2017 йилги "Оскар" маросими


  • 27 Февраль, 2017
  • 972

Америка киноакадемияси мукофотларини топшириш бўйича 89-маросими Калифорния штати Лос-Анжелес шаҳрида бўлиб ўтди.

3,3 минг кишига мўлжалланган Dolby театрида ўтказилган маросимни 49 ёшли таниқли қизиқчи Жимми Киммел олиб борди.

Мукофотлар 24 та номинация бўйича топширилди. Америкалик кинорежиссёр Дэмьен Шазеллнинг «Ла-Ла Ленд» фильми фаворит ҳисобланиб, бу фильм 14 та йўналиш бўйича «Оскар»га даъвогарлик қилганди. Шунингдек, «Оскар» ҳайкалчаларига Дени Вильнёвнинг «Етиб келиш» ва Барри Женкинснинг «Ой шуъласи» фильмлари саккизтадан йўналишда, Мел Гибсоннинг «Виждон амри билан», Гарт Дэвиснинг «Шер» ва Кеннет Лонерганнинг «Манчестер» фильмлари олтитадан йўналишда даъвогарлик қилди.

Лекин якунда «Ла-Ла Ленд» кутилганидек йилнинг энг яхши фильми бўла олмасдан, бу мақомни «Ой шуъласи»га бой берди. Шунга қарамасдан, бу фильм 6та мукофот қўлга киритди ва 2017 йилги тақдимотда энг кўп мукофотга эга чиққан фильм бўлди. Жумладан, Дэмьен Шазелл энг яхши режиссёр, Эмма Стоун эса энг яхши актриса, фильмда янграган «City of Stars» қўшиғи энг яхши қўшиқ деб тан олинди. Шазелл 32 ёшда ва у киноакадемия тарихида «Оскар»ни қўлга киритган энг ёш режиссёр бўлди.

Кутилганидек, эронлик режиссёр Асқар Фарҳодийнинг «Коммивояжер» фильми чет тилидаги энг яхши фильм сифатида тақдирланди, аммо режиссёр Трампнинг фармони туфайли АҚШга киритилмаганди.

Энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм — «Оқ дубулғалар» бўлди. Унинг оператори, суриялик Холид Хатиби ҳам Трамп фармони туфайли тақдимотга кела олмади

Энг яхши ҳужжатли фильм сифатида «Оскар»га лойиқ кўрилган «О. Жей: Америкада тайёрланган» фильми мукофотга номзод бўлган ва ғолиб чиққан энг узоқ вақт давом этувчи фильм бўлди - 7 соату 47 дақиқа.

Овоз оператори Кевин О’Коннелл энг яхши овоз монтажи йўналишида«Виждон амри билан» фильми учун «Оскар» олди. Қайд этиш керакки, у бугунгача 20 марта мукофот учун номзод бўлганди ва ниҳоят мақсадига эришди. Мел Гибсоннинг бу фильми энг яхши монтаж номинацияси бўйича ҳам мукофотни қўлга киритди.

Ғолибларнинг тўлиқ рўйхати:

Энг яхши режиссёр — Дэмьен Шазелл («Ла-Ла Ленд»);

Энг яхши актриса — Эмма Стоун («Ла-Ла Ленд»);

Энг яхши қўшиқ — Эмма Стоун ва Райан Гослинг, «City of Stars»;

Энг яхши оригинал саундтрек — Жастин Гурвиц («Ла-Ла Ленд);

Энг яхши операторлик иши — Линус Сандгрен («Ла-Ла Ленд»);

Энг яхши постановкачи рассом иши — «Ла-Ла Ленд».

Энг яхши фильм — «Ой шуъласи»

Энг яхши иккинчи даражали актёр — Махершала Али («Ой шуъласи»)

Энг яхши адаптация қилинган сценарий — «Ой шуъласи»

Энг яхши актёр — Кейси Аффлек («Денгиз бўйидаги Манчестер»)

Энг яхши оригинал сценарий — «Денгиз бўйидаги Манчестер»

Энг яхши монтаж — «Виждон амри билан»

Энг яхши овоз монтажи — «Виждон амри билан»

Энг яхши иккинчи даражали актриса — Виола Дэвис («Тўсиқлар»)

Энг яхши анимацион фильм — «Жониворлар шаҳри»

Энг яхши ҳужжатли фильм — «О.Жей: Америкада тайёрланган»

Энг яхши либослар — «Фантастик махлуқлар ва улар яшайдиган жой»

Энг яхши грим — «Худкушлар отряди»

Энг яхши овоз — «Етиб келиш»

Энг яхши визуал эффектлар — «Чангалзор китоби»

Энг яхши қисқа метражли анимацион фильм — «Қум қуши»

Энг яхши қисқа метражли фильм — «Куйла»

Чет тилидаги энг яхши фильм — «Коммивояжер»

Энг яхши қисқа метражли ҳужжатли фильм — «Оқ дубулғалар»

kun.uz дан олинди. 


Бошқа мақолалар