури кўрмаган гўдакларни тинчлантириш учун тиббиёт ходимлари турли эртаклар билан уларни овутишди. Болаларнинг дарахт ёки қуш каби нарсаларни билмаслиги, “Булар нима?” деб сўраганлари камераларга қайд этилди. 40 йил аввал қамоққа ташланган бир киши “Бизни Саддам Ҳусайн қутқардими?” дея сўради.
Қатлига бир неча дақиқа қолганида Баас режимининг қулаши билан озодликка чиққан бир асир “Ярим соат аввал қатл этилишимиз керак эди. Жами 54 киши” деган сўзлари ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди.